Ўзбекистон | 08:33 / 17.08.2018
16125
2 дақиқада ўқилади

Ички бозорни сифатли гўшт билан таъминлаш борасидаги қатор тизимли муаммолар маълум қилинди

Фото: Flickr

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида президентнинг “Республикада селекция-наслчилик ишларини олиб бориш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар чорвачиликнинг барча тармоқларида селекция-наслчилик ишлари ва аҳоли хонадонларидаги сигирларни сунъий уруғлантириш, ички истеъмол бозорини узлуксиз равишда сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш ва унинг нархини барқарорлигини таъминлаш борасида қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатган. 

Улар қаторида:

биринчидан, чорвачиликда селекция-наслчилик ва аҳоли хонадонларидаги сигирларни сунъий уруғлантириш ишларини мувофиқлаштирувчи ягона тизим яратилмаган;

иккинчидан, жойларда сунъий уруғлантириш билан шуғулланувчи мутахассислар қўнимсизлиги, сунъий уруғлантириш шахобчалари бино, дьюар идишлари ва бошқа зарур воситалар билан етарли даражада таъминланмаганлиги натижасида бу борадаги ишларнинг натижадорлиги паст даражада қолган;

учинчидан, сигирларни сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари, аҳолининг ўз қарамоғидаги сигирларни сунъий уруғлантириш, қўй ва эчкиларнинг зотини яхшилаш ҳисобига уларнинг маҳсулдорлигини оширишга бўлган қизиқиши ва тушунчаси орттириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари етарлича олиб борилмаган;

тўртинчидан, чорвачиликнинг барча тармоқларида наслчилик селекция ишларини яхшилаш бўйича қабул қилинган дастурларнинг бажарилиши устидан тизимли назорат ўрнатилмаган;

бешинчидан, соҳада давлат ва хусусий ҳамкорлик масалалари талаб даражада йўлга қўйилмаганлиги сунъий уруғлантириш субъектларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш даражасининг пастлигига сабаб бўлмоқда;

олтинчидан, бугунги кунда амалдаги тизим фақат қорамолларни суньий уруғлантириш билан чекланиб, соҳанинг қўйчилик, эчкичилик, йилқичилик, қуёнчилик ва бошқа тармоқларида наслчилик ишлари деярли олиб борилмаган;

еттинчидан, республикада йирик ва майда шохли молларни бўрдоқига боқишга ихтисослашган хўжаликлар ва йирик комплекслар сони мавжуд эҳтиёжини тўлиқ қопламайди.

Мавзуга оид