20:46 / 07.11.2018
4859

ОАВ: Риболовлев билан бирга Монако суд тизимининг собиқ мансабдорлари ҳам ҳибсга олинган

Россиялик бизнесмен Риболовлев билан бирга Монако суд тизимининг собиқ мансабдорлари ҳам ҳибсга олинган, деб хабар берди Monaco-Matin газетаси сайти.

"Биздаги маълумотларга кўра, операция кенг миқёсга эга. Князлик суд тизимининг собиқ вакиллари, энг юқори мансабдорларигача ҳибсга олинган", деб ёзади газета. Нашрнинг билдиришича, улар Монако ва Ниццада ҳибсда сақланмоқда.

Monaco-Matin газетаси шунингдек, Риболовлев князлик суд полицияси биносида сақланаётганини хабар қилди.

Аввалроқ Le Monde нашри россиялик миллиардер ва “Монако” футбол клуби эгаси Дмитрий Риболовлев коррупция билан боғлиқ иш доирасида тергов қилиш учун ҳибсга олинганини хабар қилганди.  Унинг Монте-Карлодаги уйида тинтув ўтказилган.

Нашр маълумотларига кўра, бизнесмен Чемпионлар лигасининг “Монако” ва “Брюгге” ўйини олдидан ҳибсга олинган. 

nrc.nl голланд нашри Football Leaks платформасидаги маълумотларга иқтибос келтирган ҳолда AIM  голланд компанияси раҳбари Бернард де Роос Риболовлев билан клубга fair play қоидаларини четлаган ҳолда пул сармоя қилишда ёрдам берувчи келишувни тузганини маълум қилган. 

Шартнома 2014 йилда тузилган. Де Роос “Монако”га 10 йил давомида 1,4 млрд евро келтиришга, яъни даромадни 10 баробар кўпайтиришга ваъда берган. 

Риболовлев француз клубининг назорат пакетини 2011 йилда сотиб олган. Икки ярим йил ичида у клубга 325 млн евро сармоя қилган. nrc.nl’нинг ёзишича, УЕФА олдин ҳам клубнинг молиялаштирилиши манбаларини шубҳали деб ҳисоблаган.

Бизнесмен Forbes нашрига кўра, россиялик миллиардерлар рўйхатида 18-ўринни эгаллаган. Унинг бойлиги 6,8 млрд доллар деб баҳоланади.

Top