16:40 / 11.11.2018
9577

Ўзбекистондаги аёллар ташкилотлари ҳақида нималарни биласиз?

Фото: Norma

Аёллар масалалари билан шуғулланишни танлаган жамоат институтлари ҳамда аёллар томонидан ташкил этилаётган ва бошқарилаётган ташкилотларни аёллар ташкилотлари дейиш мумкин. Шунингдек, Ўзбекистонда бундай ташкилотларни аёллар, болалар ва оилалар ҳимояси ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратилган фаолият олиб борувчи ташкилотлар сифатида тушунилади. “Аёллар ҳаракати” тушунчаси эса аёллар, аёллар гуруҳлари ва ташкилотларининг турли қатламдаги аёллар манфаатларини илгари сурувчи ва гендер муносабатларга оид тизимни такомиллаштиришга йўналтирилган ижтимоий, маданий ва сиёсий фаолиятини ўзида мужассам этади. KUN.UZ мухбири Хотин-қизлар қўмитасининг Ўзбекистонда аёллар ташкилотлари фаолиятига доир тақдим этган маълумотларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Аёллар ва оила масалаларига ихтисослашган ННТлар

Ўзбекистонда 500 дан ортиқ аёллар нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) фаолият юритади. Уларнинг энг йириклари қуйидагилар:

  • 214 ҳудудий бўлинмасига эга Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси: 14 та – вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри миқёсида ва 200 та – туман ва шаҳар миқёсида;
  • 57 ҳудудий бўлинмасига эга “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон Ишбилармон аёллар уюшмаси;
  • 1 республика ва 3 ҳудудий бўлинмасига эга Ўзбекистон хотин-қизларининг “Олима” уюшмаси.

Мамлакатнинг 8 ҳудудида Хотин-қизлар қўмитаси билан ташкил этилган Аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказлари фаолият юритади.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 300 дан зиёд ННТ аёллар, ёшлар ва болаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ишларни олиб боради.

Фаолият, йўналишлар ва мақсадли гуруҳлар

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси таҳлилларига кўра, сўнгги вақтларда аёллар ННТлари қуйидаги асосий йўналишларда фаолият юритади:

  • Аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш – 54 фоиз;
  • Аёллар ва аҳолининг ҳуқуқий билими ва маданиятини ошириш – 49 фоиз;
  • Аёллар ва уларнинг оилалари саломатлиги, ногиронлиги бўлган кишилар, спортни ривожлантириш – 44 фоиз;
  • Фан ва таълим – 14 фоиз;
  • Атроф-муҳит муҳофазаси.

Мақсадли гуруҳлар ҳақида гап кетганда, аёллар ННТлари деярли барча ижтимоий қатламлар билан ишлайди. Энг асосий мақсадли гуруҳ вакили – она, унинг оиласи ва тадбиркор аёл. Шунингдек, ногиронлиги бўлган аёллар, оиласида шундай кишилар бўлган аёллар, одам савдоси қурбонлари каби алоҳида гуруҳлар ҳам мавжуд.

Бугунга келиб Ўзбекистонда 165 мингдан ортиқ аёл тадбиркорлик билан шуғулланади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари  умумий сонининг 34 фоизини аёллар ташкил этади. Фермер хўжаликларининг атиги 7 фоизида (5066) аёллар раҳбар саналади.

Молиявий қўллаб-қувватлаш

Ўзбекистонда аёллар ННТлари фаолиятини молиялаштиришнинг асосий қисми Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан амалга оширилади.

Аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий лойиҳалар Фонд томонидан молиялаштирилади. Охирги икки йил давомида Фонд томонидан аёллар масалаларига йўналтирилган 40 га яқин лойиҳа молиялаштирилган.

Шунингдек, қатор ННТлар Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро жамғармалардан грант ёрдамларини олади.

Ижтимоий шерикчилик

Ижтимоий шериклик институти жамият ва давлат ўртасида мулоқот муҳитини яратиш орқали давлат ва нотижорат ташкилотларнинг ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, жумладан, аёллар ННТлари томонидан жамиятдаги муаммоларни ечиш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида хизмат қилади.

Аёллар ННТлари ва давлат органлари ижтимоий шерикчилигининг қуйидаги йўналишларини ажратиш мумкин:

  • Аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш;
  • Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш;
  • Аёллар бандлигини таъминлаш;
  • Аёллар ўртасида кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерликни ривожлантириш;
  • Аҳоли саломатлиги ва табиатни муҳофаза қилиш;
  • Ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш;
  • Она ва бола муҳофазаси;
  • Барча жабҳаларда аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш;
  • Аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва бошқа масалалар.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўз фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаши, ижтимоий шериклик доирасида фаолиятни амалга ошириш чоғида аёллар, болалар, оилаларнинг манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олиши лозим бўлади.

Қўмита ва ННТлар олдидаги вазифалар

Ўзбекистонда хотин-қизлар қўмитаси ва аёллар ННТлари олдида қуйидаги вазифалар турибди:

  • БМТнинг “Хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мутаносиб равишда аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Аёлларни иш жойи ва оилада ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ҳуқуқ-тарғибот идоралари, ижтимоий ва тиббий хизмат вакиллари кўникмаларини оширишга қаратилган комплекс тизимини ташкил қилиш;
  • 2017-2021 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларида аёллар фаоллигини оширишга йўналтирилган бўлимлар ижросини таъминлаш;
  • Аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини фаоллаштириш;
  • Аёллар, айниқса, ёш қизларнинг иқтидорини юзага чиқарувчи қўшимча имкониятлар яратиш;
  • Аёллар бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш.
Top