Ўзбекистон | 22:39 / 12.12.2018
9584
3 дақиқада ўқилади

​Хориж ва маҳаллий инвесторлар учун махсус информацион портал ишга тушди

Тараққиёт стратегияси марказида бўлиб ўтган Инвестиция бўйича Давлат қўмитаси вакиллари ҳамда журналистлар иштирокидаги брифингда инвесторлар ва инвестиция қидираётганлар учун 8 тилда (ўзбек, рус, инглиз, немис, француз, турк, корейс, хитой) фаолият олиб борувчи янги invest.gov.uz информацион портал ишга тушганлиги тўғрисида маълумот берилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Инвестиция қўмитаси қошидаги  «Ижтимоий ҳаёт, туризм, хизматлар ва фармацевтик саноатни комплекс ривожлантириш департаменти»​ директори ўринбосари Дилфуза Самандарова портал ҳақида батафсил тўхталди:

 «Ушбу информацион порталда инвесторлар Республиканинг ҳар бир вилояти, туманининг демографик ҳолати, ҳудудларнинг экспорт ва импорт салоҳияти,инфраструктура, коммунал тўловлар ва бошқа муҳим маълумотларга эга бўлишлари мумкин. У ердан Ўзбекистон инвестицион муҳитини бошқа давлатлар билан солиштириш имконияти мавжуд. 

Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, порталда инвесторлар ўз муаммолари бўйича онлайн мурожаат қилишлари, 1047 рақамига қўнғироқ қилиб ўз мурожаатларини баён этишлари, виза олиш бўйича ҳам сўровни ушбу онлайн майдончадан йўллашлари мумкин. . Шунингдек, инвесторлар ўзлари қизиқтирган саволларга жавоб олиш учун Инвестиция Давлат қўмитаси масъул вакилларига онлайн хабар жўнатишлари мумкин»​, - дейди у.

Брифингда хорижий сармоядорларни қизиқтирган тармоқлар маълум қилинди. Унга кўра, сармоядорлар тўқимачилик, озиқ-овқат соҳаларига кўпроқ пул тикишмоқда. Қишлоқ хўжалиги улар орасида етакчи ўринда турибди.​

Давлат раҳбари 2019 йил 1 январга қадар муддатда инвестиция киритиш учун энг қулай шароитлар яратишга қаратилган, инвестиция фаолияти соҳасидаги унификация қилинган қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ва киритиш вазифасини топширганди. 

Шунга монанд, Ўзбекистонда «Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида жойлаштирилган, жамоатчилик муҳокамаси 21 декабргача давом этади.

Айни вақтда шу соҳага оид 8 та Қонун ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, Президент фармонлари мавжуд. Муҳокамага қўйилган янги қонунда юқоридаги ҳужжатларнинг энг муҳим қисмлари киритилиб, яхлит қилиб тўпланади ва ягона қонунчилик базаси шакллантирилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид