12:22 / 14.12.2018
8220

Красноярск ўлкасида Иркутск - Ўзбекистон йўналишида йўлга чиққан носоз автобус тўхтатиб қолинди

Фото: гибдд.рф/r/70

Иркутск - Ўзбекистон йўналиши бўйлаб ҳаракатланган «Мерседес» автобуси Россия Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси ходимлари томонидан шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро ташувлар хавфсизлиги бўйича профилактик тадбирлар доирасида тўхтатилди.

Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, автобусда 36 йўловчи бўлган - Ўзбекистон фуқаролари. Текширув натижасида аниқланишича, транспорт воситаси ҳаракатланиш учун хавфли бўлган, бошқарув ва тормоз тизимидаги носозликлар билан йўлга чиққан. Автобус махсус тураргоҳга олиб кетилди.

Йўловчиларнинг ҳужжатларини текширишда миграция қонунчилиги бузилишига доир 10та ҳолат аниқланди. Ҳар бир қоидабузарга икки минг рубль миқдорида жарима солинди. Улар Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда Ўзбекистоннинг 17 фуқароси ўлимига сабабчи бўлганлар суд олдида жавоб бериши хабар қилинганди.

Россиянинг Владимир области Покров станциясида поезд ғилдираклари остида қолган ўзбекистонликларнинг ўлимига сабабчи бўлганлар суд олдида жавоб беради. Петушинский туман суди Ўзбекистоннинг 17 фуқароси ўлими бўйича икки нафар хорижликка нисбатан жиноий ишни кўриб чиқади.

 

Top