Ўзбекистон | 22:26 / 04.01.2019
5683
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Аэронавтика федерацияси фаолиятига икки йил тўлади

Ўзбекистонда спортнинг экстремал турлари тобора оммалашмоқда. 6 январь куни ташкил топганига икки йил тўлувчи Ўзбекистон Аэронавтика федерацияси охирги икки йилда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси қўллаб-қувватлаши остида қатор ишларни амалга оширди, дея хабар беради Kun.uz мухбири.

Фото: Камиль Еникеев

Федерация раиси Тоҳир Солиев берган маълумотларга кўра, сўнгги икки йил давомида 325 марта аэростатлар (ҳаво шарлари) парвози амалга оширилган. Уларда 2130 дан ортиқ киши иштирок этган, булардан 500 нафарга яқини – болалар, 200 нафар болалар уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар фарзандлари, имконияти чекланган болалар ҳам шулар жумласидандир. Ушбу парвозлар Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида амалга оширилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг тарихий обидалари узра 17 эркин парвоз қайд этилган. Аэронавтика Федерацияси вакиллари 30 дан ортиқ йирик халқаро ва Республика тадбирларида иштирок этишган.

Ўзбекистоннинг 250 мингдан зиёд фуқароси илк марта миллий лого туширилган ҳаво шари парвозининг гувоҳи бўлди.

Шу билан бирга, Аэронавтика Федерацияси томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:

·      Уч халқаро фестивалда иштирок этилди. Ушбу фестиваллар 2018 йилнинг 5-10 сентябрь кунлари Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ва икки марта Душанбе (Тожикистон)да бўлиб ўтди;

·      Шаҳрисабз (Қашқадарё вилояти)даги I Халқаро Мақом санъати фестивалида қатнашилди;

·      Мўйноқ шаҳрида ўтказилган “Стихия” I электрон мусиқа фестивалида иштирок этилди;

·      Аэростатларда парвоз учун 4 учувчи тайёрланди;

·      Жисмоний жиҳатдан имконияти чекланган кишилар томонидан тайёрланган товарлар намойиш этилган I Хайрия ярмаркасида қатнашилди;

·      Швейцариялик ҳамкорлар (Питер Блазер ва унинг жамоаси) билан биргаликда биринчи марта “Буюк Ипак йўли бўйлаб I ҳаво шари экспедицияси” ўтказилди. Экспедиция якунларига кўра, видеоролик тайёрланди ва 2019 йил учун Ўзбекистон бўйлаб саёҳат тақвими тузилди;

·      Хива шаҳрида Хоразм вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар, ота-онасиз болалар учун бепул парвозлар ташкил этилди;

·      Бухоро шаҳрида Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда имконияти чекланган болалар учун бепул парвозлар ташкил этилди, Бухоро куни фестивалида иштирок этилди.

Бундан ташқари, ҳаво шарлари парвози вақтида 17 марта турмушга чиқиш таклифи билдирилган. Аэростатлар 4 тўй тантанасида иштирок этган.

Мавзуга оид