14:37 / 16.01.2019
24324

Ўзбекистонда яна бир дилерлик маркази раҳбари йўл қўйган камчиликлари учун вазифасидан озод этилди

Иллюстратив фото

GM Uzbekistan томонидан дилерлик корхоналарининг фаолиятини текшириш давомида “Ўзавтосаноатсервис” МЧЖга қарашли “AS-Jizzaxservis” шўъба корхонасида тизимли равишда хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги намоён бўлди. Бу ҳақда GM Uzbekistan’нинг Facebook’даги саҳифасида хабар берилган.

Мазкур автосалон фаолияти юзасидан юридик ва жисмоний шахслардан бир қатор мурожаатлар келиб тушганлиги, мурожаатлар автосалоннинг мижозларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш ҳамда коррупцион ҳаракатлар билан боғлиқлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, автосалонда сотув жараёнлари шаффофлигини таъминлайдиган ва автомобиль сотиб олаётган мижозларга қулай шароит яратувчи тизимли ишлар ташкил қилинмаган. Мижозлар билан мулоқотда автосалон ходимларининг малакаси белгиланган тартибга мос келмаган.

Автосалонда ахборотлар доимий равишда янгиланмагани, корхонада Колл-марказ фаолиятининг тегишлича ташкил этилмаганлиги харидорларга автомобил хариди жараёнида бир қатор ноқулайликлар туғдирган, дейилади хабарда.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар натижасида “AS-Jizzaxservis” шўъба корхонаси раҳбари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Мавжуд камчилик ва хатоларни бартараф этиш янги раҳбар зиммасига юкланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ GM Uzbekistan яна бир автосалонда тизимли равишда камчиликларга йўл қўйилганини аниқлаганди.

Top