Ўзбекистон | 16:53 / 02.04.2019
13350
4 дақиқада ўқилади

Эксперт Пракаш Кежривал АҚШ ўзбек пахтасига тақиқловни бекор қилиши бўйича изоҳ берди

Фото: "Ўзтўқимачиликсаноат"

2019 йилнинг 25 март куни АҚШ Меҳнат департаменти Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасига нисбатан қўйилган тақиқловни бекор қилишга доир якуний қарорни қабул қилди, бу АҚШда мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган давлат буюртмалари харидини тақиқловчи президентлик актидир. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта 2010 йилда ушбу рўйхатга қўшилган.

Тақиқловнинг бекор қилиниши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасида олиб борилаётган ишларни яхшилаш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар натижасидир. Шу билан бирга, илгари киритилган барча чекловларнинг олиб ташланиши АҚШнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этганидан далолат беради, дейилади "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси матбуот хизматида.

“Indorama Industries” компаниясининг ижрочи директори Пракаш Кежривал мазкур вазият юзасидан изоҳ берди: “АҚШ ҳукумати ўзбек пахтасини мажбурий ва болалар меҳнати билан ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Бу Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда мажбурий меҳнатни йўқ қилиш муаммоларини ҳал қилиш учун улкан ишларни амалга ошираётгани маҳсулидир. Мамлакат 2010 йилда "қора рўйхат"га олинди. Тақиқловнинг олиб ташланиши эса сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан қабул қилинган чора-тадбирларнинг тўғри ва самарали эканини кўрсатади".

Эспертнинг сўзларига кўра, энди Ўзбекистонда етиштирилган пахта толасидан тайёрланган маҳсулотлар АҚШ бозорига кириши мумкин. Бундан ташқари, жаҳоннинг йирик ва номдор брендлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахта толасидан фойдаланиб, нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам маҳсулот етказиб бериш имконига эга. Шунингдек, бу брендларнинг ўз маҳсулоти билан Ўзбекистон бозорига кириши учун имкон яратилади.

"Умид қиламизки, бутун дунёдаги истеъмолчилар кундалик ҳаётларида "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" бренди остидаги маҳсулотларни кўпроқ ишлатишади ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар учун миннатдорчилик билдиришади ва бу мақсадга эришиш учун ушбу мамлакат халқига ёрдам беради. “Indorama Industries” турли манфаатдор ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, ушбу мураккаб "саёҳат"нинг бир қисми бўлганидан фахрланади”, - дейди компания ижрочи директори Пракаш Кежривал.

Маълумот учун: "Indorama Corporation" 1976 йилда ташкил етилган ва Жанубий-Шарқий Осиёдаги энг йирик ип ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Компаниянинг тўқимачилик ишлаб чиқариш корхоналари Индонезия, Таиланд, Туркия ва Шри-Ланкада жойлашган бўлиб, умумий калава ишлаб чиқариш йилига 135 минг тоннани ташкил қилади (шундан 26 фоизи Ўзбекистонда).

"Indorama" Қўқон қурилиш тугалланмаган тўқимачилик мажмуаси негизида "Индорама Қўқон текстил" Ўзбекистон-Сингапур қўшма корхонасини яратди. 2010 йилда корхона Ўзбекистонда энг сўнгги технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий тўқимачилик корхонасини ишга туширди. Компаниянинг Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантиришга йўналтирилган инвеститциялари умумий қиймати 160 миллион доллардан ошади.

2018 йилда компания Ўзбекистонда пахта-тўқимачлик кластери лойиҳасини бошлади. Лойиҳанинг қиймати 340 миллион долларни ташкил этади. Кластер Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларини қамраб олади. Жараённи тўлиқ механизациялаш ва автоматлаштириш учун компания АҚШнинг John Deere компаниясидан 50 та қишлоқ хўжалик техникасини харид қилди.

Мавзуга оид