17:10 / 24.04.2019
19690

Порталга доимий прописка режимини бекор қилиш ҳақидаги петиция жойлаштирилди. У ҳозирча овозга қўйилмаяпти

Ҳуқуқшунос Хушнуд Худайбердиев «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка режимини бекор қилиш тўғрисидаги мурожаат жойлаштирди.

У ўзининг телеграмдаги каналида ушбу петицияни эълон қилишдан мақсадига изоҳ берган.

«Кўп ишлар аслида кутилмаганда, тасодифан рўй беради. Масалан, бугун «Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталига масъуллардан бири портални кўпроқ тарғиб қилсак жамият учун фойдали бўлиши, ҳуқуқий инструментлар орқали кўзланган мақсадларга эришиш мумкинлигини айтиб қолди.
 
Шундан сўнг, портал қандай ишлашини текшириш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка режимини бекор қилиш тўғрисида жамоавий мурожаат жойладим.

5 киши қўллаб-қувватлади, ҳозир экспертиза жараёнида, ҳали овозга қўйилмади. Ўша мурожаатга қолдирилган изоҳда айтилишича, бу каби петициялар модератор томонидан илгари рад қилинган экан.
 
Қизиқ, қайси асос билан? Агар шунақа петицияларни ўтказишмаса, унда бу порталнинг нима кераги бор? Амалда текинга тонировка қилишга рухсат сўраб, натижада 16 млн сўм ҳақ эвазига рухсат олишга эришиш учунми?
 
Кўрамиз, нима бўларкин. Менимча, рад қилишмаса керак», дея ишонч билдирган блогер-ҳуқуқшунос.

Top