22:25 / 31.07.2019
19357

«Фан монополияга айланиб қолгани унинг тормозланишига олиб келмоқда». Мутахассис билан суҳбат

Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан, таълим, инновацион тадқиқотлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тадқиқотчилар билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов бўлди. Б.Расулов ҳозирда ЎзРФА генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири сифатида фаолият юритади.

Суҳбатда бугунги илм-фан муаммолари, тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитлар жаҳон тажрибаси билан таҳлил қилинган ва таклифлар билдирилган. Шунингдек, микроорганизмлар биотехнологиясида амалга оширилаётган ишлар, минерал ўғитдан афзаллиги исботланган биоўғитлар, нанобиотехнологик тадқиқотлар ҳақида билиб олишингиз мумкин.

— Сиз фаолият юритаётган илмий муассаса қачон ташкил этилган ва бугун бу ерда олиб борилаётган илмий ишланмалар нимага йўналтирилади?

— Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти 1992 йилда собиқ Ўрта Осиё фитопатология институти асосида ташкил этилган. Фанлар Академиясининг йирик институтларидан бири ҳисобланади. Институтда селекция, генетика, ўсимликлар физиологияси ва биохимияси, микробиология соҳалари бўйича илмий изланишлар олиб борилади. Бу илмий изланишларнинг асосий натижалари, фан йўналишларининг номидан маълумки, асосан, қишлоқ хўжалигига татбиқ қилинади. Бевосита ўз тадқиқот соҳам ҳақида гапирадиган бўлсам, лабораториямиз микроорганизмлар биотехнологияси деб номланади. Қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда аҳамиятга эга бўлган микроорганизмлар, жумладан бактерияларни ва уларнинг маҳсулотларини (иккиламчи метаболитлари – полисахаридлар, оқсиллар, полипептидлар, антибиотик табиатли моддалар) ўрганадиган лаборатория ҳисобланади. Ўтган ўн йил давомида бир неча миллий ва халқаро лойиҳалар бажарилган. Масалан, минерал ўғитлар ўрнини босувчи биологик ўғитлар, биопрепаратлар, айрим органик бирикмалар – биополимерлар ўрганилиб амалиётга татбиқ этилган. Асосий илмий ҳамкорларимиз Хитой Халқ Республикаси Фанлар академиясининг физика-химия институти ва экология-география институти ва бошқа муассасалар ҳисобланади.

— Илмий тадқиқотлар, унга яратилган шароитлар, лабораториялар ҳолати қай даражада қониқарли тадқиқотчи учун?

— Афсуски, ҳозирда Ўзбекистон илм-фани учун хос бўлган муаммо бизнинг институтни ҳам четлаб ўтмаган. Ҳамма ерда бир хил муаммо: замонавий асбоб-ускуналар етишмайди ёки умуман йўқ. Саноқли илмий муассасаларда замонавий илм-фан билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Кўплаб институтларда бу жуда катта муаммо ҳисобланади.

Дунёда ҳозир илм-фан ва унга боғлиқ технологиялар жадаллик билан ривожланмоқда. Уларнинг асосида фундаментал фан ётади. Фундаментал фан ютуқлари амалий тадқиқотларга кўчади ва инновацион лойиҳа сифатида татбиқ этилиши ўрганилиб, якунланади. Бу уч муҳим жараён бизда бошидаёқ узилиб қолади, чунки фундаментал муаммолар ўрганилмайди. Фундаментал фансиз унинг кейинги босқичларини гапириш фойдасиз.

Биология бошида таснифий фан сифатида юзага келган. Классик биологиянинг вазифаси бирор бир организм ёки ҳужайрани тавсифлаш эди. Замонавий биология эса экспериментал фан. Яъни биологик объектлар устида тажрибалар қилиняпти: масалан, уларнинг ДНКси ўзгартириляпти, генлари манипуляция қилиняпти, бошқа организм генлари кўчириляпти ёки «ўчириляпти». Молекуляр биология, ҳатто, минимал геномни яратишга имкон беради. Мана шу ишларни олиб бориш учун ўта замонавий, ултра аниқликда ишлайдиган жиҳозлар керак. Табиийки, бу жиҳозлар ўта қиммат туради. Минг афсуски, ҳозирда бизга сув ва ҳаводек керак бўлган жиҳозлар институтимизга етиб келмаган.

Муаммонинг яна бир томони шундаки, аниқ ва табиий фанларда фақат назария билан чекланиб бўлмайди. Назарияни маълум бир амалиёт, эксперимент билан исботлаб бериш керак. Бизда салоҳиятли кадрлар кўп, лекин моддий-техник база бўлмагандан кейин улар ўз иқтидорини кўрсатиш учун чет элга чиқиб кетишга мажбур. Масаланинг бошқа салбий томони – хорижга кетган олимдаги илмий ғояга чет элдаги иш берувчи, ишга таклиф қилувчи ҳам шерик бўлади. Хоҳлаймизми-йўқми — бу аччиқ ҳақиқат. Ўз тажрибамдан қиёс, Хитойда физика-химия институтида ишлаганман, нимаики ғояни ўйлаб топган бўлсам, уни хитойликлар билан бўлишганман. Қайси маънодаки, аввал илмий мақола ёзамиз, унда иш берувчининг исм-шарифини қўшамиз. У ердаги иш берувчилар прагматик халқ, агар қўлингиздан иш келса, яна ўзларининг молиявий манбаларини таклиф қилади. Илм-фан, тадқиқотларни молиялаштирувчи алоҳида вазирликлари бор. Тажрибамдан маълумки, илмий ғоя раҳбарга ёки молияловчи томонга ёқса, албатта, буни қабул қилади, қўйиб юбормайди. Ва четдан келган олимдан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилади. Бизда бунинг тескариси, яъни шароит чекланган, фақат ўта муҳим, кераклилари олинади. Кейин молиявий жиҳатдан ҳам чегараси бор, унга қараб лойиҳанинг нечадир фоизидан воз кечишга тўғри келади. Бу бор нарса, тан олиш керак!

Буларнинг барчаси бўшлиқни вужудга келтирган, бўшлиқни тўлдириш учун кўпгина иқтидорли олимлар етакчи илмий муассасаларга кетишга мажбур бўлмоқда. Келишга шошилмаётганининг ҳам сабаби шунда. Агар бизда ҳам шароит яратилса, Ўзбекистонга қайтиб, илмий ишини давом эттиради. Масалан, ўзимдан қиёс, Хитойдаги илмий фаолиятим микроб асосли биополимерларни ўрганиш бўлган. Табиатда мавжуд биополимерларни олишнинг яна бир йўли бактериялар орқали синтез қилиш ҳисобланади. Масалан, ўсимликдаги полисахаридни бактерия ҳужайраси ҳам ҳосил қилади. Мен у ерда полисахаридларни ҳосил қилувчи бактерияларни топдим ва ўша биоматериалларни синтез қилиб кўрсатдим. Ҳамкорларим химик эди ва бу уларга ёқиб қолди. Яна қўшимча шартнома таклиф қилишди, ҳатто магистр ва PhD докторантлардан шогирд олиб ишлашни ҳам тавсия қилишди. Кейин ўша олинган биоматериалларга кумуш нанозарралари бириктириб, янги нанобиоматериаллар олдим. Бу ишларни Хитойда қилишимизга сабаб у ерда шароит, асбоб-ускуна, муҳит бор. Буни нима учун айтяпман, агар жиҳозлар, асбоб-ускуналар Ўзбекистонда бўлса, шу ерда ҳам қилса бўлади. Буни бемалол уддалай оламиз.

— Сизнингча, илм илм учунми ёки илм — инсон, умуман, жамият, давлат фаровонлиги учунми?

— Илмни хослар учун дейиш ҳам мумкин. Чунки илмнинг мураккаблигини бор бўйича тушунгани учун ҳам олим олим-да. Шу билан бирга олимнинг, илмнинг ҳозирги вазифаси, масъулияти иқтисодни, жамиятдаги кўплаб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлиши керак. Масалан, бизнинг лабораториямизнинг бир йўналиши қишлоқ хўжалигидаги минерал ўғитлар сарфини камайтириш, иложи бўлса, йўқотиш ва ўрнига янги турдаги биологик ўғитларни таклиф этиш ҳисобланади. Биз «Биоазот» биопрепаратини (биоўғити) таклиф қилганмиз ҳам. Биологик ўғит бу йил ҳам синовдан ўтди ва минерал азот ўрнини юз фоиз боса олди. Бунинг вазифаси тупроқда кўпайиб ўсимликка минерал эмас, биологик ҳолатдаги азотни етказиб бериш.

«Биоазот» биопрепаратининг таркиби, фойдали хусусиятларини тавсифлаб берсангиз.

— «Биоазот» биопрепаратининг асосини азот ўзлаштирувчи Azotobacter chrooccoccum бактерияси ва унинг ўсимликларга фойдали табиий бирикмалари – полисахаридлари, витаминлари, аминокислоталаридан иборат. Бактерия ўсимлик илдизларида кўпайиб, ҳаводаги азотни олишга ўтади. Маълумки, ҳавода 78 фоиз азот бор. Бактерия ҳаводаги азотни ўзлаштириб биологик азотга, мисол учун, оқсилга, полипептидга, аминокислотага айлантиради. Бу нарсалар ўсимликка ўзлашади. Содда қилиб тушунтирилса, ҳаводаги азот билан деҳқончилик қилинади. Таққослаш учун келтираман, минерал азот бу — ўлик материя, биологик азот — тирик материя, ўсимлик ҳам тирик материя. Ўсимликка тирик материя керакми, ўлигими? Албатта тириги, тирик материядан кўпроқ нафланади. Ўсимликнинг биологик азотга сезгирлиги, мойиллиги жуда юқори.

Бир нарсани таъкидлаб ўтишим керак, қишлоқ хўжалигида, деҳқончиликда минерал ўғитлар сарфи жуда пала-партиш йўлга қўйилган. Ҳозиргача эски методлар билан ишланади. Шунингдек, минерал ўғитлар билан ўғитлашда йўқотиш, исроф жуда катта. Масалан, 100 кг минерал азотни тупроққа берсак, унинг тенг ярми ҳавога чиқиб кетади. Тупроқнинг табиий азот баланси ҳам бор. Яъни тупроқда азотсизлантирувчи бактериялар ҳам яшайди. Бу табиий жараён бўлиб, буни биологияда денитрификация – азотсизланиш дейилади. Ўсимлик максимум ўзлаштирса 15 фоиз минерал азотни ўзлаширади. Бу дегани, 100 кг азотдан фақат 15 килограммидан фойдаланяпмиз, холос. Мана шу каби исрофни йўқотиш учун, қишлоқ хўжалигидаги сарф-харажатни камайтириш учун ҳам юқоридаги биопрепаратлар яратилган ва таклиф қилинмоқда.

— Мазкур «Биоазот» биопрепаратидан қишлоқ хўжалигида синаб кўрилдими, натижалар қандай?

— Бу ишланма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июндаги ПҚ-3855 қарорига киритилган. Шунга кўра, «Алоқабанк» ва институтимиз таъсисчилигида «BIOAZOT IGBR» МЧЖ тузилди. Унинг вазифаси «Биоазот» биопрепаратини ишлаб чиқариш ва сотишдан иборат. Яъни илмий ишланмани тижоратлаштириш. «Биоазот»нинг татбиқ этилганига келсак, ўтган йили Бухоро вилояти Ромитан туманидаги агрокластернинг 2 минг га майдонда қўлланди. Бу йил шунингдек, Пскент туманидаги «Nature Cotton» МЧЖ кластерига ҳам етказиб бердик. Анъанавий минерал ўғитлардан фарқи уларнинг ўта арзонлигида. Минерал ўғитдан камида 10 марта арзон тушади. Иккинчидан, тез таъсир этади ва ҳосилдорлик 10 фоиздан 25 фоизгача ошади. «Биоазот» таркибидаги бактериялар тупроқларни соғломлаштиради, унумдорлиги ва ғоваклигини кескин оширади.

— Исроилда магистратурада таҳсил олгансиз ва бир муддат Хитойда илмий иш қилгансиз. Тизим, шарт-шароит, имконият жиҳатдан Ўзбекистон билан таққослаганмисиз?

— Мен 2006-2007 йилларда Исроилда Бен Гурион университетининг Albert Kartz International School да ўқиб, Zuckerberg Institute of Environmental Microbiology да илмий иш қилганман. У ерда шароит, муҳит бошқача, энг асосийси, меҳнатга, ишга, фаолиятга муносабат бошқача эди. Шунинг учунми — кун бўйи лабораторияда вақтимиз қандай ўтганини билмай қолардик. Кейин асбоб-ускуна, реактив масаласида муаммо бўлмасди, оператив ишланарди. Ҳозирги даврда замонавий фанни ташкил қилиш, бошқариш бўйича Хитой тажрибаси менга маъқул келди. Сабаби, Хитойда олим олимлигини қилади. У ғоя муаллифи ва ўз ғоясини қандай қилиб амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиловчи киши ҳисобланади. Олим ғоя беради, уни амалга ошириш йўлларини кўрсатади. Масалан, мен ўзим қидирган моддани синтез қилсам, унинг физик-кимёвий хусусиятларини аниқлаш учун лойиҳа раҳбари тегишли лаборатория ёки компанияларга юборади. Ёки ДНК – ген – ген кластерини манипуляция қилмоқчисиз. Жараённинг симуляцияси ёки дизайнини ишлаб чиқиб тегишли компанияга юборасиз. Ўша конструкцияларни қилиш, тажрибада текшириш энди компания зиммасида. Олим техник ишлар билан шуғулланмайди, балки илмий ғоянинг амалга ошишини бошқаради, бошқача айтилса, ўзига хос менежер.

Бизда фанга ёндашув ҳам ўзига хос-да. Хориждаги олим бутун кунини фаннинг битта муаммоси билан ўтказса, биз эса қаердан яна пул топиш мумкин, ким билан қанақа иш қилиш мумкин, олинган моддани қаерга анализга беришим керак, ким билан келишишим, ким билан шартнома тузишим керак каби нарсаларни ўйлаб юрамиз. Биз «универсал»миз: ҳам маркетинг, ҳам менежмент билан шуғулланамиз, ҳам бозор қидирамиз — хуллас, ёндашувни ўзгартириш керак-да.

Дунё тажрибасида олим ўз номини бренд даражасига чиқаришга ҳаракат қилади. Масалан, илмий бир муаммо бўйича ўша исм-шариф бренд бўлиши керак. Бу нарса хорижда ҳар бир олимнинг қон-қонига сингиб кетган. Ҳар бир мақоласига, илмий тажрибаси натижасига шу жиҳатдан ёндашади, жиддий қарайди. Импакт фактори юқори бўлган журналларда мақола чиқаришга ҳаракат қилади. Олимнинг даражаси, категорияси, таснифи импакт факторига, Ҳерш индексига (H-index) қараб белгиланади. Афсуски, бизда ҳалигача бунга эътибор берилмайди. Бошқа томондан, эътибор берилиши учун олимнинг ўзи ҳам тайёр бўлиши керак. Агар лойиҳа беришда лойиҳа раҳбарининг, аъзоларнинг импакт факторига, Ҳерш-индекси асосий мезон қилиб олинса, талаб бўлса, ҳамма шунга қараб ҳаракат қилади.

Шундай олимлар, илмий гуруҳлар борки, 20-30 йил ишлаган, лойиҳа олган, миллион-миллион пул олган, лекин бирорта импакт фактори бор журналда мақола чиқармаган.

Нима учун импакт факторига биринчи ўринда қараш керак деяпман? Бундай журналларда мақола эълон қилиш осон эмас. Минг бир чиғириқдан ўтади, илмий янгилиги бўлса, нашр қилинади. Олимларимиз шунга ҳаракат қилишса, илм ўз-ўзидан ривожланиб кетади.

Бизда яна битта муаммо бор: илм монополияга айланиб қолгандек туюлади менга. Ўзим мисолимда тушунтирсам. Масалан, мен бактерия экзополисахариди билан шуғулланаман. Бошқа ҳеч ким шуғулланмайди, дейлик. Мен билан ким рақобат қилади? Ким менинг илмий фаолиятимга баҳо беради? Шундай бўлгандан кейин, ишимга баҳога беришга, айтайлик, ферментлар билан шуғулланадиган олимни таклиф қилишади. Ўша олим ишимнинг паст-баландлигини қаердан билади? Мен унинг ишини қандай тушунаман? Фан монополияга айланиб қолгани ҳам уни тормозланишига олиб келмоқда. Агар бир соҳа билан бир неча киши ёки бир неча илмий гуруҳ шуғулланса, бир-бирини тафтиш қилиш кучаяди. Бизда микробиология бўйича ишни микробиолог кўрса бўлади, дейилади. Бу хато фикр. Чунки тиббиёт микробиологияси, қишлоқ хўжалик микробиологияси каби кўп йўналишлар бор. Табиийки, озиқ-овқат микробиологияси билан шуғулланадиган олим тиббиёт микробиологияси бўйича қилинган ишга баҳо беролмайди.

— Импакт факторли журналларга юборилган мақола қандай текширилади?

— Дейлик, Чехияда чиқадиган Folia Microbiologica журнали, импакт фактори 1.5. Журналга бактерия полисахариди ҳақида мақола юборсам, журнал муҳаррирлари дунёда қайси давлат, институтда бактерия полисахариди бўйича шуғулланадиган олимларга тақриз учун жўнатади. Улар текшириб ижобий ёки салбий баҳосини беради. Илмий янгилик шундай сараланади. Биздачи? Битта журналга мақола олиб борамиз. Тақриз олиб келинг, дейди. Тақризчининг олдига тақризни ёзиб олиб борамиз. Ўзимиз ҳақимизда роса мақтаймиз, баъзи камчиликларини кўрсатган бўламиз... Бу нарса айни илмга хиёнат! Бу билан на фан, на давлат ривожланади. Ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас бу. Шогирдларимга доим айтаман, ёлғон иш қилма, ёлғон гапирма. Иложи борича жиҳозда билан ишла, натижа ол, жадвал ёзма, график чизма, деб маслаҳат бераман. Чунки импакт факторли журнал тажрибалар ўтказилган жиҳоз берган маълумотни сўрайди. Сохталик аниқланса, олим «қора рўйхат»га тушади. Elsevier ёки Springer каби нуфузли нашриётлар натижаларни сохталаштирган ёки плагиатда айбланган олимларнинг мақолаларини 5 йилгача нашр қилмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам ўзини ҳурмат қилган олим иккита нарсадан қочади: плагиат ва илмий натижаларни сохталаштиришдан. Иккинчиси, доим юқори импакт факторли журналларга интилади. Мана шу нарсанинг ўзи саралаб беради сарагини саракка, пучагини пучакка. Буни илмий даражалар берувчи ташкилотлар, муассасалар эътиборга олса, нур устига нур бўлади.

— Хитой ва Ўзбекистонда илмий иш ҳимоя қилиш орасидаги фарқ қандай?

— Хитойда илмий иш ёқлаш Ўзбекистондагидан ер билан осмонча фарқи бор! Мен ўзим у ердаги ҳимояларда қатнашганман. Илмий ишни баҳолаш учун асосий восита, мезон илмий мақола ва диссертация. Шу асосда баҳоланади. Бошқа ҳужжатлар, қандайдир шакллар ва бошқа нарсалар талаб қилинмайди. Илмий даража бериш уларда жуда осон, ортиқча ҳужжатбозликсиз кечадиган жараён. Бу нарса қачондир, албатта, бизга ҳам кириб келади.

— Шу саволни беришим табиий, ўша жойларнинг ўзидан ишлаш учун таклифлар бўлганми?

— Таклифлар кўп бўлган, ҳаттоки, оилавий боришга ҳам таклиф қилишган. Ўша ерларда юрсам ҳам бўларди, аммо инсонни ичида бир илинжи, туйғуси бўладику, кўпроқ ўз юртига тортиб турадиган. Бир томондан менга алам қиларди ҳам, нега мен ўз салоҳиятимни булар билан бўлишишим керак!? Шуларни ҳам ҳисобга олиб 2018 йилда қайтишга қарор қилганман. Бизнинг авлодга катта бир масъулият — йўл яратиш масъулияти тушган. Ҳамма ўзини четга олиб қолаверса, бу машаққатлар биздан кейингиларга тушади. Америкалик, россиялик, хитойлик қилган ишни ақлим етиб туриб нега қилмаслигим керак? Олимда миллий ғурур бўлиши керакмасми? Қайтиш керак, қийинчилик бўлмайди эмас, бўлади, лекин илм-фан ривожига ҳиссамизни қўшишимиз керак.

— Яқинда ижтимоий тармоқдаги «пост»ларингиздан бирида диссертация ҳимоя қилганингиз тўғрисида маълум қилдингиз. Илмий тадқиқотингиз нима ҳақда бўлди?

— Яқинда ҳимоя қилган докторлик диссертациям мавзуси: «Диазотроф ризобактериялар экзополисахаридлари асосида кумуш нанозарралари олиш ва уларнинг антимикроб хусусиятлари механизмлари тадқиқи». Мана шу қўлимдаги нарса азот ўзлаштирувчи бактерияларнинг полисахариди. Бу полисахаридга мен кумуш нанозарра улаганман. Буни қишлоқ хўжалигидаги касалликларга қарши қўллаганман, синаганман.

— Сиз тадқиқот натижасида олган нанобиоматериалларнинг амалий аҳамияти қандай?

— Биз ўрганган биоматериалларни дастлаб, тупроқларимиздаги тузларни эримайдиган ҳолга ўтказиш учун қўллаганмиз. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги энг катта муаммо тупроқ шўрланиши ҳисобланади. Статистик маълумотларга кўра, 80 фоиздан ортиқ суғориладиган майдонларимиз шўрланган. Шўр далада деҳқончилик қилиш қийин. Ўсимлик яхши ўсмайди, ҳосил паст бўлади. Дунё миқёсида шўрга қарши курашиш учун кўплаб тажрибалар қилиняпти. Умумий битта хулосага келинганки, тупроқдаги тузни йўқотиб бўлмайди. Тўғри, сув билан ювилади, лекин сув танқислигини ҳисобга олсак, бу иложсиз бўлиб бораверади. Ечим сифатида бир усул таклиф қилинмоқда – ўсимлик ўсаётган вақтида тузни маълум муддат тупроқда қотириб қўйиш керак. Туз эриганда салбий таъсир қилади. Эриган ҳолдагина туз ўсимлик ҳужайраларига салбий таъсир кўрсатади. Биз таклиф қилаётган модда тузни ютади ва эримайдиган комплексга айланади. Бизнинг биоматериалимиз қўлланганда туз эримайдиган ҳолатга ўтади. Ўсимлик ўсадиган, ривожланадиган, ҳосил берадиган даврида туз боғланган бўлади, эримайди. Сув ўзи ўсимликка киради, туз тупроқда қолиб кетади.

Иккинчи фойдали жиҳати, вақт ўтиши билан биоматериал парчаланади ва ўсимлик учун озуқага айланади. Бу ушбу биоматериалларимизнинг биринчи қўлланиш соҳаси. Иккинчиси қум ва тузларни қотириш. Ўтган йили Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда туз ва қумнинг учиши кузатилди. Бундан ўша ерда фойдаланилса, туз ва қумни қотиради, учувчанлигини йўқотади.

Учинчи асосий жиҳати эса, шу биоматериаллар асосида кумуш нанозарраси сақлаган нанобиоматериал ҳосил қилиш мумкин. Докторлик ишим айнан нанобиоматериаллар олишга қаратилган эди. Бу нанобиоматериаллардан ҳозирда хорижда тиббиётда қўлланмоқда.

— Суҳбатларингизнинг бирида нанотехнологиялар бизга бегона эмаслигини айтгансиз. Шу ҳақда тўхталсангиз?

— Кумуш нанозарраларининг фойдаси қадимдан маълум бўлган. Миллий табобатимизда қўлланган. Қадим туркийларнинг бир одати бўлган, кумуш тақинчоқларни, гиёҳларни сувга солиб, ўша сувга чақалоқлар ювинтирилган, яралар тозаланган. Истеъмол ҳам қилинган. Лекин одамлар фойдаланаётган модда нанозарра эканини билишмаган. Кумушнинг шифобахш хусусияти деб билишган. Замонавий нанотехнология кумуш сувда маълум миқдорда эриши – ионлар (зарядланган зарралар) ҳолида ажралиши ва ўсимликлар таркибидаги моддалар таъсирида нанозарраларга айланишини исботлаган. Бу ҳақда юзлаб илмий мақолаларни топишингиз мумкин. Кумуш нанозарралари бўлган сувлар ёрдамида касаллик қўзғатувчи бактериялар йўқолган.

— Нанотехнология келажак асри. Ўзингиз ҳам бунинг бир йўналишида тадқиқот олиб борасиз. Мутахассис сифатида нанотехнологик тадқиқотларнинг Ўзбекистондаги устувор вазифалари сифатида нимани кўрасиз?

— Ҳозирги замонавий материалшуносликда нанокомпозиция ва нанобиокомпозициялар олиш борасида ишлар кетяпти. Олдин бизга маълум бўлган моддаларнинг нано кўринишлари олиняпти. Ундан фойдаланиш соҳалари жуда кенг. Электроника, фотохимия, тиббиёт, озиқ-овқат, косметика, ҳарбий саноатгача бор. Илғор давлатлар илмий тадқиқот институтлари илмий ишларни патент қилиб қўймоқда. Тез орада у патентларга эҳтиёж туғилади. Ҳозир нанотехнологияларни йирик масштабда ишлаб чиқариш имконияти бўлмаслиги мумкин. Лекин ривожланиш бир ерда турмайди. Бугун бўлмаса, эртага ўша нанозаррани кенг миқёсда конвейер услубида ишлаб чиқарадиган линиялар, жиҳозлар, асбоб-ускуналар чиқади. Ана шунда тайёрлаб қўйилган патентлар биринчи планга чиқади.

Ўзбекистонга келсак, нанотехнология энди ривожланяпти. Ядро физикаси, Умумий ва органик кимё, Микробиология, Ион-плазма ва шунингдек, бизнинг институтимизда дастлабки ишлар қилиняпти. Фикримча, Ўзбекистонда нанотехнология билан шуғулланаётганларни уюшма ёки илмий гуруҳ қилиб йиғиш керак. Дунёда ҳозир нанотехнологиянинг қайси муаммоси билан ишлаяпти, буни ўрганиш керак. Ҳеч бўлмаса назариясини. Чунки шундай тадқиқотлар олиб бораётган давлатлар ҳеч бўлмаса бозор мақсадида киради. Бизга таклиф этиладиган наномаҳсулотлар ёки улар асосидаги хизматларнинг ортидаги хавф-хатарни баҳолай олиш, кўра олиш даражасида бўлишимиз лозим. Оддий мисол, ҳозир нанозарра сингдирилган пайпоқлар кириб келди. Фойдали хусусиятини билдик. Ювилганда пайпоққа сингдирилган нанозарра сувга ажралади. Оқова сув орқали табиатга чиқиб келяпти. Натижада, табиатда нанозарранинг экотоксиклик хусусияти пайдо бўлмоқда. Биз бунга қарши қандай курашиш кераклигини излаб топишимиз керак. Шунга қиёсан улар ҳақида билишимиз ва ўзимизнинг ҳимоя тизимларни шакллантириш керак деб ўйлайман.

— Келажак режаларингиз?

Режаларимиз катта. Биринчиси, фундаментал аҳамиятли илмий лойиҳаларимизни давом эттириш. Хитойда ишлаётганимда бир лойиҳани бошлаганман. Ген маълум бир юклама билан ишлаганда (экспрессияланганда) унинг маҳсулоти (ўша ген синтезлайдиган) кимёвий таркибининг ўзгаришини аниқладик. Биз ўрганган микроб биополимерларида биринчи марта кузатилди бу ҳолат. Дастлабки натижалар олинган. Йирик илмий мақола ҳам тайёрлаб қўйдик. Шу ишнинг қолган қисмларини ҳам давом эттиришимиз керак. Иккинчиси, қанчадан-қанча тайёр ишланмаларимиз бор. Уларни ишлаб чиқаришга жорий қилмоқчимиз. Ниятимиз Ўзбекистонда микроб биотехнологияларига асосланган биологик деҳқончиликни йўлга қўйиш. Буни исботладик. Масалан, Тошкент вилояти Янгийўл тумани Калган массивидаги буғдой далаларида минерал ўғит ишлатмай биологик ўғит ёрдамида 50 ц/га буғдой ҳосили олинди. 2013 йилда эса Пскент тумани «Олтин қир неъмати» фермер хўжалигида биологик усулда 63 ц/га буғдой (лалми ер бўлганидан мажбурияти 27 ц/га) олинди. Биоўғитлар ёрдамида биологик деҳқончилик Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари, жумладан Наманган, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари далаларида ҳам синовдан ўтган. Ушбу ишларни амалга оширсак, Республикамиз иқтисодига, фанга арзимаган бўлса ҳам ҳиссамизни қўшган бўлардик.

Йигитали Маҳмудов суҳбатлашди
Фотолар муаллифи Муҳаммаджон Ғаниев

Top