17:10 / 06.08.2019
33818

Тошкент ҳокими ўринбосари: «ССРдан мерос – ким қаерга нима хоҳласа қуриб ташлайверган»

Фото: KUN.UZ

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, мазкур партия вакили Элбек Шукуров ўзбошимчалик билан қуриб олинган объектлар ҳамда қонунга хилоф равишда қурилган бинолар хусусида фикр билдириб ўтди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар бермоқда.

“Собиқ Совет иттифоқидан мерос – ким қаерга нима хоҳласа қуриб ташлайверган. Мен оддий мисол сифатида айтаман, “заправка”дан 500 метр атрофда аҳоли яшаш жойи, овқатланадиган жой бўлиши мумкин эмас. Лекин қаерда шу нарсага амал қилинганини кўргансизлар шаҳарда (Тошкент шаҳри - таҳр.)? “Заправка”нинг олдида хонадон ҳам бор, бошқа тадбиркорлик субъектлари ҳам бор. Қонунда мумкин эмас. Бошида тадбиркор шу жойга рухсат олишга борганида ҳокимият ёки давлатнинг тегишли органи “йўқ” деган бўлса керак. Кейин яна унинг барибир рухсатини олиш учун таниш-билиш “суриб” ёки пулини бериб мақсадига эришади. Мана энди қонунийликка риоя қилиниб, энди бузамиз деб келган пайтда тадбиркорлар ҳамма ерга жар солиш ҳолати ҳам бор. “Снос”лар ўзи нимадан бошланди? Сувнинг бўйида норма бўйича, қонунчилик асосида, 50 метр масофада уй ҳам тадбиркорлик субъекти ҳам бўлиши керак эмас. Лекин бизда ҳамма жойга қуриб ташланган. Уни агар бузамиз десак яна ўша “снос” масаласи кўтарилади”, - деди у.

Шунингдек, Элбек Шукуров айрим инсонлар томонидан ўзлари яшаган ёки фаолият юритган ҳудудга юқори баҳо сўралганини ҳам таъкидлаб ўтди.

“Бутун аҳоли ялиняпти, шу тадбиркорга ёки хонадонга, “уйимиз эскириб кетган, ҳаммамизни рози қилди, илтимос сен ҳам рози бўлгин” деяпти. “Йўқ, 4 сотих еримга 1 млн. доллар хоҳлайман” дейди. Бунақа ҳолатлар ҳам бор. Бизда ҳозирда энг катта бўлаётган хато, тўғри тушунинглар, туман ҳокимияти даражасида ҳам бизларга ўхшаб қонунчиликни яхши тушунадиган, эрталабдан ҳар бир қарорни ўқиб қўядиган мутахассислар йўқ. “Компетентный” бўлмаслиги мумкин.  Шу ҳолатларда ҳурматли депутатлар, туман кенгашларининг асосий вазифаси қилаётган хатти-ҳаракатини масъулга тушунтириш. Шу нуқтаи-назардан ҳар бир ҳаракатда уни умумий “снос” шаклида эмас. Ҳар бир ҳолатни алоҳида-алоҳида баҳолаш нуқтаи назаридан кўришимиз керак. Мен ҳокимиятларни умуман оқлаётганим йўқ. Партиямизнинг позицияси қатъий бўлиши керак. Лекин баъзи бошқа ҳамкасбларимиз нуқтаи-назаридан фақат пиарга ҳам ўтиб олишимиз керак эмас”, - деди Э. Шукуров.

Шу билан бирга, ҳоким ўринбосари Элбек Шукуров нимани назарда тутгани бир қадар тушунарсиз.

Биринчидан, ССР вақтида барча автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари давлат томонидан қурилган. Худди ҳозирда бўлгани каби, ёқилғи, газ ва электр энергияси сотуви қаттиқ назорат остида бўлган. Ресурсларнинг бутун бозори давлат монополиясида эди. ССРда хусусий сектор фаолияти қаттиқ назорат ҳамда тақиқда бўлган.

Иккинчидан, тадбиркорлар Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларини қура бошлашган, яъни 1991 йилдан. Айнан 90-йиллардан сўнг пойтахтда АЁҚШ сони ҳам ортган.

Top