Ўзбекистон | 18:37 / 20.11.2019
42921
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда тезда ҳал қилиниши керак бўлган учта муҳим масала. Партия лидерлари қандай фикрда?

Гарчи фикрлари ҳар доим ҳам ижобий қарши олинмаётган бўлса-да, сиёсий партиялар ва уларнинг раҳбарлари сайловлар арафасида жамоатчиликка очилаётганини кузатиш мумкин.

Жумладан, Kun.uz бир муддат аввал партиялар раҳбарлари билан видеоинтервьюлар ташкил этган эди. Бу гал партия лидерларига Ўзбекистон яқин йилларда ҳал қилиши керак бўлган учта муҳим масала ва уларнинг ечими ҳақидаги савол билан юзландик.

Наримон Умаров, «Адолат» социал-демократик партияси етакчиси

Ривожланаётган Ўзбекистон олдида турган турли масалаларни энг муҳим учталик рейтингда баҳолаш – мураккаб иш. Шундай бўлса-да, партиямиз муҳим деб ҳисоблайдиган бир нечта масалалар ва уларнинг ечимлари борасида ўз фикрларимни билдираман.

1. Ишсизлик

Ўзбекистонда ҳар йили 600 мингдан ортиқ ишчи кучи меҳнат бозорига келиб қўшилмоқда. Уларни иш билан таъминлашни давлат олдида турган ўта долзарб вазифа деб биламан.

Ечим: Бу масалани фақатгина янги иш ўринларини яратиш, инновацияларга асосланган ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қилиш, мавжуд корхоналарнинг инновацион базасини кенгайтириш орқалигина ечиш мумкин. Шунингдек, олий маълумотли кадрлар сонини икки бараварга кўпайтириш орқали ҳам катта ижобий натижага эришса бўлади.

2. Коррупция

Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, Ўзбекистон коррупциялашган давлатлар рейтингида энг юқори ўринларда туради.

Ечим: Муаммонинг ечими сифатида суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш, судларнинг мустақиллигини таъминлаш, Тергов қўмитасини ташкил қилиш; аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган давлат дастурлари қабул қилиш ва унинг ижросини назоратга олишни кўраман.

3. Суд-ҳуқуқ тизими

Бу йўналишдаги муаммоларни бирма-бир санамайман, чунки тизимга нисбатан аҳолининг ишончи пастлигини яхши биласиз.

Ечим: Ишни аҳоли норозилигига сабаб бўлаётган омилларни танқидий ўрганиш ва натижаларни давлат дастурига киритишдан бошлашимиз керак.

Бундан ташқари, давлат олдида таълим ва тиббиёт соҳасида чуқур илдиз отиб кетган муаммолар ҳам турибди. Рейтинг учталик тизимда бўлгани учун биринчи саволга жавобимни шу ерда тўхтатаман.

 

Алишер Қодиров, «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси

Партиямиз қуйидаги масалаларни давлат ва жамият олдида турган энг муҳим масалалар ҳисоблайди.

1. Оила, боғча ва мактабларнинг жиддий ислоҳотларга муҳтожлиги

Ечим:

  • оилада аёл учун турмуш ва жамиятда меҳнат учун қулай шароит яратиш (масалан, 18 ёшгача фарзандлари бўлган аёллар иш вақтини қисқартириш ва уларга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш);
  • боғча ва мактабда тарбиянинг устуворлигини кўзда тутадиган «Узлуксиз тарбия тизими»ни шакллантириш ва қисқа муддатда татбиқ қилиш;
  • педагогларни тайерлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш;
  • мактабларда 1-11 синфларда ўқитиладиган «Тарбия» дарсликларини жорий қилиш (бу жараёнда ижтимоий йўналишдаги дарсликларни оптималлаштириш);
  • ўқитувчига ўқитишдан бошқа мажбуриятни юклашни жиддий камчилик сифатида қабул қиладиган мактаб бошқарувини шакллантириш;
  • босқичма-босқич мактабгача тарбия ва таълим муассасаларига қатновни мажбурий ва бепул қилиш (бунда хусусий муассасаларга қатнов ихтиёрийлигини сақлаб қолиш).

2. Кредитлаш тизимига муқобил вариант жорий қилиш масаласи

Ечим: Банк ва тадбиркор шерикчилигини кўзда тутадиган кредитлаш тизими бугунги кунда ривожланган ғарб мамлакатларида кенг қўлланилмоқда. Бу тизим банк ва тадбиркор биргаликда лойиҳани амалга ошириш, қарзни тадбиркор даромади, реал молиявий ҳолатига мутаносиб шаклда қайтариш, муаммоли ҳолатларни биргаликда бартараф этиш каби ўзига хосликларни кўзда тутади.

3. Коммунал соҳада ислоҳотлар ўтказиш

Ечим: Тарифларни аҳолининг даромадларига мутаносиб шаклда табақалаштириш зарур. Бунда нархни аҳолининг кам даромадли қатлами, ўрта даромадли қатлами ва юқори даромадли қатламларига турлича белгилаш кўзда тутилади.

Сиз учта масалани сўрадингиз, аммо мени доим қийнайдиган, керак бўлса, юқоридаги масалалардан-да долзарб яна бир масала борки, бу – ўзбек тили масаласи ва унинг келажаги.

Таклиф: Давлат хизматида давлат тилини билиш мажбурийлиги, ўзбек тилининг асосий иш юритиш тили сифатида қатъий белгиланиши, ташқи ёзувлар ва тарғиботнинг асосий тили сифатида белгиланиши, хорижда ўзбек тили ва маданиятининг кенг тарғиботини ташкил қилиш тизимини кўзда тутадиган ўзгаришлар киритиш.

 

Актам Хайитов, Либерал демократик партия етакчиси

Аслида сиз сўраётган учта муҳим масала бўйича юзлаб докторлик ишлари қилиш мумкин. Биз либерал-демократлар қуйидаги масалалар Ўзбекистонда биринчи навбатда ҳал қилиниши лозим, деб ҳисоблаймиз.

1. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳолини (айниқса ёшларни) иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда даромадини кўпайтириш

Ечим: Қандай бўлмасин, саноат, қурилиш, транспорт, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳар йили камида 450-500 минг барқарор иш жойларини яратиш, меҳнат бозорида талаб бўлган касбларга 80-100 минг касби йўқ ёшларни қайта тайёрлаш зарур.

Бунда давлат барқарор иш жойларини кўпайтиришни ҳар томонлама рағбатлантириши зарур.

2. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш

Ечим:

  • етиштирилаётган маҳсулотларга харидорлар топиш ва молиявий ресурсларни ҳал этиш;
  • меҳнат бозоридаги вазият мураккаб бўлган ва бошқа ҳудудларда юқори сифатли, бирламчи маҳсулотдан якуний товар ишлаб чиқаришни ўз ичига олувчи технологияларга эга бўлган замонавий корхоналарни кўпайтириш;
  • озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўналишидаги кластерлар ва кооперацияларни ташкил қилишни барча ҳудудларда жорий этиш;
  • озиқ-овқат ишлаб чиқаришда Ўзбекистон брендини яратиш орқали экспортни ривожлантириш;
  • соҳага янги инновацион технологияларни жорий қилиш;
  • соҳа учун профессионал мутахассисларни тайёрлаш тизимини кўриб чиқиш;
  • озиқ-овқат саноати соҳасини ривожлантириш учун арзон кредитларни жалб қилиш.

3. Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиз ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш

Ечим: Бу йўналишда 2019 йилнинг 20 август куни президент Мирзиёев «Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ўша фармонда белгиланган механизмлар масалани ҳал қилишда етарлича ечим бўлади, деб ишонамиз.

 

Улуғбек Иноятов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси лидери.

Муҳим масалалар кўп, аммо давлат барибир аҳолини ижтимой ҳимояси масаласини биринчи навбатда жиддий кўриб чиқиши керак. Келинг, буни учта йўналишга бўламиз.

1. Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар расмий белгиланган яшаш минимумидан кам бўлмаслигини конституциявий меъёр билан амалга ошириш

Ечим: Ҳар бир инсоннинг биринчи галдаги ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни таъминловчи истеъмол саватчаси қиймати асосида халқаро ҳамжамиятда умумқабул қилинган яшаш минимуми таърифини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш зарур.

2. Ҳар бир фуқаронинг ҳаётий зарур бўлган ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланишини қонунчилик даражасида ва амалий жиҳатдан кафолатлаш

Ечим: Қонунчиликдаги ишламаётган нормаларни қайта кўриб чиқиш керак.

3. Жамиятнинг ижтимоий заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш, кундалик эҳтиёж даражасида товар ва хизматлардан фойдаланишини таъминлаш

Ечим: Шу каби товар ва хизматлар нархи, рўйхатини давлат томонидан белгилаш ҳамда тартибга солиш, қонуний жиҳатдан мустаҳкамлашга эришиш.

 

Борий Алихонов, Ўзбекистон экологик партияси етакчиси

Ўзбекистоннинг экологик муаммолари йилдан йилга жиддий тус олмоқдаки, уларни оддий бир ҳаракат (Экологик ҳаракат – таҳр.) кучи билан ҳал қилиб бўлмайди. Ўзбекистон экологик партияси шу талабдан ҳам вужудга келди. Хўш, давлат олдида қандай йирик муаммолар турибди?

1. Республика аҳолисини, айниқса қишлоқ ҳудудларидаги аҳолини сифатли ичимлик суви билан тўлақонли таъминлаш

Ечим: Аҳолини, айниқса қишлоқ ҳудудларидаги аҳолини сифатли ичимлик суви билан тўлақонли таъминлашни ташкил этиш, Ангрен, Гулистон, Самарқанд, Жиззах, Урганч, Нукус, Андижон, Чирчиқ ва Тошкент шаҳарларидаги оқова сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлигини ошириш учун реконструкция ишларини бажариш лозим.

2. Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш

Ҳозир Ўзбекистонда атмосфера ҳавосига бир йилда қарийб 2,5 млн. тонна ифлослантирувчи турли моддалар тарқалади. Шундан 63 фоизи транспорт воситалари улушига тўғри келади. Йирик шаҳарларда эса бу кўрсаткич 80 фоиздан юқорини ташкил этади.

Ечим: Йирик шаҳарлар атрофида «яшил қалқон»ларни барпо этишни бошлаш, аҳоли яшаш пунктларида истироҳат боғлари майдонларини кенгайтириш. Атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробар камайтириш орқали атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичларини белгиланган меъёрлар даражасига келтириш ва уларнинг аҳолига салбий таъсирини камайтириш лозим. Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб республикада экологик мақбул ҳисобланган электромобиллардан кенг фойдаланишни жорий этиш, ёқилғининг юқори талабларга жавоб берадиган турларидан фойдаланишни йўлга қўйиш.

3. Чиқиндиларни қайта ишлаш масаласи

Ҳозир Ўзбекистонда йилига ўртача ҳисобда 14-15 млн. тонна маиший чиқиндилар ва 100 млн. тонна саноат ва қурилиш чиқиндилари ҳосил бўлади. Ҳозирда ҳосил бўлаётган чиқиндиларнинг аксарияти қайта ишланмайди.

Ечим: Барча турдаги чиқиндилардан оқилона фойдаланишга эришиш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни қабул қилиш орқали уларнинг қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш, ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш миқдорини 20 фоизгача етказиш.

Суҳбатимизнинг кейинги қисмларида Ўзбекистон яқин ўн йилликда тўқнаш келиши мумкин бўлган энг жиддий муаммолар, аҳоли турмуш шароитини яхшилашдаги потенциалимиз нимадан иборатлиги борасидаги партия етакчиларининг фикрлари билан таништириб ўтамиз.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид