19:27 / 27.11.2019
0
5580

Ботаника, Зоология институтларига ҳамда Ботаника боғига автомашиналар топширилди

Президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни Миллий университетда таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказган эди. Унда Фанлар академияси Ботаника ва Зоология институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳақида сўз борган эди.

Хусусан, тоғ ва чўл шароитларида, аҳоли турар жойлардан анча олисда жойлашган табиий экотизимларда кенг кўламли дала тадқиқотларини олиб бориш, ўсимлик ва ҳайвонот оламининг давлат кадастрини юритиш, камёб ва йўқолиб бораётган, муҳофазага муҳтож турлар мониторингини олиб бориш борасидаги илмий фаолиятига етарли даражада имконият яратиш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтилган эди.

Мажлисда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига Фанлар академиясининг Ботаника ва Зоология институтлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий илмий лаборатория ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган эди.

Топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида, Фанлар академияси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва бу дастур Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.

Дастурга кўра, «Республиканинг турли табиий-иқлим шароитларидан илмий маълумотлар йиғиш, ноёб илмий объектлар фондларини доимий равишда тўлдириб бориш, дала экспедицияларини ташкил этиш мақсадида Фанлар академияси Ботаника институти, Ботаника боғи ва Зоология институтига 3та дала экспедицияси учун ихтисослаштирилган автомобиллар билан таъминлаш белгиланган эди. Ўрмон хўжалиги қўмитаси томонидан Фанлар академияси Ботаника ва Зоология институтларига биттадан 4x4 «УАЗ Патриот» русумли, Ботаника боғига 4x4 «Лада Нива» русумли экспедиция автомашиналари топширилди.

Ишлаб чиқариш амалиётини илмий-тадқиқотларни қулай шароитларда олиб бориш учун яратилаётган бу каби имконият илмий-тадқиқот натижаларининг амалиёт билан интеграциясини таъминлаш, ўрмон фонди ерларидаги доривор ўсимлик турлари захираларини аниқлаш, давлат томонидан ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш борасидаги ҳамкорликдаги тадқиқотларни олиб боришга хизмат қилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top