Ўзбекистон | 15:00 / 07.12.2019
13266
5 дақиқада ўқилади

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ёғоч-қириндили плиталар импорти бўйича акциз солиғига қарши чиқди

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ёғоч қириндили плиталар ҳамда уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш, импортни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги”ги қарори лойиҳасини кўриб чиқиб, рақобатга таъсирини баҳолаш бўйича ўз хулосасини берди.

Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳасида республикага импорт қилинаётган 1 метр куб ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларига (ТИФ ТН коди 4410), 2020 йил 1 январдан бошлаб қатьий 25 АҚШ доллари ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб қатьий 30 АҚШ доллари миқдорида акциз солиғи жорий этиш мўлжалланган.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг 11.04.2019 йилдаги №297-сонли қарори 5-банди иккинчи хатбошиси билан Монополияга қарши курашиш қўмитасига “Навоийазот” акциядорлик жамияти томонидан “формалин 37%” маҳсулоти бўйича ва “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти томонидан “карбамид А” маҳсулоти бўйича монопол юқори нархлар қўлланилишининг олдини олиш бўйича доимий равишда мониторинг олиб бориш топшириғи назарда тутилган.

Шу муносабат билан қарор лойиҳасининг 1-банди тўртинчи хатбошисини чиқариб ташлаш таклиф этилди - “Навоийазот” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган “формалин 37%” ҳамда “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган “карбамид А” маҳсулотларига қўлланилаётган нархларни таҳлил қилиш ва монопол юқори нарх қўллаш ҳолатларини олдини олиш чораларини кўриш.

Шунингдек, қарор лойиҳаси 3-бандида (республикага импорт қилинаётган 1 метр куб ёғоч-қириндили плиталар ва унинг муқобил турларига (ТИФ ТН коди 4410), 2020 йил 1 январдан бошлаб қатьий 25 АҚШ доллари ҳамда 2021 йил 1 январдан бошлаб қатьий 30 АҚШ доллари миқдорида акциз солиғи жорий этилиши - таҳ.) белгиланган акциз солиғи миқдорларини республикада мавжуд қувватлар ва хом ашё базасини чуқур таҳлил этган ҳолда асосланган равишда қабул қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Таҳлилларга кўра, 2017 йилда ёғоч қириндили плиталар (ДСП) бозори тўлганлиги даражаси 25,6 фоизни, 2018 йилда эса бу кўрсаткич 16,7 фоизни ташкил этган.

Шундан, товар бозори ҳажмида мамлакатда ишлаб чиқарилган товарлар улуши 80 фоиздан кўп бўлганда бозор товар билан тўлган ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган прогноз кўрсаткичлар бажарилишини ҳамда ёғоч қириндили плиталар (ДСП) ва уларнинг муқобил турларига бўлган бозор талабини тўйинтириш, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва импорт ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда, қарор лойиҳаси 3-бандини чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ ҳисобланиши айтилган.

Бундан ташқари, қарор лойиҳаси 1-банди учинчи хатбошисида 2020 йил 1 январдан бошлаб ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга муайян инвестицион мажбуриятлар асосида, атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда табиий қамишзорларни 10 йилдан кам бўлмаган муддатга бепул фойдаланишга бериш тизимини жорий этиш топширилган.

Билдирилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 11.04.2019 йилдаги №297-сонли қарори билан республикада қамиш хом ашёси мавжуд бўлган ҳудудлар ҳамда қамишни қайта ишлаш корхонаси ташкил қилиниши тавсия этиладиган кичик саноат зоналарининг рўйхати тасдиқланган ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳудудларда қамиш хом ашёси мавжуд бўлган жойларни ёғоч қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларга, фаолият кўрсатиш даврида доимий фойдаланишга ажратиб берилишини ва қамиш хом ашёсини ўриб олишга рухсат этилишини ўрнатилган тартибда таъминлаш топширилган.

Шунга кўра, қарор лойиҳаси 1-банди учинчи хатбошисини чиқариб ташлаш ёки қарор лойиҳасини қуйидаги хатбошиси билан тўлдириш таклиф этилмоқда:

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ойлик муддатда ёғоч-қириндили плиталар ва уларнинг муқобил турларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга муайян инвестицион мажбуриятлар ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик шарти асосида табиий қамишзорлар ва қамишни қайта ишлаш корхонаси ташкил қилиниши тавсия этиладиган кичик саноат зоналари ҳудудидан ер майдонлари ажратиш тартибини тасдиқласин.”.

Мавзуга оид