14:55 / 10.12.2019
12
30153

ЕОИИ масаласи: Ўзбек экспертлари аъзо давлатлардаги норозиликни инобатга оляптими?

Халқаро пресс-клубнинг 9 декабрь кунги сессиясида Ўзбекистоннинг ташқи-иқтисодий фаолияти муҳокама қилинди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Сессияда қатнашган Kun.uz мухбири муҳокама мавзусидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши эҳтимоли ўрганилаётгани юзасидан савол берди.

«Беларусь республикаси раҳбарияти, қирғизистонлик ишлаб чиқарувчилар ва депутатларнинг ЕОИИ бўйича билдираётган салбий фикрлари, иттифоққа аъзолик туфайли уларнинг иқтисодиёти зарар кўраётгани ҳақидаги эътирозлар ўзбек экспертлари гуруҳи томонидан қанчалик инобатга олинмоқда?», дея ўртага ташланган саволга Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов жавоб берди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Дунёдаги ҳар битта давлат ўз стратегик мақсадларидан келиб чиққан ҳолда у ёки бу халқаро ёки минтақавий савдо келишувлари ва ташкилотларга кириши мумкин. Бу – ҳар бир давлатнинг суверен ҳуқуқи. Бу ҳуқуқ Жаҳон Савдо Ташкилотининг GATT битими 24-моддасида ҳам белгиланган.

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган иккита давлат билан бевосита чегарада жойлашган. Бу эса Ўзбекистон учун юқори аҳамиятга эга.

Албатта, бу ташкилотга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатлари диққат билан ўрганилади ва ўрганишларда албатта миллий манфаатлардан келиб чиқилади».

Масала юзасидан сиёсий партиялар вакиллари ҳам муносабат билдириб ўтди.

Дилшоджон Раҳмонов, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакили:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Албатта, бу мавзу анча вақтдан бери муҳокамалар марказида турибди. Агар таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, иқтисодий пасайишларни нафақат бу ташкилотга, балки бошқа иқтисодий ташкилотларга аъзо давлатларда ҳам кузатиш мумкин. Масалан, бундан 7-8 йил аввал дунё давлатларида иқтисодий ўсишлар ўртача 7 фоиз атрофида бўлган бўлса, ҳозир 3,1 фоиз. Бу – Жаҳон банки маълумотлари.

Демак, бу пасайишни фақат иттифоқ билан боғлаш нотўғри. Сабаби, иттифоқнинг умумий улушида Беларусь ва Қирғизистоннинг улуши жуда катта эмас. Улушнинг катта эмаслиги эса ички иқтисодий пасайишда иттифоқнинг таъсири юқори эмаслигини ифодалайди.

1,6 трлн долларга эга бўлган Россия ички иқтисодиёти иттифоққа аъзо тўртта давлат иқтисодиётини қўшганда ҳам катта кўрсаткич билан фарқ қилади. Шунинг учун бу ўша сиз айтаётган давлатлар учун йирик савдо ҳамкорлиги бўлади.

Бу ташкилот қоидасига кўра, «Made in» амал қилади. «Made in Russian» ва «Made in Belarus», яъни яратилган қийматнинг 70 фоизи шу мамлакатнинг ўзига тегишли бўлиши керак. Бу қоидаларни бузишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бунда яратилган қиймат 70 фоиздан кам бўлдими, Россияда Беларусь маҳсулотларини сотиб олмаслик ҳуқуқи бўлади.

Қоидалар Беларусь томонидан ҳам бузилиши керак эмас».

Фазлиддин Зиёев, «Адолат» социал-демократик партияси вакили:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Сиз фақат иккита давлат ҳақида гапиряпсиз. Агар қолган давлатлар иқтисодини олиб кўрадиган бўлсак, уларда бу муаммо йўқ. Ўсиш бўлганлари бор.

Бу масалада вазир ўринбосарининг фикрига қўшиламан ва ўрганишлар миллий манфаатлар устуворлигидан келиб чиқиши керак», деб ҳисоблайман.

Акмал Умрзоқов, «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолик бўйича икки хил қараши бор. Биринчиси, ҳолат бизнинг миллий манфаатларимизга мос келадиган бўлса, биз улар билан савдо шерикчилик битимини имзолаш тарафдоримиз.

Олдимиздаги иккинчи йўл – ташкилот доирасида энг аввало кузатувчи сифатида иштирок этиш.

Бугун иттифоққа бешта давлат аъзо бўлса, яна бешта давлат кузатувчи мақомида. Кузатувчилик мақомидан кўра, ишчи гуруҳнинг ҳар битта соҳа бўйича чуқур хулосалари асосида ва хулосалар бизнинг манфаатларимизга мос келадиган бўлса, балки ташкилотга тўла аъзо бўлишимиз ҳам мумкин.

Бу масала «Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси»да ҳам айтиб ўтилган.

Ўрганишлар бизнинг манфаатимизга мос келмас экан, биз унга аъзоликни ёқламаймиз».

Равшан Хомитов, Халқ демократик партияси вакили:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати концепциясида унинг шу каби ташкилотларга аъзо бўлиши мумкинлиги кўрсатилган. Демак, бунинг ҳуқуқий асослари бор.

Юқорида айтилгани каби, ташкилотга аъзолик масаласини ўрганаётган ишчи гуруҳ хулосаси Халқ демократик партияси учун ҳам якуний хулоса ҳисобланади».

Улуғбек Пирмуҳамедов, Экологик партия вакили:

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Президент айтганидек, Ўзбекистоннинг экспорт ва импорти ўртасида 5 миллиардлик тафовут бор. Бу минус салдода. Шунинг учун ҳали бизнинг бозор иқтисодиётимиз иқтисоди юқори Евроосиё давлатлари талабига жавоб бермайди. Бунинг учун эса вақт зарур, деб ҳисоблаймиз.

Иқтисодиётимиз қачонки ўша давлатлар иқтисоди билан рақобатлашадиган даражага чиқсагина, кейин ташкилотга аъзо бўлиш керак, деб ҳисоблаймиз.

Албатта, иттифоққа қўшилишнинг ҳам ўзига яраша плюслари бор.  Масалан, ташкилотга аъзолик бизга қийинчиликсиз денгизга чиқиш имкониятини ҳам яратади».

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top