16:17 / 16.12.2019
0
18542

Ўзбекистон фуқароларига 85та давлатда ишлаш ҳуқуқини берувчи малака паспорти берилиши мумкин

Бугун, 16 декабрь куни, «Ишга марҳамат» мономарказида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Uzbekistan Skills ишчи касблар очиқ чемпионати ташкил этилди. Очилиш маросимида ҳукумат вакили сифатида молия вазири Жамшид Қўчқоров, «WorldSkills International» ассоциацияси президенти Йос де Гой қатнашди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов ушбу танловнинг аҳамияти ва ассоциацияга аъзолик масаласи хусусида тўхталиб ўтди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

«2019 йил 28 августда Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш миллий ассоциацияси – World Skills Uzbekistan ташкил этилди. Унинг доирасида I ишчи касблар чемпионати ўтказилмоқда. Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон жамоалари 10та касб йўналишлари бўйича ўзаро мусобақага киришди. Ушбу мусобақа World Skills халқаро ассоциациясига аъзо бўлишимизда муҳим қадам вазифасини ўтайди. Иштирокчилар World Skills талаблари асосида баҳоланади.

Ассоциацияга аъзо бўлиш бизга нима беради? World Skills имтиҳонларидан муваффақиятли ўтганлар «skills passport» (малака паспорти)га эга бўлишади ва бу ҳужжат фуқароларимизга айни вақтда World Skills таркибига кирувчи 85та давлатда ўз йўналишлари бўйича ишга жойлашиш имкониятини беради. Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб ассоциация таркибига кириш бўйича ҳаракатларни амалга оширмоқда», дея вазир ўринбосарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Муҳитдиновнинг таъкидлашича, жорий йилнинг 24 августида Ўзбекистон делегациясининг World Skills International президенти билан учрашуви чоғида вазирлик томонидан аъзолик бўйича ариза киритилди. Ўзбекистоннинг ушбу ҳаракатга қўшилишида кўмаклашиш учун Россия Федерациясининг «WorldSkills Russia» белгиланди ва ҳамкорликда «WorldSkills International» стандартларига жавоб берувчи малакани баҳолаш марказлари ва малакани мустақил баҳоловчи тизим ишга тушиши режалаштирилган.  

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top