17:57 / 03.11.2020
6132

World Skills Uzbekistan-2020: ўз касбининг усталари аниқланди

30-31 октябръ кунлари “Ишга марҳамат” банд бўлмаган аҳолига хизматлар кўрсатиш мономаркази биносида ишчи касблар бўйича “World Skills Uzbekistan-2020” чемпионати бўлиб ўтди. Чемпионат ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси (World Skills Uzbekistan) ва Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Мусобақада 16 ёшдан 25 ёшгача бўлганлар иштирок этди. Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабздан келган 36 нафар ёш мутахассис меҳмонхона маъмурияти, сартарошлик санъати, ошпазлик, қуруқ қурилиш ва пардозлаш ишлари, электр монтажи, пайвандлаш технологиялари бўйича беллашди.

Уларнинг ишини 45 нафар эксперт баҳолади. Чемпионат сўнгида барча иштирокчилар касбий билим ва кўникмалар тўғрисидаги сертификатлар –Skills-паспортлар олдилар ва ғолиблар олтин медал билан тақдирланди.

Танловнинг меҳмонхона хўжалиги йўналишида Юсупова Севара, ошпазлик бўйича Aбролова Ёқутой, сартарошлик санъати бўйича Маҳкамов Отабек, қуруқ қурилиш ва сувоқчиликдан Aбдураҳмонов Aкбар, электромонтаж йўналишида Сопаев Шерзод, пайвандлаш бўйича эса Aбдураҳмонов Бахтиёр ғолибликни қўлга киритди.

Ўтган йил декабръ ойида “Ёш профессионаллар” иттифоқи (World Skills Russia) билан ҳамкорликда ишчи касблар бўйича Ўзбекистон Республикаси биринчи очиқ миллий чемпионати ўтказилганди. Унда Россия, Қозоғистон, Қирғизистондан иштирокчи, эксперт ва кузатувчилар ҳам иштирок этишган. Шундан сўнг Ўзбекистон World Skills International халқаро ассоциациясининг 83-аъзоси бўлди.

World Skills International – халқаро нотижорат ташкилот бўлиб, 2 йилда бир марта ўтадиган халқаро чемпионатларни ташкил этиш орқали ишчи касблар нуфузи ва мақомини, шунингдек, касбий тайёргарлик стандартларини оширишга қаратилган. Ишчи касблар бўйича жаҳон чемпионати 2021 йил cентябрда Шанхайда ўтказилади.

World Skills’ни Ўзбекистонда ривожлантириш бўйича стратегик ҳамкор БМТ Тараққиёт дастури саналади. Ундан кўзланган мақсад меҳнат бозоридаги қатор фаол ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам кўрсатиш орқали Ўзбекистонда асосан коллеж ва университет битирувчилари, ёш аёллар орасида бандликка кўмаклашишдир.

Мавзуга оид
Top