21:03 / 12.02.2020
0
3662

«Формула-1»нинг Хитойдаги босқичи номаълум муддатга қолдирилди

«Формула-1» автопойгасининг Хитойдаги босқичи коронавирус эпидемияси сабабли номаълум муддатга қолдирилди.

Фото: Reuters

Бу ҳақда Халқаро автомобил федерацияси (FIA) баёнотида маълум қилинди. Хитой гран-приси 19 апрелда Шанҳайда бошланиши керак эди.

“Хитой босқичи “Формула-1” тақвимининг муҳим қисми ҳисобланади, автоспорт ҳамжамияти Хитойдаги пойгани интиқлик билан кутиб қолади ва ушбу мамлакат учун бундай оғир дамда энг эзгу тилакларни билдиради”, дейилган баёнотда.  

Хитойдаги пойга 2004 йилдан бери ўтказиб келинади. “Формула-1” босқичи охирги марта 2011 йилда Баҳрайнда бекор қилинганди. Бунга ушбу давлатдаги оммавий норозиликлар сабаб бўлган.

“Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эпидемияни фавқулодда ҳолат деб эълон қилгани сабабли, FIA ва “Формула-1” бу қарорни чемпионат иштирокчилари, ходимлар ва мухлислар соғлиғи ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилди”, дейилган хабарда. 

Пойгаларнинг жорий йилдаги илк босқичи 13-15 март кунлари Австралиянинг Мельбурн шаҳрида бўлиб ўтади.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top