Давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботи ТВ орқали тўғридан-тўғри эфирда бериб борилиши мумкин
Давлат бошқаруви ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини оммавий ахборот воситалари орқали тўғридан-тўғри эфирга бериб борилиши таклиф этилмоқда
“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида давлат бошқаруви ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботларини оммавий ахборот воситалари орқали тўғридан-тўғри эфирга бериб борилиши ҳақида петиция эълон қилинди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда телевидение каналлари сони ортиб бормоқда, аммо аксарият каналларда фақатгина кўнгилочар дастурлар ва ютуқли ўйинлар ҳақидаги кўрсатувлар, хориж сериаллари урфга айланди.
“Ҳаёт фақат ўйин-кулгидан иборат эмас-ку, бу ҳақида қанча куйиниб гапирсак ҳам эътирозимиз тугамайди.
Аммо, барча соҳа вазирларининг ҳар ойлик ҳисоботлари ҳамда Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқилаётган қонунлар ва қарорлар лойиҳалари оммавий ахборот воситалари эфирларида тўлиқ (жонли эфирда) бериб борилмайди.
Шунинг учун барча давлат бошқаруви ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг амалга оширган ишлари якунлари хамда келгусидаги режалари ҳақида Олий Мажлис палаталарида бериладиган ҳисоботларини оммавий ахборот воситалари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиш керак”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.
Таъкидланишича, ҳисоботларни барча давлат бошқаруви ва хўжалик бошқаруви органларининг шахсан биринчи раҳбарларининг ўзи бериши шарт. Давлат раҳбари ишониб раҳбар этиб тайинлаган ходим қандай ишларни амалга ошираётгани, юртимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган фаолияти ҳақида халқни хабардор этиб бориши зарур.
“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи раҳбарларнинг берадиган ҳисоботларини оммавий ахборот воситалари орқали тўғридан-тўғри эфирга узатиб бориш амалиётини жорий этишни таклиф қиламиз”, - дея якунланган петиция.
Бундан олдин, ҳокимларнинг телеканаллар орқали халққа ҳар чоракда ҳисобот бериш тартиби жорий этилиши мумкин экани хабар берилганди.
Мавзуга оид
09:50 / 23.10.2024
Тадбиркорлардан ҳисобот талаб қилиб олишда давлат органлари масъулияти оширилади
18:19 / 21.09.2024
Тадбиркордан ягона рўйхатга киритилмаган ҳисоботни талаб қилиш жаримага сабаб бўлади
10:03 / 02.09.2024
“Халқ назорати” портали орқали қилинган мурожаатлар сони 45 мингдан ошди
17:55 / 28.08.2024