14:10 / 10.03.2020
14795

Тошкентдаги ерусти ўтиш йўллари кексалар ва ногиронлар учун эмас. Уларнинг эгаси ким?

Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида пиёдалар учун бир нечта ер усти йўл ўтказгичлари қурилди. Хавфсизлик нуқтайи назаридан бунинг ижобий жиҳатлари кўп. Лекин янги қурилган бўлса-да, уларнинг катта қисмида ўрнатилган эскалатор ва лифтлар ишламаяпти.

Ногирон ва кўзи ожиз кишиларнинг жисмоний имконияти чекланганини ҳисобга олсак, юқорига чиқиб-тушиш уларга анча қийинчилик келтириб чиқариши табиий, албатта.

Кузатувларимиз давомида гувоҳ бўлдикки, Чилонзор, Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларида бунёд этилган пиёдалар ер усти йўл ўтказгичларнинг баъзиларида лифт ва эскалаторлар ишламайди.

Энг гавжум чорраҳалардан бўлган, «Миллий» стадиони ва «Ғафур Ғулом» боғи ёнидаги пиёдалар йўл ўтказгичига ўрнатилган, пиёдаларга қулайлик яратилиши мақсад қилинган лифт ва эскалатордан фойдаланиш имконсиз. Ваҳоланки, лифтга кириш эшигига ногирон фуқаролар фойдаланиши мумкинлиги ҳақида ёрлиқ ёпиштирилган.

«Новза» ва «Ғафур Ғулом» метро бекатлари яқинидаги пиёдалар йўл ўтказгичларининг лифт ва эскалаторлари ишлаётганини кўриш мумкин. Бироқ бошқа жойлардаги объектларда буларнинг акси. Ҳатто уларнинг баъзиларида лифт ва эскалаторнинг ўрни бор, ўзи эса йўқ. Чилонзор тумани Оқтепа маҳалласидаги чорраҳада қурилган икки йўл ўтказгичда ҳам махсус қулайлик ўрнатилмаган.

Бугун қанчадан-қанча кишилар бу ер усти кўприкларидан фойдалана олмаётганига ким жавоб бера олади? Уларнинг ишламаслигига сабаб нима? Уларнинг доимо фойдаланишга шай бўлиб туриши учун жавобгар ташкилот қайси?

Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига алоқага чиқдик. Маълум қилишларича, ушбу объектлар «Кўприкқурилишлойиҳа» унитар корхонасига қарашли экан. Улар эса бу иш «уларнинг бўйнидан соқит қилингани» ва бунга ҳеч қандай жавобгар эмасликларини билдиришди.

Суриштирувларимиз натижасида ушбу иншоотлар Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармасига тегишли экани маълум бўлди. Бироқ бошқарманинг пиёдалар йўл ўтказгичлари эксплуатацияси ва тозалигига жавобгар бўлган ходим билан қўнғироқ орқали боғланишнинг имкони бўлмади.

Вилоятларда кўприкларни лойиҳалаштириш ва қуриш билан шуғулланадиган «Кўприк йўл лойиҳа» МЧЖ бош директори Тўлқинжон Қўлдошевдан изоҳ олишга муваффақ бўлдик.

Тўлқинжон Қўлдошев

«Одатда пиёдалар қатнови кўп жойларга талабдан келиб чиққан ҳолда лойиҳага буюртма берилади. Лойиҳа қилувчи ташкилотлар, жумладан, «Боштранслойиҳа», «Ўзйўллойиҳа», «Йўл-лойиҳа бюроси» каби ташкилотларга буюртма берилиб, лойиҳалар тайёр бўлгач, унинг экспертиза хулосалари чиққандан сўнг молиялаштириш Молия вазирлиги ҳисобидан амалга оширилади.

«Ғафур Ғулом» метроси яқинидаги кўприкларнинг эскалаторлари доимий равишда ишлаб туради. Буни ўзим ҳам кўрганман. Қолган жойлардаги кўприкларда нега ишламаётгани ёки ўрнатилмагани хусусида ҳар хил хулосага келиш мумкин. Молиялаштириш масаласида қийинчилик бўлган бўлиши мумкин.

Қурувчининг иши фақатгина қуриб битказиш. Унга қур деса, қуради. Қурма деса, қурмайди. Лекин улар қуриб топширганидан уларнинг ишламаслигига ўзининг балансига олган ташкилотлар жавобгар ҳисобланади. Шу билан бирга, эскалаторга ҳам, лифтни ишлатишга ҳам масъул ходимлар қўйилиши керак.

Техникаларни олиб келиш учун ҳам катта харажат талаб этилади. Улар арзон эмас. Қаровсиз қолдириладиган бўлса, ҳар қандай нарса бузилиши мумкин. Ёш болаларнинг, қарияларнинг чиқиши бор. Уларга кўз-қулоқ бўлиб туриш зарур.

Шунингдек, ушбу техникаларни юргизиш учун электр энергияси талаб этилади. Aгар эскалатор ёки лифт қўйилмаган бўлса, демак, имкони бўлмагандир. Aсосийси, қурилган ва қанчадир миқдорда одамларнинг оғирини енгил қилишга ёрдам бермоқда», – деди Тўлқинжон Қўлдошев.

Ўйлаймизки, яқин кунларда ушбу муаммолар бартараф этилади ва кишиларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган масала ўз ечимини топади. Шу билан бирга, тегишли ташкилотлар ҳам вазиятга масъулиятлироқ ёндашади, деган умиддамиз.

Kun.uz мухбирлари: Маҳмудов Йигитали
Раҳматов Достон

Top