Жамият | 18:42 / 12.05.2020
34102
11 дақиқада ўқилади

Қўшничилик одоби – мукаммал иймон шарти. Хайрулла домла Турматов билан суҳбат

Баъзида қўни-қўшнилар ўртасида айрим кўнгилни хира қилувчи ҳолатлар рўй бераётгани қулоғимизга чалиниб қолади. Ваҳоланки. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жаброил алайҳиссалом менга қўшни ҳақида шунчалик васият қилдиларки, қўшни қўшнига меросхўр бўлиб қоладими, деб ўйлаб қолдим», деганлари ҳақида ҳадислар бор.

Рамазон ойидаги суҳбатларимизнинг навбатдагисида Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулло домла Турматов қўшничилик ҳақлари ва унинг одоблари хусусида сўзлаб беради.

Ислом қўшниларни 3 тоифага ажратади

Қўшничилик бугунги кундаги долзарб мавзу. Буни жуда аҳамиятли эканини шундан биламизки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нисо сурасида шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳга ибодат қилинглар, унга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-онага яхшилик қилинг ва қариндошларга, мискинларга, шунингдек, етимларга ва яқин қўшнига, ёнингиздаги қўшнига, ён қўшнига яхшилик қилинг».

Бу оятда 3 хил қўшнини алоҳида зикр қилиб ўтади. Қуръони каримда қўшничилик оятларининг зикр қилиниши бу муносабатнинг ниҳоятда жиддийлигидан далолат беради ва бу маъно ҳадиси шариф билан мустаҳкамланади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Жаброил ҳар сафар келганида, оят келтирганларида менга васият қилардилар: «Қўшнингизга эҳтиёт бўлинг, қўшничилик муносабатига аҳамият беринг», деб қайта-қайта айтардиларки, мен яқин орада инсоннинг қўшниси, фарзанди каби мол-у дунёсига меросхўр бўлиб қолса керак, деб ўйлардим. Ҳар сафар келганларида қўшничилик ҳақида айтардилар».

Кунлик таомингизда қўшнининг ҳақи бор

Яна бир ҳадисда айтилади: «Кимда ким Аллоҳга иймон келтирса, охират кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин».

Қўшнисига ёмонлик қилганлар-чи? Қўшнига ёмонлик қилса, демак, охиратдан умидворлик йўқ, иймони мукаммал эмас.

Ҳадислардан бирида Пайғамбар алайҳиссалом айтадиларки, «Кимда ким қўшниси оч бўлган ҳолда ўзи тўқ бўлиб тонг орттирса, иймони мукаммал эмас».

Ҳар куни кечқурун қайнатган қозонингиздаги бир коса овқатда қўшнининг ҳақи бор.

Қўшни иморат қуришда қўшнидан изн олади

Динимиз қоидаларига кўра, қўшни қўшнисининг рухсатисиз унинг иморатидан баланд иморат қурмасин. Иморатни ўзининг ерига қуради, лекин қўшнисининг иморатидан баланд қилмасин. Нега? Уни қуёшдан тўсиб қўймасин, унинг розилигини олсин.

Одоб юзасидан иморат қураётган инсон деразасини қўшни томонга кўринадиган қилиб қурмайди. Чунки бу бировнинг оиласига назар солиш бўлиб қолади.

Қўшничилик одоблари нималар?

Қўшни орасидаги ҳақлар ҳақида гап кетар экан, қўшни бирор жойга сафар қилса, уйини ўзиникидай муҳофаза қилиб туради; муҳтож бўлса, ёрдам беради; бемор бўлса, ҳолидан хабар олади; маслаҳат сўраб чиқса, тўғри йўл кўрсатади; унинг билмаган нарсасини ўргатади, қўшнининг хурсандчилигидан хурсанд бўлади, бошига тушган мусибатдан ташвишга тушади.

Бу – қўшнилар ўртасида лозим бўлган одоблардир.

3 тоифа қўшнилар кимлар?  

Юқорида иқтибос келтирилган оятдан келиб чиқиб, уламолар қўшнилар 3 тоифага бўлинишини айтишган. Биринчи тоифа шундай: у билан сизнинг орангизда битта ҳақ, яъни қўшничилик ҳақи бўлади.

Шундай қўшни борки, у билан сизнинг орангизда иккита ҳақ бўлади. У ҳам бўлса, қўшничилик ва мусулмонлик ҳақи.

Шундай қўшни ҳам борки, унинг қўшнисида учта ҳақи бўлади. Қариндош қўшни мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳақига эга.

Инсоннинг қўшниси бошқа динга эътиқод қилса, юқоридаги санаб ўтганларимиз қўшничилик ҳақларига қиради. Агар у мусулмон бўлса, ислом ҳуқуқлари ҳам қўшилади.

Мусулмоннинг мусулмонда ҳақи бор. Кўришганда салом бериш, акса урганда соғ бўлинг, деб қўямиз. Ҳаётда йўлидан адашса, тўғри йўлга солишга ҳаракат қилиш, вафот этса, жанозасида иштирок этиш мусулмонлик ҳақи бўлади.

Қўшнига азият бериш 10 кишига азият бериш билан баробар

Агар қўшни қариндош бўлса, 3та ҳақ бўлади. Қариндошлик ҳақи ҳам бор бу ерда. Борди-келди, маслаҳат, яқин муносабат ўрнатиш шунга киради.

Яна шундай муносабат борки, қўшнига ёмонлик қиладиган, қўшничилик муносабатларини билмайдиган инсонларга ҳам ҳадисларда бир сўз бор: инсон қўшнисининг битта товуғини ўғирласа, бошқа жойда ўнта хонадонга ўғирлик қилганга тенг бўлади.

Битта қўшнига азият етказиш, бошқа жойда ўн кишига азият етказиш билан баробар.

ОАВда эшитамиз: фалон маҳаллада ўғирлик бўлди, қотиллик бўлди, безорилик бўлди... Бир маҳаллада шундай гуноҳ содир бўлса, уни иккинчи юртдан келиб бошқа биров қилмайди. Уни шу атрофни яхши билган, шу инсонни таниган, мол-мулкини билган инсон қилади. Демак, қўшни ўғирлаяпти ёки четдан келган одамга унинг қўшниси маълумот беряпти. У – шерик. Унинг қўшнисига қилган иши ўнта оилани тунаган билан баробар.

Ичкилик ичиб қўшниларга азият етказиш кўпайиб кетди. Мана шунақа ҳолатлар кўпайганидан қўшнилар орасида самимият йўқоляпти, натижада қўшни бошига иш тушса, одамлар югуриб чиқмайдиган бўлди. Нимага? У – қўшничиликни билмайдиган одам. У – безори.

Мусулмонлар бир нарсани англашлари керакки, қандай азият етказади ёки йўқ унга яхши қўшничилик муносабатини қилавериш керак. Айниқса, шаҳар жойлар, кўп қаватли уйларда баъзи қўшнилар бир-бирини танимайди.

Ҳар томондан 40 киши қўшни саналади

Ваҳоланки, китобларимизда келишича, инсон яшаган жойида бир томондан 40тагача, иккинчи томондан 40тагача хонадон қўшни бўларкан.

Шунинг учун халқимизда бир болага етти маҳалла ота-она бўлади, деган нақл бор ва етти маҳалла қўшнининг боласини тартибга чақиришга ҳақи бор бўлган.

Инсон бошига иш тушганда биринчи қўшни хабар олади

Қўшнилар ўртасидаги муносабатлар дарз кетишининг бош сабаби – халқимиз қўшничилик муносабати фаришта Жаброилнинг Пайғамбар алайҳиссаломга қилган васиятлари эканини яхши тушуниб етмаслигидандир.

Аллоҳнинг инояти, Қуръонда зикр қилингани, куни келиб Жаброил алайҳиссалом васиятда шундай бардавом бўлаверсалар, инсон мол-дунёси фарзандига қоладиган бўлса, қўшнига ҳам улуш ажратиб қолсак керак, деган даражага борилиши қўшничилик муносабатларининг аҳамиятини англатиб туради.

Чунки инсон бошига иш тушганда олдига биринчи келадигани қўшниси бўлади. Узоқдаги қариндош етиб келгунича қўшни чиқиб мушкулингизни осон қилади ёки фарзандингиз ҳоли ҳақида хабар беради ёки хонадонингизга келадиган одамга сиз ҳақингизда яхши ахборот беради.

Уйдан олдин қўшни ол...

Арабларда бир мақол бор: «Уйдан олдин қўшни ол, йўлдан олдин йўлдошни сўра».

Бир жойга сафарга борасан, деса йўл қанча масофа ёки у ерда қанча вақт бўламан, деб эмас, ким билан бораман, деб сўранг. Агар йўлдошингиз яхши бўлса, сафарда машаққат кўрмайсиз.

Уй оламан десангиз ҳам, ҳовлиси, иморати қандай экан, дейишдан олдин қўшнилари кимлигини ўйлаш керак. Қўшнилари иймонли, диёнатли бўлган жойда ҳар қанақа муаммо ҳал бўлиб кетади. Қаср уйда яшасангиз-у, қўшнингиз нобоп бўлса, у жойдаги ҳаётингиз фаровон бўлмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар Аллоҳнинг ер юзидаги гувоҳларисиз», деб марҳамат қилганлар. Бизнинг ҳар қандай ҳолатимизда гувоҳликка ўтадиганлар бу – қўшнилардир.

Аждодларимиз қўшничилик масаласида ҳатто қабр қўшним ҳам яхши бўлсин, деб ният қилишган. Ахир, ёнидаги қабрда инсон роҳатда бўлса, бу қўшнигаям шарофати бор. Ёнидаги қабрда олов бўлса, ёнидаги инсонгаям унинг тафти бор.

Мусо пайғамбарнинг жаннатдаги қўшниси

Мусо алайҳиссалом Аллоҳдан ҳаётлик даврида жаннатдаги қўшнисини кўрсатишни сўрабдилар. У кишига илҳом бўлиб фалон мамлакатдаги бир қассоб жаннатда қўшни экани билдирилибди. Излаб бориб, қарагач, Мусо алайҳиссалом қўшним шумикан, деб иккиланибди. Кейин яқинлашиб, бир кунга уйидан жой сўраб, бир кеча тунабди. Қараса, уйда саватда бир нарса осиғлиқ экан. Унда мункиллаб қолган қария онахон. Қассоб онасига ғамхўрлик қилиш учун уйланмай, фақат шу онаси учун яшаб, ишга кетганда шу саватга қўйиб кетар эканлар. Қайтганида сочини тараб, юз қўлини ювиб, таом бераркан. Бир кечада Мусо алайҳиссалом қассобнинг онасига қилган хизматини кўриб, «эй Парвардигор, розиман», деган экан.

Жаннатдаги қўшниларимиз ҳам ана шундай инсонлар бўлиши учун биз ҳам атрофимиздаги қўшниларга чиройли муносабат қилишимиз, улар Аллоҳнинг ҳузурида ҳам бизнинг ҳақимизга яхшиликка ўтишлари учун, энг асосийси, Аллоҳнинг буюрган амри, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига мувофиқ муносабат ўрнатсак, шунда дунёда ва охиратда саодат аҳлидан бўламиз.

Икки кишининг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғонга рухсат бор

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида айтилади: «Икки инсоннинг орасини ислоҳ қилишнинг ажр-у савоби ниҳоятда катта».

Қўшнилар ўзаро келишмай қолган вақтда ўша атрофдаги қолган қўшниларга, улар хоҳ аҳли илм бўлсин, оқсоқоллар бўлсин, жуда катта масъулият тушади. Ўзаро келишмай турган инсонларнинг орасини ислоҳ қилиш Исломда жуда катта савоб иш. Шу иккита инсон орасини ислоҳ қилиш нуқтайи назаридан ёлғон гапиришга динимиз рухсат беради.

Ер талашган ерники...

Имом Ғаззолий шундай ҳикоя қилган: «Икки киши ер талашар экан. Бири бу жой менга отамдан қолган деса, иккинчиси бу жойни ҳоким менга хатлаб берган, деркан. Икковиям бир-бирига кетмон кўтарса, Ер айтаркан: бунисиям, унисиям меники. Бир кун келиб икковинг ҳам меникисан».

Шундай экан, дунёда қоладигани – одамийлик, иймонлилик. Тўғри тушунтириб бу дунёда ҳал этилмайдиган муаммонинг ўзи йўқлигини уқтириш керак.

Ҳадисда мусулмон мусулмонга биродар экани айтилади. Унга зулм ҳам қилмайди, ўз ҳолига ҳам ташлаб қўймайди. Иккита мусулмон арзимас нарсани деб бир-бирига зулм қилмаслиги ва атрофдагилар ҳам бепарво бўлиб ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги ҳам керак. Қўни-қўшнилар орасидаги келишмовчилик кўпчиликнинг ҳушёрлиги билан муолажа қилинади.

Пайғамбаримиз яҳудий қўшнисини ҳам унутмаган

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўп ҳадисларида бу воқеа келтирилган. Маълумки, Мадинада яҳудийлар кўп бўлган. Улар билан муроса қилиб яшалган. Пайғамбар алайҳиссалом бир куни ҳазрати Али ва бошқа бир саҳобийга қурбонлик қилиб, унинг гўштини тарқатишни буюрдилар. Улар кимдан бошлашни сўрашганида, «мана шу қўшнидан бошланг», дея яҳудий қўшнисини кўрсатдилар. Бу яҳудий-ку, дейишса, «у қўшни», деб жавоб бердилар.

Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳунинг ҳаётида ҳам бундай воқеалар жуда кўп бўлган. У киши қурбонлик қилиб гўшт тарқатган пайтларида сўювчи қассоб ва хизматчилар гўштни майдалаб тарқатгунларигача «яҳудий қўшни қолиб кетмадими», деб 3 марта қайта сўраганлар.

Инсон хайр-саховатни ҳам, кечқурунги таомидан ким бўлишидан қатъи назар қўшнига илиниши бу – Исломнинг гўзаллигидир.

Мавзуга оид