Жамият | 18:20 / 21.05.2020
18866
7 дақиқада ўқилади

Ислом динининг шиори – ҳаё ҳақида. Хайрулла домла Турматов билан суҳбат

Kun.uz Рамазон ойи муносабати билан ташкил этиб келаётган туркум суҳбатларини ҳаё мавзуси билан давом эттиради. Бу мавзу юзасидан Тошкент вилояти бош имом хатиби Хайрулла домла Турматов билан суҳбатлашдик.

Ҳаё – Ислом динининг шиорларидандир

Аввало, муқаддас Рамазон ойи ҳаммамизга муборак бўлсин. Бу кунларда ваъда қилинган ажр-у савобларни Аллоҳ ҳаммамизга насиб қилсин. Шунинг баробарида Рамазонда покланиб, хулқимиз гўзаллашсин. Ва гўзал ҳаё соҳиби бўлиш насиб қилсин.

Ҳаё ҳақида сўз кетганда жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир муборак ҳадисларини эсласак, ўринли бўлади. У зот айтганларки: «Ҳар бир диннинг хулқи бор. Исломнинг хулқи ҳаёдир».

Демак, агар Ислом динининг хулқи ҳаё бўлса, унга эътиқод қилувчи мусулмонларнинг асосий фазилати ҳам ҳаё бўлиши лозим.

Динимизда унинг мадори бўлган ҳадислар бор. Улардан бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар ҳаё қилмасанг, билганингни қилавер», деганлар.

Буни 2 хил маънода тушуниш мумкин. Биринчи маъно амр, буйруқ эмас, ундаги оҳанг киноядан иборат ва одамларни нотўғри нарсадан қайтариш учун янграмоқда. Иккинчи маънода эса хабар оҳанги бор, бу маъно кимнинг ҳаёси бўлмаса, у ҳеч нарсадан тап тортмаслиги ва билган ишини қилавериши мумкинлиги айтилмоқда.

Бу ҳадис, дастлаб, Абу Масъуд розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Унда «Одамлар пайғамбарликдан олган илк нарса ҳаё эди», дейилади.

Тошкент вилояти бош имом хатиби
Хайрулла Турматов

Ҳаё – иймондандир

Иймоннинг бир неча шохи бор. Афзали: «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бўлса, одамларга озор берадиган бирор нарсани йўлдан олиб ташлаш ҳам иймоннинг кичик бўлагидир. Ҳаё ҳам иймоннинг бир бўлаги, шунингдек, инсон хулқини гўзал қиладиган восита ҳамдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаё масаласида бизга буюк мактаб эди. Имом Барзанжий «Мавлудин Набий» асарида Пайғамбаримиз сифатини келтириб бир байт ёзган: «У зот ниҳоятда ҳаёли ва тавозели зот эди. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳаёси чодирдаги келинчакнинг ҳаёсидан ҳам кучлироқ эди».

Демак, ҳаё бизга суннат ҳисобланади.

Бугунги кунда ҳаё кўтарилгандек

Бугун кундалик ҳаётимизга назар соладиган бўлсак, оилавий муносабатларда, қўни-қўшничилик муносабатларида, бозордаги жараёнларда ҳаё кўтарилгандек. Бозордаги айримларнинг, кўчада ўйнаб юрган болакайнинг оғзидан чиқаётган сўз кишини ҳайратга солади.

Ҳаётда учраётганимиз турли вазиятларни кўриб, наҳотки биз мусулмонмиз, наҳотки ўзбекмиз, наҳотки фалончининг ҳам ота-онаси бор, деб ўйлаб қоламиз. Буларга сабаб ҳаё кўтарилганидир. Балки бизнинг диёнатдан, қадриятларимиздан узоқлашганимиз ёки турли хорижий сериалларга берилганимиз ҳам бунга сабабдир.

Ҳаёни ота-она беради

Аслида, ҳаё ҳақидаги тарбияни ота-она беради. Бироқ афсуски, ўша тарбияни бериши лозим бўлган ота-она ҳам бу борада тарбияга муҳтож. Инсон калима айтиш билан мусулмон бўлади, лекин унинг қилаётган ҳамма амаллари қалбидаги иймонига муносиб ва ҳаёли бўлсагина, иймони гўзал бўлади.

Ҳаё ҳақида сўз кетганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўзларини эслаш лозим: «Сизлар, аввало, Аллоҳдан ҳаё қилинглар. Аллоҳ таоло ҳаммадан ҳам ҳаё қилинишга муносиброқдир».

Саҳобаи киромлардан айримлари Расулуллоҳдан насиҳат қилишини сўраганларида, Пайғамбаримиз: «Ҳатто ёлғиз бўлганингда ҳам яланғоч бўлма», – дедилар. Саҳобалар: «Агар атрофда ҳеч ким бўлмаса-чи?» дея сўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Аллоҳ кўриб турибди-ку. Аллоҳ таоло ҳаё қилишингга энг ҳақли Зот», дея жавоб бердилар.

Усмон розиаллоҳу анҳунинг ҳаёлари

Ҳаё ҳаётимизни гўзаллаштиради, бир-биримизга меҳримизни орттиради, амалларимизни зиёда қилади, зийнатлайди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бир ҳадислари бор: «Саҳобаларим кўкдаги юлдузлар кабидир. Қайси бирига эргашсангиз ҳам ҳидоят топасиз». Усмон розиаллоҳу анҳу ҳам ҳаёси жуда баланд шахс сифатида эсланади.

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнбошлаб ўтирганларида Абу Бакр Сиддиқ салом бериб кириб ўтиради, бироздан сўнг Умар розиаллоҳу анҳу кириб келиб ўтиради. Пайғамбаримиз ҳолатларини ўзгартирмайдилар. Бироздан сўнг Усмон розиаллоҳу анҳу келиб, изн сўраганларида, Набий алайҳиссалом ўрнидан туриб, кийимларини тузатиб олиб, сўнг Усмон розиаллоҳу анҳуга жой кўрсатади.

Бу воқеага шоҳид бўлиб турган оналаримиздан бирлари Расулуллоҳдан Абу Бакр Сиддиқ ва Умар розиаллоҳу анҳу кириб келганида нега ўрниларидан турмасдан, Усмон розиаллоҳу анҳу кириб келганида ўрнидан турганларининг сабабини сўрайди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Усмондан ҳатто малойикалар ҳам ҳаё қилишини айтади.

Ҳазрати Усмоннинг ҳаёси тилларда достон бўлган. У зотдан саховат, ҳиммат борасида оладиган нарсамиз жуда кўп. Аммо ҳаё борасида ўрганадиганларимиз ҳаммасидан ортиқ.

Айтишларича, Усмон розиаллоҳу анҳунинг бир одамга тик боқиб гапирганини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон кўрмаган эканлар. Усмон розиаллоҳу анҳу ўзида бор бирор нарсани бошқаларга илинмагунча Аллоҳдан ҳаё қилиб турганлар.

Пайғамбаримиздан эшитган ҳар бир ўгит, ҳадисини ҳаётида амалга киритмагунча, уни қоим қилмагунча тиниб-тинчимаган. Шунинг учун у қиёмат кунига қадар Соҳиби ҳаё дея тилларда достон бўлган.

Фарзандларимиз ҳаё соҳиби бўлишсин

Бугун Рамазоннинг дуолар қабул бўладиган, қалб ва руҳимиз покланадиган, саховатимиз жўш урган палласида турибмиз. Инсон яхшиликка ўрганиш билан эришади. Бу борада суннат бўлган ҳаёга ҳам одатланиш лозим ва Аллоҳ бизни ҳамиша кузатиб турганини ҳис қилайлик.

Қиёмат куни Пайғамбаримиз (с.а.в) билан юзма-юз келамиз, ўшанда у зот бизни «умматим» дейиши учун муносиб амаллар қилишга, суннатларини ҳам имкон қадар қоим қилишга ҳаракат қилайлик.

Масалан, бизнинг аждодларимиз ота ўтирган уй томига чиқишмаган, энг яхши кўрган нарсаларини ота-онасига илинган, ҳурмат-иззат ва ҳаё қилишган. Бир инсон иккинчи кишининг олдида бирор ёмон сўз айтмаган. Ҳаё қилишгани учун ҳам бир-бирига ҳурмат билан муносабатда бўлишган. Биз ҳам ҳаё соҳиби бўлайлик. Шунда биздан туғилажак фарзандлар ҳам ҳаё соҳиблари бўлишади.

Мавзуга оид