05:23 / 20.05.2020
10471

Маҳмуд Аббос Фаластин Исроил ва АҚШ билан имзоланган барча келишувлардан чиққанини эълон қилди

Фото: Reuters

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос мамлакат Исроил ва АҚШ билан имзоланган барча келишувлардан чиққанини эълон қилди. Фаластин етакчиси бу ҳақда «Ал Жазира» телеканали жонли эфирида айтган. Бунга сабаб сифатида Исроилнинг Фаластин ерларини ўзлаштиришга уриниши келтирилган.

«Фаластинни озод қилиш Ташкилоти ҳамда Фаластин халқи бугундан Исроил ва АҚШ билан барча келишувлар бўйича мажбуриятларни тан олмайди. Жумладан, хавфсизлик бўйича келишув доирасида ҳам», деган Маҳмуд Аббос. У шунингдек, Фаластинни истило қилгани учун Исроил халқаро ҳамжамият олдида жавоб бериши кераклигини айтган.

Маҳмуд Аббос Фаластинни халқаро ташкилотлар ва институтлар сафига қўшиш вақти келгани ҳақида гапирган. «Биз ўзимизни бир қисми деб ҳисоблайдиган халқаро ҳуқуқ, араб дунёси ва ислом олами доирасидаги келишувларга, шунингдек, халқаро терроризмнинг ҳар қандай кўринишдаги турига қарши курашда собитқадамлигимизни яна такрорламоқчимиз», деган Фаластин етакчиси.

Маҳмуд Аббос мамлакат қайси шарт билан Исроил билан музокаралар столига ўтиришини ҳам айтди: «Музокаралар халқаро иштирокчилар кузатувида халқаро конференция тартибида ва халқаро ҳуқуқ нормалари асосидагина бўлиб ўтиши мумкин».

Аввалроқ Исроилда иккита бош вазирдан иборат ҳукумат тасдиқланганди.

Top