Жаҳон | 18:04 / 21.05.2020
11945
2 дақиқада ўқилади

Фаластин БАА жўнатган инсонпарварлик ёрдамини олишдан бош тортди

Манбаларнинг қайд этишича, фаластинликларга мўлжалланган инсонпарварлик ёрдамлари Исроил орқали эмас, Фаластин миллий маъмурияти орқали мувофиқлаштирилиши лозим.

Фото: AP Photo / Hatem Moussa

Бирлашган Араб Амирликлари авиакомпаниясининг инсонпарварлик ёрдами ортилган самолёти Исроилга етиб келди, аммо Фаластин миллий маъмурияти уни қабул қилишдан бош тортди, деб хабар бермоқда Maan агентлиги.

"Фаластин маъмурияти ва Ғазога коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун  Etihad Airways авиакомпаниясининг инсонпарварлик ёрдами ортилган самолёти тарихда илк бор Абу-Дабидан Исроилга келиб қўнди", - деб хабар берганди кеча Исроил ТИВ.

Maan агентлигининг ёзишича, Фаластин ҳукумати БАА жўнатган инсонпарварлик ёрдамини олишни рад этган.

"БАА Фаластин маъмурияти билан келишмагани учун Фаластин ҳукумати бу юкни олишдан бош тортди. Фаластин миллий маъмурияти ҳукумати ушбу юк БАА ва Исроил ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши учун "кўприк" бўлишини истамайди", - деган агентлик манбалари.

Манбаларнинг қайд этишича, фаластинликларга мўлжалланган инсонпарварлик ёрдамлари Исроил орқали эмас, Фаластин миллий маъмурияти орқали мувофиқлаштирилиши лозим ва "муносабатларни яхшилаб олиш учун тиргак бўлмаслиги" керак.

Аввалроқ Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Фаластин Исроил ва АҚШ билан тузилган барча келишувларни бекор қилмоқчи эканлигини айтганди. Бунга Исроилнинг Фаластин ерларини қўшиб олиш нияти сабаб бўлган.

Мавзуга оид