Жаҳон | 16:40
2646
4 дақиқада ўқилади

Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи

Сўнгги ойларда Исроил аскарлари Ғазо марказида буфер зона яратиш учун 600 дан ортиқ биноларни бузиб ташлади ва ҳарбий базалар тармоғини кенгайтирмоқда. Сунъий йўлдош тасвирлари ва видеолавҳаларни таҳлил қилган New York Times'нинг ёзишича, охирги 3 ой ичида Исроил кучлари томонидан Нетзарим коридори ва унинг атрофида ўнга яқин янги базалар пайдо бўлган.

6 километрлик Нетзарим коридори Ғазо секторини иккига – шимолий ва жанубий қисмларга ажратиб туради. Урушнинг илк ойларидан бери Исроил кучлари жанубга кўчирилган юз минглаб ғазоликларнинг сектор шимолига қайтишига йўл қўймаслик учун коридорни эгаллаб олган. Айни пайтга келиб бу коридор атрофида 47 км квадратга яқин ёпиқ ҳудуд ташкил этилган.

Охирги уч ойда аскарлар йўл атрофидаги 600 дан ортиқ биноларни бузиб ташлади. Шунингдек, алоқа миноралари ва мудофаа истеҳкомлари тармоғи жадаллик билан кенгайтирилди. New York Times бу ҳаракатлардан мақсад буфер зона яратиш эканини тахмин қилган. Ҳарбийларнинг ўзи буни “оператив сабаблар” билан изоҳлаган.

Исроил 1967 йилги араб-исроил урушида Ғазони босиб олган ва у ерда яҳудий турар жойлари ва ҳарбий базаларини ташкил қилган. Бу қўшинлар ва кўчманчилар 2005 йилда Ғазодан чиқиб кетган, шундан кейин сектор бошқаруви фаластинликларнинг Ҳамас ҳаракатига ўтган. Орадан 18 йил ўтиб, Исроил Ғазо оккупациясини яна давом эттирмоқда.

Сунъий йўлдошдан олинган 2024 йил куз ойларига оид суратлар таҳлили шуни кўрсатадики, Исроил ҳарбийлари ҳудуд бўйлаб камида 19 та йирик ва ўнлаб кичик базаларга эга. Баъзилари урушдан олдин қурилган бўлса-да, тасвирлар қурилиш суръати тезлашаётганини кўрсатади. Сентябр ойи бошларидан бери 12 та база ё янгидан қурилган ёки кенгайтирилган. Қурилган биноларга олиб борувчи йўллар асфалтланган, бинолар девор билан ўралган, казармалар, кириш йўллари ва зирҳли машиналар учун тўхташ жойлари ташкил этилган. Базалар мудофаа ариқлари, қўрғонлар ва транспорт воситаларига қарши тўсиқлар билан ўралган.

Шу ўринда Ғазодаги икки муҳим ҳарбий коридор ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтамиз.

Нетзарим коридори – Ғазонинг шимолий қисмини жанубий қисмидан ажратиб турадиган, тахминан 6 км узунликдаги йўлак. Исроил ҳудудидан бошланиб, Ўрта ер денгизигача давом этади. Йўлакни 2005 йилгача бўлган даврда Исроил армияси ташкил қилган. Коридор бу ерда 1970-йилларда барпо этилган яҳудий манзилгоҳининг номи билан аталган.

Ғазода Исроил армияси ташкил этган яна бир коридор Филаделфия деб аталади. Ғазо ва Миср чегараси бўйлаб ўтган коридор – узунлиги 14 км, эни 100 метр бўлган тор демилитаризация қилинган буфер зона бўлиб, унинг номи ҳарбийларнинг объектларни тасодифий номлар билан кодлаши орқали келиб чиққани айтилади. Филаделфия коридори Ғазо, Исроил ва Миср чегаралари туташган Карим Шалом ўтиш пунктидан бошланиб, Ўрта ер денгизигача чўзилган.

Йўлак 1979 йилда Миср ва Исроил ўртасида имзоланган тинчлик шартномаси натижасида ташкил этилган. Келишувда Исроил бу ерда пиёдалар баталонлари, ҳарбий иншоотлар ва дала истеҳкомлари каби чекланган қуролли кучларни жойлаштириши мумкинлиги белгиланган. Танклар, артиллерия ва анти-артиллерия қуроллари, самолётлар ва айрим турдаги ракеталарни жойлаштириш эса тақиқланган.

Ғазода Нетзарим ва Миср билан чегарадаги Филаделфия коридорларини бир вақтнинг ўзида назорат қилиш Исроилга Ҳамас ва Фаластин аҳолисини янада яккалаб қўйиш имконини беради. Ғазога кириш-чиқиш имкониятлари тўсилади, ташқи дунё билан алоқалар, озиқ-овқат ва қурол-яроғ таъминоти чекланади.

Ушбу стратегияни Исроилнинг собиқ бош вазири Ариел Шарон томонидан илгари сурилган “Беш бармоқ” доктринасининг эволюцияси сифатида ҳам кўриш мумкин. Бунда Ғазони турли қисмларга бўлиб, Исроил учун ҳудудни бошқариш осонроқ бўлиши мақсад қилинган.

Мавзуга оид