19:41 / 24.06.2020
7460

«Тошкент вилоятида аҳоли муаммоларини бартараф этиш бўйича аксарият ҳолларда тегишли ташкилотларга хат чиқариш билан чекланиб қолинган» – Сенат

Тошкент вилоятида аҳоли муаммоларини бартараф этиш бўйича аксарият ҳолларда тегишли идора ва ташкилотларга хат чиқариш билан чекланиб қолинган. Бу ҳақда 23 июнь куни бўлиб ўтган Сенат кенгашининг видеоконференцалоқа тарзида мажлисида сўз борган.

Фото: Сенат

Парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб борган ушбу мажлисда Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш масалалари муҳокама қилиниб, секторлар раҳбарларининг бу борада амалга оширган ишлари тўғрисида ҳисоботлари эшитилган.

Қайд этилишича, жорий йил 16-18 июнь кунлари Сенат ишчи гуруҳи томонидан Тошкент вилояти секторлари раҳбарларига бириктирилган ҳудудлардан танлов асосида биттадан туман (шаҳар) – Олмалиқ шаҳри, Оҳангарон, Паркент ва Чиноз туманларида секторлар фаолияти ўрганиб чиқилди. Ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш давомида ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари таҳлил қилинган.

Ўрганиш давомида вилоятдаги айрим секторлар фаолияти самарали ташкил этилмаганлиги, бу борадаги ишлар ҳали тўлиқ тизимли йўлга қўйилмаганлигини аниқланган. Жумладан, айрим секторларда тасдиқланган «Йўл хариталари» аҳоли муаммоларидан келиб чиққан ҳолда эмас, балки инвестиция дастурларидан ўрин олган чора-тадбирларни кўчириб қўйиш орқали шакллантирилган.

Қолаверса, баъзи «Йўл хариталари» ижроси тўлиқ таъминланмаган, уларнинг бажарилиши бўйича тизимли мониторинг йўлга қўйилмаган, аҳоли муаммоларини бартараф этиш бўйича аксарият ҳолларда тегишли идора ва ташкилотларга хат чиқариш билан чекланиб қолинган.

Эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқаришда асосий эътибор уларга озиқ-овқат маҳсулотлари беришга қаратилмоқда. Ваҳоланки, уларни доимий ишга жойлаштириш орқали ўз даромад манбаига эга бўлишларига эришиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, Чиноз туманининг 2-секторида аҳолини камбағалликдан чиқариш ишларига мутлақо қониқарсиз ёндашилмоқда. Масалан, секторда ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан 2020 йил 12 июнь куни ҳудуддаги «Бунёдкор» маҳалласида яшовчи 32 нафар эҳтиёжманд оиладан 24 тасини рўйхатдан чиқариш бўйича далолатномалар тузилган, аммо уларнинг таҳлили айни дамда ушбу оилаларнинг барчасини рўйхатдан чиқариш тўғри эмаслигини кўрсатмоқда.

Яна бир жиҳат, вилоятда «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатишда ижтимоий тенглик тамойилига амал қилинмаяпти. Масалан, Чиноз туманининг 3-сектори раҳбари томонидан 2020 йил 23 майда 13 нафар оила аъзоси бўлган хонадонга 50 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти берилган бўлса, 24 май куни аъзолар сони 2 нафар бўлган оилага 350 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти тақдим этилган.

Бундан ташқари, мажлисда уйма-уй юриш орқали аҳоли муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этиш ишлари мунтазам равишда олиб борилмагани, коронавирус пандемияси даврида эҳтиёжманд аҳоли вакилларини ишга жойлаштириш масаласига юзаки ёндашиш ҳолатлари мавжудлиги, қолаверса, секторлар томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш ишлари ҳам талабга жавоб бермаслиги таъкидланди.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғри йўлга қўйилмаганлиги боис жиноятчилик Олмалиқ шаҳрининг 3-сектори ҳудудида жорий йилнинг беш ойи давомида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоиз, 4-сектори ҳудудида 75 фоиз, Паркент туманининг 4-сектори ҳудудида 33 фоизга ошгани қайд этилган.

Мажлисда секторлар раҳбарларининг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш борасида ҳисоботлари тингланиб, мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати кенгашининг қарори қабул қилинган.

Top