21:06 / 01.07.2020
97348

Навоийдаги қамоқхонада маҳбус қийноқлардан вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалди. ИИВ ҳолат юзасидан изоҳ берди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ 23-сон МУИКда жазо муддатини ўтаётган 45 ёшли маҳкум Ф.Х. вафот этган.

У Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидан бўлиб, Навоий вилоятидаги 11-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган бўлган. 

Бу ҳақдаги дастлаб «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилган.

Видеодан кадр

А.Ташановнинг ёзишича, Ф.Х. бир неча кун аввал уйига қўнғироқ қилиб, колония ходимлари пул талаб қилишаётганини билдирган, ҳатто қандайдир ҳисоб рақамлари ҳам берган.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га тақдим этган маълумотига кўра, марҳумнинг ўлимига В-24.0 IV клиник босқичи (лимфа тугунларининг тарқоқ катталашиши, орофаренгиал кандидоз, номаълум этиологиядан узоқ давом этувчи иситма, тана вазнининг 10 фоиздан ортиқ озиши, диарея) сабаб бўлгани айтилади.

Маълум қилинишича, маҳкум 2020 йил 5 июнь куни 11-сонли ЖИЭКдан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ 23-сон МУИКга олиб келинган.

Маълумотда маҳкум Ф.А. 2020 йил 15 июнь куни соат тахминан 17:45ларда ўз палатасида ўтирган ҳолатида ўрнидан турмоқчи бўлган пайтда мувозанатини йўқотиб, эҳтиётсизлиги оқибатида полга йиқилгани, бурун устки қисми ва пастки лаб ташқи юзасида енгил юзаки жароҳат олгани айтилади. Беморнинг умумий аҳволи ўта оғирлиги, ўз мустақил ёза олмаслиги сабабли у билан бирга даволанаётган беморлардан ёзма тилхатлар олингани айтилмоқда.

Маҳкум 2020 йил 18 июнь куни тонгги соат 05:45да вафот этган.

Маълум бўлишича, маҳкум Ф.Х. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми ва 164-моддаси (Босқинчилик) 2-қисми «а» банди билан айбланиб, суднинг 2010 йил 18 октябрдаги ҳукми билан 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлган. Шунингдек, маълумотда Ф.Х.нинг суд ҳукми билан ўта хавфли рецидивист деб топилгани айтилади.

Вазирлик тақдим этган маълумотларда марҳум Ф.Х.нинг ўлимидан олдин қийноққа солинган ёки солинмагани ҳақида маълумот берилмаган.

Бу ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳам расмий баёнот бериши кутилмоқда.

Кеча, 30 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда давлат раҳбари суд-ҳуқуқ тизимига тўхталиб, Андижон шаҳрида ҳамда Чироқчи туманида ички ишлар органлари биноларида қийноқ ҳолатлари кузатилгани танқид қилган эди.

2016 йилнинг 30 июнида Навоий вилоятидаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида Жиноят кодексининг 28,182-моддаси билан айбланиб, озодликдан маҳрум қилинган Суннатилла Шермуҳаммедов вафот этганди.

Масъуллар унинг ўлимини сурункали касаллик, хусусан орттирилган сепсис натижасида юз берган деб хулоса қилишган. Бироқ марҳумнинг онаси ҳалигача фарзанди ўлимига орган ходимлари томонидан қўлланган қийноқлар сабаб бўлган деб ҳисоблайди.

Top