14:08 / 11.07.2020
31085

Юнонлар Эрдўғаннинг Аё Софияни масжидга айлантириш қарорини тарихий хато санашмоқда

Греция ҳукуматининг расмий вакили Стелиос Пецас Истанбулдаги Аё София ибодатхонаси музейдан масжидга айлантирилганини «тарихий хато» деб атаб, Афина халқаро ташкилотлар ва ЕИ томонидан Туркияга нисбатан санкциялар жорий этилиши учун ҳаракатларни кучайтиришини маълум қилди.

Фото: Getty Images

«Эрдўған узилишга сабаб бўлувчи тарихий хатога йўл қўйди. Умид қиламанки, бу хато тузатиб бўлмас хатога айланмайди», — дея Пецаснинг шанба куни Skai телеканали эфиридаги сўзларини келтирмоқда ТАСС.

Юнон ҳукумати расмийси Туркия президентнинг қарори унинг ўзи учун муаммо келтириб чиқаришини айтган.

«Греция бу ҳаракатларни қоралайди ва Туркия учун оқибатлар келиб чиқиши учун бор имкониятларни ишга солади. Ҳаммаси стол устида, нафақат Европа томонидан, шунингдек ЮНЕСКО каби халқаро ташкилотлар томонидан ҳам санкциялар эҳтимоли юзага келди», — деган у.

«Муайян шаклда санкциялар қабул қилишимизга шубҳа йўқ», — деган Пецас масала ЕИнинг навбатдаги саммити кун тартибига қўйилишини таъкидлаб.

«Халқаро ҳуқуқни бузган исталган киши оғриқли санкциялар бўлишини тушуниши керак», — деган Греция Вазирлар Маҳкамаси вакили.

«Муқаддас София ибодатхонаси — халқаро мавзу. Шубҳасиз бўлган ягона нарса шуки, [халқаро ҳуқуқларнинг] бундай поймол этилиши ва бундай жиддий ҳақорат етарли тарзда жавобга эга бўлиши керак. Биз яқин кунлар ичида воқеалар ривожини кутиб қоламиз», — дея қўшимча қилган Стелиос Пецас.

Фото: Scott S. Warren/National Geographic

Жума куни Греция бош вазири Кириакос Мицотакис мамлакат Туркиянинг Аё София ибодатхонасини масжидга айлантириш қарорини қатъий қоралашини таъкидлаган эди. Бош вазирнинг сўзларига кўра, бу ҳаракат нафақат Туркиянинг Греция билан муносабатларига, шунингдек Европа иттифоқи, ЮНЕСКО ва бутун жаҳон ҳамжамияти билан алоқаларига таъсир ўтказади.

Греция президенти Екатерина Сакелларопулунинг фикрича, Анқаранинг православ ва бутун насронийлик олами рамзи бўлган Муқаддас София ибодатхонасини масжидга айлантириш қарори «тарихий хотирага ҳужумдир ва динлараро мулоқот қадриятига рахна солади».

Греция ТИВ раҳбари Никос Дендиас ибодатхонани мачитга айлантириш қарорини фитна деган бўлса, Греция маданият ва спорт вазири Лина Мендони буни «бутун цивилизациялашган дунёга қарши чиқиш» деб атаган. Сиёсатчининг фикрича, Эрдўған «Туркияни маданий иҳоталаб олиш тўғрисида қарор қабул қилган».

Туркиянинг қарори

Фото: Xinhua

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған жума куни эндиликда масжидга айлантирилган Аё Софияда мусулмонларга намоз ўқишга изн берувчи фармонни имзолади. Туркия етакчиси ўз Twitter’ига жойлаган ҳужжатда қайд этилишича, «намозни адо этиш учун Аё София мачитини очиш тўғрисида қарор қабул қилинган».

Бундан олдин  Туркия Давлат кенгаши ҳукуматнинг 1934 йилги, Муқаддас София ибодатхонасига музей мақоми берилиши тўғрисидаги қарорини бекор қилганди.

Истанбулдаги София ибодатхонаси — Византия даври меъморчилик ёдгорлиги бўлиб, император Юстиниан кўрсатмаси билан 532-537 йилларда барпо этилган. Византия империяси қулагач, 1453 йилда ибодатхона мачитга айлантирилган.

1935 йилда замонавий турк давлати асосчиси Мустафо Камол Отатурк томонидан имзоланган Туркия ҳукумати декретига кўра, ибодатхона музейга айлантирилган, фреска ва мозаикалар устидан суратларни бекитиб турувчи сувоқлар тозалаб ташланган. Бино 1985 йилда ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси ёдгорликлари рўйхатига киритилган.

Top