18:59 / 17.08.2020
40469

Ўзбекистон бош вазирига янги маслаҳатчи тайинланди

Ўзбекистон Республикаси элчихонасининг Москва шаҳридаги Бош консули лавозимида ишлаб келаётган Меҳриддин Акмалович Хайриддинов Ўзбекистон бош вазирига маслаҳатчи бўлган.

Kun.uz манбасининг тасдиқлашича, у Бош вазир маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва  қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти мудири лавозимига тайинланган.

Ушбу лавозимда 2019 йил августидан буён Комил Рашидов ишлаб келаётганди.

Меҳриддин Хайриддинов 1977 йилда Бухоро вилоятида туғилган. У 1999 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетини тамомлаган. Ғиждувон туманидаги 46-мактабда 2000–2001 йилларда ўқитувчи бўлиб ишлаган. 2001–2008 йилларда Меҳриддин Хайриддинов Навоий кон-металлургия комбинатида 1, 2, 3-тоифа муҳандиси, ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи ўринбосари лавозимларида меҳнат қилган.

Меҳриддин Хайриддинов Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида 2008–2010 йилларда етакчи мутахассис, 2010–2014 йилларда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасининг 1-котиби, 2014–2017 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган, сўнгра 2017–2018 йилларда Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги бош консули бўлган.

Бош вазирнинг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими президентнинг 2019 йил 20 августдаги чет элда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари ва уларнинг оилаларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш тўғрисидаги фармони билан Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасига киритилган.

Top