Жаҳон | 15:18 / 31.08.2020
39699
18 дақиқада ўқилади

Катта ўйин: Греция ва Туркия Ўрта ер денгизида нега баҳслашмоқда ва уларнинг ортида кимлар турибди?

Крит оролидаги дам олиш масканлари қаршисида ҳарбий кемалар саф тортди. Греция ва Туркия сайёҳлик мавсуми авж олган кезда Ўрта ер денгизида газ қазиб олиш учун ўзаро баҳсга киришди. Икки қўшни давлат баҳсига бошқалар ҳам аралашди.

Фото: EPA

Таҳлилчиларнинг билдиришича, Ўрта ер денгизида кескинлик ошиб бораётганига сўнгги йилларда мазкур минтақада АҚШ ўз таъсирини камайтириб борётгани сабаб бўляпти.

Турклар ва греклар нега баҳслашмоқда? Уларнинг иттифоқчилари нимага эришмоқчи? Содир бўлаётган баҳсларга сиёсий ислом ва араб монархияларининг қандай алоқаси бор? Ўрта ер денгизида янги ўйинчиларнинг пайдо бўлиши қандай хавфларни туғдиради? Қуйида шулар ҳақида.

BBC рус хизмати Греция, Туркия, Исроил ва Буюк Британия мутахассислардан Ўрта ер денгизи теграсида содир бўлаётган ҳодисалар юзасидан изоҳ олди.

Одатда, август ойида Эгей ва Ионика денгизларининг дам олиш масканлари миллионлаб сайёҳлар билан тўлиб кетади. Аммо бу йил ушбу ҳудуд, турли газеталарнинг бош саҳифасида Франция, Италия ва Бирлашган Араб Амирликларининг ҳарбий кемалари ва қирувчи самолётларининг ташрифи ҳақидаги хабарлар билан кўпроқ ёдда қоляпти. Бу ерда НАТОнинг икки аъзоси – Греция ва Туркия ўртасида Ўрта ер денгизидаги газ конларни ўзлаштириш даъвоси ортидан содир бўлаётган баҳслар фонида греклар ўз иттифоқчилари билан ҳарбий ўқув машқлари ўтказишди.

Ҳозирча ҳар икки томон ҳам чекинмоқчи эмас. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Грецияни Византия меросхўри бўлишга нолойиқ деб ҳисоблайди. Унинг Адолат ва тараққиёт партиясидан депутат бўлган ҳаммаслаги эса Грециянинг кўплаб ороллари ХХ аср бошигача туркларники бўлгани, ўшанда тенг бўлмаган вазиятда улар тортиб олиниб грекларга берилганини, бугун тарихий адолатни тиклаш вақти келганини даъво қилмоқда. Греция ҳукумати ҳам қараб турмаяпти ва ўз қирғоқ зонасини кенгайтирмоқда.

Икки қўшни мамлакат ўртасидаги можарода яна кўплаб ташқи «ўйинчи»лар иштирок этмоқда. Туркияга биргина Греция эмас, балки Франция, Миср ва БАА ҳам қарши чиқмоқда. Исроил эса Грецияни дипломатик йўллар билан қўллаб-қувватламоқда.

Газ конлари устидаги «жанг майдони» ва туркларга қарши ўқ

2019 йилда Греция ва Туркия ўртасидаги азалий адоват янги жабҳада – газ конлари туфайли қайта бошланди. Ҳаммаси Ўрта ер денгизида, Кипр оролининг жанубий қирғоқларидан бироз узоқликдаги денгиз ҳудудидан йирик газ кони топилиши билан бошланди.

Ушбу газ конининг Франциянинг Total ва Италиянинг Eni компанияси томонидан ўзлаштирилиши Туркиянинг норозилигига сабаб бўлди. Туркиянинг даъво қилишича, янги топилган кондан Кипр оролининг шимолида жойлашган Шимолий Кипр турк республикасига ҳам улуш ажратилиши керак эди.

2020 йил январь ойида Греция, Исроил ва Кипр ўзаро газ қувурини қуриш тўғрисида битим имзолади. Янги аниқланган кон Европа бозорида газга бўлган талабнинг 4 фоизини қоплаши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Манфаатдор томонлар Туркияни минтақавий ҳамкорликдан четлаштиришди.

Туркия ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ, расмий Анқара БМТ томонидан тан олинган Ливия ҳукумати билан денгиз чегарасини делимитация қилиш тўғрисида битим имзолади. Унга кўра, Туркия Ўрта ер денгизида Греция-Исроил газ қувури ўтиши керак бўлган бир қатор ҳудудларга эгалик ҳуқуқини олади.

«Туркия ва Ливия ўртасидаги келишув БМТнинг «Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси»нинг асосий тамойилларига зид келади ва Грециянинг суверенитетига хавф солади. Ливия билан келишувнинг асосий мақсади, шубҳасиз, Греция ва Кипрни энергоресурслар режалари масаласида Туркия билан ҳисоблашишга мажбур қилиш», дейди Лейден университетининг халқаро алоқалар бўйича ўқитувчиси Василис Каракасис.

Аммо БМТнинг «Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенцияси»ни ратификация қилмаган Туркия расмийлари вазиятни бошқача кўришмоқда.

«Туркия ҳеч қандай қоидани бузмаяпти. Денгиз чегаралари фақат барча томонлар тан олган тақдирда мавжуд бўлади», дейди Истанбулдаги минтақавий хавфсизлик бўйича мутахассис Ёрук Ишик.

Ишик Туркия ва Ливия келишган чегараларни Грециянинг розилигисиз ҳақиқий деб ҳисоблаш мумкин эмас деб ҳисоблайди. Аммо шу билан бирга Грециянинг ўзига тегишли ороллар атрофидаги сувларга бўлган даъволари Анқара томонидан тан олинмаса, улар ҳам ҳақиқий ҳисобланмайди.

Туркия-Ливия келишувига жавобан, Греция Миср билан махфий денгиз шартномасини тузди. Бу Анқарани ғазаблантирди ва Туркия музокараларни давом эттиришдан бош тортди ҳамда Грециянинг Карпатос, Родос ва Кастелоризо ороллари яқинидаги баҳсли сувларда тадқиқотлар ўтказиш режасини эълон қилди.

Августнинг бошида Туркиянинг «Орук Реис» разведка кемаси бешта ҳарбий кема ҳамроҳлигида баҳсли ҳудудга жўнаб кетди. Греция ҳарбий флоти уларни таъқиб этиб борди ва оқибатда грек ҳамда турк кемалари ўртасида кичик тўқнашув ҳам содир бўлди. Бундан ташқари, икки мамлакат қирувчи самолётлари Грециянинг Туркия қирғоқларига яқин масофада жойлашган Кастелоризо ороли тепасида бир-бирини таъқиб этиб, шу атрофда дам олаётган сайёҳларни хавотирга солди.

Туркиянинг даъволарига жавобан 26 август куни Ўрта ер денгизида «Эвномия» (қадимги Грецияда қонунчилик маъбудаси номи) номи остида Греция, Кипр, Франция ва Италия қуролли кучларининг биргаликдаги ҳарбий ўқув машғулоти бошланди. Ўша пайтда Грецияни қўллаш учун БАА ҳарбий авиациясига тегишли F-16 қирувчи самолётлари ҳам Крит оролига етиб келди.

Туркия бунга жавобан АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари билан ўқув машқлари ўтказилишини эълон қилди. Гарчи, АҚШ ва Туркия ўртасидаги муносабатлар олдингига қараганда бироз илиган бўлса-да Оқ уйдагилар ҳозирча Анқаранинг Ўрта ер денгизи бўйича даъволарини қўллаб-қувватламаяпти.

«1996 йилдан бери минтақада бунчалик кўп ҳарбий кемалар тўпланмаган эди. Ташқи воситачиларсиз кескин вазиятни юмшатиб бўлмайди. Оқибатда эса Туркия ва Греция ҳарбий флотлари тўқнашиши хавфи ҳар куни ошиб боравериши мумкин», дейди Лейден университети ўқитувчиси Каракасис.

Расмий Афина Европа Иттифоқидан ўзига нисбатан тўлиқ бирдамликни кутмоқда ва европаликларни Туркияга қарши санкциялар жорий этишга чақирмоқда. Аммо Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари олий вакили Жозеп Боррель Ўрта ер денгизидаги баҳслар масаласида Брюсселдан аниқ қадамлар кутмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди. Греция ҳарбий кучлари шунингдек, НАТОдан ҳам бирдамликни талаб қилиб, унинг аъзолари ўртасидаги низода бу ташкилотнинг бетарафлигини номақбул деб ҳисобламоқда.

Можарога Европа Иттифоқига раислик қилаётган Германия воситачилик қилишга уринмоқда. Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Афина ва Анқара расмийларини музокаралар столига ўтиришга кўндириш учун уриняпти. Хайко Маасга кўра, минтақадаги бугунги вазият тубсиз жар ёқасида юриш билан тенг бўляпти. У барчани фалокат хавфи ҳақида огоҳлантирган.

Ҳозирча немис дипломатининг чақириқлари жавобсиз қолмоқда. Гарчи, икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари музокараларга тайёр эканини билдираётган бўлса ҳам, улар томонидан аниқ қадам ташланмаяпти. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған расмий Афинани қўрқоқликда ва турк манфаатларига тажовуз қилаётганликда айблайди ва ён беришни умуман ўйламаяпти. Греция бош вазири Кириакос Мицотакис эса ўз мамлакатига тегишли ороллар атрофидаги қирғоқ зонаси ғарбга қараб янада кенгайтирилишини эълон қилди. Таҳлилчиларга кўра, бу аниқ Туркияга қарши провокация бўлди.

BBC билан суҳбатлашган грек ва турк мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўрта ер денгизидаги газ можароси шунчаки баҳона. Муаммонинг илдизи чегаралардаги азалий можаро, денгиздаги турли келишмовчиликлар ва миллатчиликка йўғрилган лойиҳаларининг турли талқинлари ҳамда янги геосиёсий баҳсларга бориб тақалади.

Франция, Исроил ва бошқа иттифоқчилар

Греция аҳолиси 11 миллионга етмайди ва у доимий камайиб бормоқда. Туркиянинг 82 миллион аҳолиси бор ва бу рақам тобора ўсиб боряпти. Икки мамлакат қуролли кучлари ўртасида ҳам тафовут бор ва Туркия қуролли кучлари Греция қуролли кучларидан бир неча баробар устун саналади.

«Грециянинг ёлғиз ўзи Туркияга қарши тура олмайди. Шунинг учун Греция аста-секинлик билан коалиция тузиб, дипломатик фаолликни ошириб боряпти. Европа Иттифоқи ҳам ҳар доим Грециянинг позициясини қўллаб-қувватлаб келган. Бу ҳолат расмий Анқарани бироз ҳовуридан тушириб туради», дейди Истанбулнинг Кадир Хас университети халқаро алоқалар профессори Димитрий Триантафиллу.

«Дарҳақиқат, бу ерда гап Франция кўмаги билан туркларга қарши ўсиб бораётган икки учбурчак – бири Исроил-Греция-Кипр, иккинчиси Миср-Греция-Кипрдан ташкил топган ўқ ҳақида боряпти», дейди Тель-Авив университети миллий хавфсизлик институтининг катта илмий ходими Галатиа Линденштраусс.

Ушбу норасмий иттифоқ Исроил ва БАА ўртасидаги дипломатик муносабатлар нормаллашиши ортидан янада мустаҳкамланди.

«Бироқ, ушбу иттифоқнинг барча аъзолари ўз манфаати учун ҳаракат қилади. Иттифоқчилар ҳозир Грецияни қўллаб-қувватлаётган бўлса ҳам, келажакда ушбу можарога янги ўйинчиларнинг қўшилиши улар учун манфаатли бўлмаслиги мумкин. БААга қарашли қирувчи самолётларнинг Критга жўнатилиши ҳам минтақа учун жуда муҳим воқеа бўлди. Россия яқинда Ўрта ер денгизида фаоллашган эди. Энди БАА ҳам Ўрта ер денгизида ўзини танитмоқда», дейди Ёрик Ишик.

Ишикнинг таъкидлашича, агар бўғозларнинг мақоми тўғрисидаги Монтрё конвенциясига кўра Қора денгиз ташқи кучлар учун ёпиқ ҳисобланадиган бўлса, Ўрта ер денгизида янги ўйинчилар пайдо бўлади.

«Бу Греция учун ҳам, Туркия учун ҳам фойдали эмас, чунки минтақага кучлироқ ўйинчилар келиши иккаласининг ҳам роли пасайишига сабаб бўлиши мумкин», дейди туркиялик мутахассис.

Ишик БАА томонидан Критга юборилган F-16 Block 60 қирувчи самолётлари техник жиҳатдан грек ва турк ҳарбийларига тегишли самолётларга қараганда анча замонавийроқ эканини таъкидлайди.

F-16 Block 60 қирувчи самолётлари БАА учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, улар Греция ҳамда Туркия қирувчи самолётларидан устунроқ ҳисобланади. Энг қизиғи, масаланинг бир тарафдан кулгили, иккинчи тарафдан фожиали тарафи шундаки, БААга тегишли қирувчи самолётларни бошқараётган учувчилар айнан Туркияда таҳсил олган. Улар энди Туркияга қарши ҳаракатларда иштирок этишяпти.

Бундан ташқари, бир томондан Миср, БАА ва Туркия қарама-қаршилигининг сабабларидан яна бири сиёсий исломга бўлган турли қарашлар туфайли келиб чиқяпти.

«Мусулмон биродарлар» ташкилотининг мафкураси Туркиядаги ҳукмрон партияга яқин бўлиб, унинг Мисрдан қочган кўплаб аъзолари бу мамлакатда бошпана топган.

Расмий Қоҳира ва Абу-Даби бошқа бир қатор араб давлатлари ҳукуматлари билан биргаликда сиёсий исломни мутлақ ёвузлик деб билади ва Туркиянинг «Мусулмон биродарлар»ни қўллаб-қувватлашини ўз мамлакатларининг барқарорлигига таҳдид деб билади.

Исроил эса Туркиянинг Ғазо секторини назорат қиладиган яна бир исломий ҳаракат ҲАМАСни қўллаб-қувватлашидан хавотирда, дейди Тель-Авив университети ходими Линденштраусс.

Исроил расмий Анқарани анчадан буён ҲАМАСни молиялаштиришда ва унга ёрдам беришда гумон қилиб келмоқда. Ўтган ҳафта Эрдўған ҲАМАС ҳаракатининг сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ва ҳаракат қўмондонларидан бири Солиҳ ал-Арурини қабул қилди. Солиҳ ал-Арури АҚШ томонидан қидирилаётган шахслар рўйхатида туради ва уни ушлаб берганга 5 миллион доллар мукофот ваъда қилинган.

Британиянинг Times газетаси, Исроил сиёсий разведка хизмати («Моссад») директори Йоси Коэн ёпиқ йиғилишларда Туркияни минтақадаги хавфсизликка энг катта таҳдид деб билишини ва бу давлат ҳатто яҳудий давлатининг асосий душмани бўлган Эрондан ҳам хавфли деб айтгани ҳақида ёзиб чиқди.

«Туркия бугун минтақавий кучлар гуруҳи томонидан ўз қирғоқлари яқинида содир бўлаётган воқеалардан ҳам четлаштириляпти. Ўрта ер денгизида ҳозир Франциянинг таъсир доираси ошиб бораётган вақтда расмий Анқара ўзини четда қолган деб ҳис қилмоқда», дейди келиб чиқиши турк бўлган Буюк Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти катта илмий ходими Зиё Мерал.

Барча таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Франциянинг Ўрта ер денгизида фаоллашуви асосан Ливиядаги муваффақиятсизликлар билан боғлиқ. Ливияда бўлиб ўтаётган қуролли можароларда Ўрта ер денгизида ўзаро баҳслашаётган давлатларнинг аксарияти қатнашяпти. Туркия Триполида БМТ томонидан тан олинган ҳукуматни қўллаяпти. Генерал Халифа Ҳафтарнинг Ливия миллий армиясини эса БАА, Миср ва Франция, шунингдек, россиялик ёлланма аскарлар тўғридан тўғри ёки яширин тарзда қўллаб-қувватланмоқда.

Франция президенти Эммануэл Макрон Грецияга дипломатик ва ҳарбий ёрдам кўрсатмоқда. Франция, Туркиянинг танқидларига қарамай, «Рафаль» қирувчи самолётларини ҳамда «Лафайет» туридаги ҳарбий кемани минтақда ўтказиладиган қўшма машғулотларга юбормоқда.

Греция бош вазири Эммануэл Макронни грекларнинг ҳақиқий дўсти ва Европа қадриятлари ҳимоячиси деб атайди. Аммо таҳлилчиларнинг фикрича, Макрон Грецияга фақат дўстлик учун ёрдам бермаяпти, у ҳам Ўрта ер денгизидаги газдан умидвор.

Туркия топилган газ захиралари эвазига ўз бюджетини ўнглаб олишга умид қилмоқда / REUTERS

«Сўнгги 20 йил ичида Греция ўзининг эски ҳарбий кемаларини модернизация қилишга уринмоқда. Франция ўз қуролларини, кемаларини ва қирувчи самолётларини Греция ва Кипрга сотмоқчи», дейди Ёрук Ишик. Париж аллақачон БААга ўз қуролларини сотмоқда деб қўшимча қилади у.

Бундан ташқари, Франциянинг Total корпорацияси Кипрга тегишли денгиз ҳудудларда жойлашган конларини ўзлаштириш билан шуғулланяпти.

«Европа Иттифоқи расмийлари Брюсселда кўҳна қитъа тезроқ қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиши лозимлигини гапиришади. Иккинчи тарафдан эса улар Ўрта ер денгизда углеводородлар конлари учун курашга қўшилишга тайёр», дея қайд этади туркиялик таҳлилчи.

Буюк Британия Қироллик мудофаани ўрганиш институти ходими Зиё Мерал ҳам Макроннинг ҳатти-ҳаракатини конструктив эмас деб ҳисоблайди.

Можарони Европа Иттифоқи, НАТО, шарқ-ғарб, исломийлик ҳамда дунёвийлик ўртасидаги баҳсга айлантириш, «нео-усмонли» ва «цивилизация» каби жозибали атамалар билан кенг қўллаб-қувватловни жалб қилишга уринишлар фақат ўзига хос миллий манфаатларни яширишга уринишдир», дейди Ёрук Ишик.

Лейден Университети ходими Каракасис Франциянинг Ўрта ер денгизидаги газ конларисиз ҳам минтақада жуда фаоллигини, Эммануэл Макрон портдаги портлашдан сўнг Байрутга ташриф буюрган илк хорижий раҳбар бўлганини ва у минтақада халқаро ёрдамни фаол равишда мувофиқлаштираётганини эслатади.

АҚШ кўмагисиз ҳолдан тойиш

Французларнинг «Рафаль» қирувчи самолёти Грециядаги машғулотларда қатнашмоқда / REUTERS

BBC билан суҳбатлашган барча таҳлилчиларнинг фикрига кўра, фақатгина Вашингтон Греция ва Туркияга аниқ таъсир ўтказувчи кучга эга. Бироқ, Дональд Трамп маъмурияти Барак Обама даврида бу минтақадаги иштирокини камайтириш учун бошланган йўналишни давом эттирмоқда.

«АҚШнинг аралашуви можаро авж олишига халақит бериши мумкин. Аммо Греция ва Туркия ўртасидаги инқирозни ечиш ҳозирги пайтда Трамп маъмуриятининг устувор вазифаси эмас», дейди Лейден университети вакили Василис Каракис.

Унинг фикрича, Германия минтақада АҚШнинг ўрнини эгаллашга ҳаракат қилмоқда, аммо унинг зарур таъсирга эга бўлишига шубҳа бор. «Эгей денгизидаги ёнғинни ўчириш учун немис расмийлари қандай дипломатик ва иқтисодий воситалардан фойдаланишини мумкинлигини билмайман», дейди у.

Ҳозирги мураккаб инқироз муҳим шартномалар тузиш имкониятини яратиши мумкин, дейди Кадир Хас университети ходими Димитрий Триантафиллу. Унинг фикрича, бугунги вазиятда Греция ва Туркиянинг ўз ҳарбий фаоллигини ошириши анча хавфли, аммо бу ҳар икки давлатни музокаралар столига ўтиришга ва ўзаро келишмовчиликларга сиёсий ечим топишга уринишга мажбур қилиши мумкин.

«Агар Франция, БАА, Миср ва Исроил томонидан тузилган блок ўз манфаатлари ёки Туркиянинг минтақада активлигини чеклаш бўйича инқирозни давом эттиришга интилмаса, Греция ва Туркия бу масалада ечим топа олишига аминман», дейди Буюк Британия Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти ходими Мерал.

Туркияга қарши санкциялар жорий қилинадими?

Бу орада 28 агуст куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар ва хавфсизлик масалалари олий вакили Жозеп Боррель Европа Иттифоқининг 24 сентябрь куни ўтказиладиган саммитида Туркияга нисбатан санкциялар эълон қилиниши мумкинлигини билдирди.

У Берлинда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари йиғилишида «Биз Туркия билан мулоқотда олтин ўрталикда туриб, жамоавий мулоқот қилиш йўлини топишимиз керак» деган.

Жозеп Боррель расмий Анқарага санкциялар жорий этиш таҳдиди билан таъсир кўрсатишга ҳаракат қилинишини айтган. «Европа Иттифоқида Туркиянинг Ўрта ер денгизидаги хатти-ҳаракатлари юзасидан норозилик кучаймоқда. Шу сабабли, Европа Иттифоқи Кенгаши Кипр соҳилларига яқин жойда бурғилаш ишлари олиб борилаётгани учун бу давлат томонидан таклиф қилинган Туркия расмийларига қарши санкциялар қўллаш ишлари тезлаштирилади», деб қўшимча қилган Боррель.

Унинг билдиришича, Туркияга нисбатан жорий этиладиган санкциялар бу давлат кемаларининг Европадаги портларга киришини тақиқлаш кўринишида бўлиши эҳтимоли юқори.

Мавзуга оид