Жаҳон | 20:21 / 12.09.2020
13596
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Макронга Ўрта ер денгизи масаласида Туркия билан боғланмасликни маслаҳат берди

Кейинги вақтда Франция президенти Шарқий Ўрта ер денгизидаги беқарорликни қоралаб тез-тез чиқиш қилмоқда ва Грецияни қўллаб-қувватламоқда.

Фото: AFP

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған франциялик ҳамкасби Эмманюэл Макронга Шарқий Ўрта ер денгизи муаммосини ҳал қилишга уриниб Анқара билан боғланмаслик кераклигини айтди.

"Макрон Франциянинг турк миллати билан эмас, Эрдўған билан муаммолари борлигини айтмоқда. Жаноб Макрон, шахсан мен билан каттароқ муаммоларинг бўлади. Турк халқи ва Туркия билан боғланма. Африка тарихи – бу Франция тарихи, Африкада миллионлаб одамларни сизлар ўлдиргансизлар", - деди Туркия президенти.

Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Парижнинг Анқарага "инсонийлик борасида дарс ўтишга ҳаққи йўқ".

"Буни шахсан ўзига айтдим. У тарихни билмаслигини айтдим", - деб қўшиб қўйди Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Кейинги вақтда Франция президенти Шарқий Ўрта ер денгизидаги беқарорликни қоралаб тез-тез чиқиш қилмоқда ва Грецияни қўллаб-қувватламоқда.

10 сентябрда Корсикада Греция, Италия, Испания, Кипр, Мальта ва Португалия иштирокида Жанубий Европа мамлакатлари (MED 7) саммити бўлиб ўтди. Макрон Туркия денгиз шельфида геологик разведкани давом эттирадиган бўлса, унга қарши санкциялар рўйхати тузилиши ҳақида огоҳлантирди.

Мавзуга оид