Ўзбекистон | 20:27 / 17.11.2020
8922
3 дақиқада ўқилади

Рақамли иқтисодиёт ривожига банк тизими ва интернет зарур — «Ўзбекистон экспортчилари» уюшмаси раиси

Ўзбекистонда тадбиркорларнинг рақамли иқтисодиёт, хусусан электрон савдо имкониятларидан кенг фойдаланиши учун интернет ва банк тизими ислоҳ қилиниши лозим, деб ҳисоблайди Мухтор Умаров.

16 ноябр куни Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси йиғилишида рақамли иқтисодиётни шакллантиришга тўсқинлик қилувчи омиллар муҳокама этилди.

Йиғилишда «Ўзбекистон экспортчилари» уюшмаси раиси Мухтор Умаров соҳа ривожига тўсқинлик қилувчи омиллар, жумладан, рақамли иқтисодиётни шакллантиришга халақит қиладиган масалаларни билдирди.

«Рақамли тижоратга ўтишда бизга (Ўзбекистондаги бизнес эгалари – таҳр.) энг катта муаммо – банк тизими. Ундаги янги ва замонавий банк механизмларининг ишламаслиги бизни, афсуски, чет эл бозорларида ўз фаолиятимизни олиб боришга катта тўсқинлик қиляпти.

Масалан, факторинг тизими анча аввал амалиётга татбиқ этилган, бутун дунё тижоратчилари тизимдан фойдаланади. Афсуски, бизда (Ўзбекистон банк тизимида – таҳр.) бу деярли ишламайди. Амалиёт бўлмагани учун тадбиркорлар ҳам тушунмайди. Факторинг нафақат экспортда, балки ички бозорда ҳам ишламайди. Бундан ташқари, дискаунтинг, аккредитив тизимлари ҳам йўқ. Тадбиркорлар молиявий ечимни кредит орқали кўра оляпти, аслида, кредит охирги ечим ва унгача мавжуд кўп ечимлар ишламаяпти», — дейди у.

Маълумот учун, факторингда факторфирма мижоз (товар етказиб берувчи)лардан қарздорларнинг қисқа муддатли қарзларини ундириш ҳуқуқини сотиб олади ва фирмаларнинг қарзларини (мажбуриятларини) мижозга тўлайди, яъни қарзни қайтариш муддатидан олдин унинг 70-90 фоизини мижозга қайтаради, қарзнинг қолган қисми, фоизлар чегирилган ҳолда қарздорлар факторфирма олдидаги ўз қарзини батамом узганидан кейин қайтарилади. Факторингда мижоз ўзининг қарздорларидан қарзни ундириш ҳуқуқини факторфирмага ўтказади.

Шунингдек, Мухтор Умаров рақамли иқтисодиётга ўтишда интернет тезлиги масаласини ҳам эслатиб ўтди.

«Вилоятларда бу борада анча ортда қолганмиз. Интернет тезлигини яхшилаш бўйича тадбиркорларга амалий кўмак зарур», — дейди у.

Freedom House нодавлат ташкилотининг интернетдаги эркинликка доир «Freedom on the Net 2020» анъанавий ҳисоботида Ўзбекистон интернет эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатида қайд этилган ва интернет тезлиги бўйича рўйхатнинг қуйи ўринларидан жой олган.

Мавзуга оид