16:46 / 08.12.2020
17230

Лукашенко Арманистон президентига Тоғли Қорабоғни 5 миллиард долларга сотишни маслаҳат бергани маълум бўлди

Александр Лукашенко Озарбойжонга еттита районни беришни истамаётган Серж Саргсяннинг позициясини «заиф» деб ҳисоблаган.

Александр Лукашенко ва Серж Саргсян / Фото: БелТА

Беларус президенти Александр Лукашенко 2016 йилда Арманистон раҳбари Серж Саргсянга тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасини Озарбойжонга 5 миллиард долларга сотишни маслаҳат берган. Саргсян офиси уларнинг интернетда тарқалган аудиоёзуви ҳақиқийлигини тасдиқлади, деб ёзмоқда «Sputnik Арманистон».

Аудиоёзувда Лукашенко Озарбойжонга еттита районни беришни истамаётган Саргсяннинг позициясини «заиф» деб ҳисоблайди. Саргсяннинг рақиб уруш бошлаши мумкинлигидан хавотирланишига жавобан Беларус етакчиси Қорабоғга КХШТ тинчликпарвар кучларини киритишни таклиф қилган.

Саргсян нима учун бу ҳудудни «шунчаки» бериб юбориши кераклигини сўрайди. «Қанақасига шунчаки? У пул тўлайди. У сенга биринчи босқичда 5 миллиард доллар таклиф қилди», — дейди Лукашенко Озарбойжон президенти Илҳом Алиевни назарда тутиб.

Бунга жавобан Саргсян Боку ўз даъвосидан воз кечиши учун 6 миллиард доллар беришини айтади. Саргсян шунингдек, еттита районни бера олмаслигини, улар учун 5 минг киши ҳалок бўлганини айтади. «Нима бўпти? Бизда ватан урушида 30 миллион киши ҳалок бўлган. Нима, биз бугун немислар билан уруш қиляпмизми?» — дейди Лукашенко.

Тоғли Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрда тўқнашувлар бошланди. Боку ва Ереван ҳарбий низода бир-бирини айблади. Уруш давомида Озарбойжон армияси Тоғли Қорабоғнинг бир қисмини эгаллаб олди. Уч томонлама баёнотга кўра, бу ҳудудлар Боку назорати остига ўтди.

Мавзу
Қорабоғ уруши
12 июль куни Озарбойжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида икки давлат қўшинлари ўртасида тўқнашув содир бўлди.
Барчаси
Top