Жаҳон | 08:21 / 25.12.2020
13440
2 дақиқада ўқилади

Пентагонда Трампнинг ҳарбий ҳолат эълон қилиши мумкинлигига тайёрланишмоқда 

Фото: Touch Of Light

Пентагондаги баъзи амалдорлар АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трамп мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиши ҳолатига армиянинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилишмоқда. Бу ҳақда Newsweek нашри хабар берди.   

Нашр маълумотларига кўра, олий ҳарбий амалдорлар Трамп сайланган президент Жо Байденга ҳокимиятни топширишга халақит қилиш учун ўз тарафдорларини кўчаларга олиб чиқиши мумкинлигини истисно қилишмаяпти. Шунингдек, Вашингтонга инаугурация ва ўтиш вақтида тартибни таъминлаш учун армияни киритиш ҳақида буйруқ олиниши ҳолатига режалар тузилмоқда.  

Таъкидланишича, бундай режаларни тузишда Трампни хушламайдиган генералларгина иштирок этмоқда. Амалдаги президентнинг тарафдорлари ва Оқ уй эса бу режалардан бехабар. 

АҚШда пандемия сабабли киритилган фавқулодда ҳолат режими сабабли Трампга қўшимча ваколатлар берилган. Шу сабабли генералитет Трамп тарафдорлари уни ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этишга ундаши ва Пентагон бу сиёсий инқирозга жалб қилиниши мумкинлигидан хавотирланмоқда. 

23 декабрда Трамп мамлакатни бошқариш бўйича вазифаларини деярли бажармай қўйгани ва барча эътиборини сайловлар натижаларини бекор қилишга қаратаётгани маълум қилинганди. Жумладан, Оқ уй раҳбари мамлакат бўйлаб коронавирус рекорд кўрсаткичлар билан тарқалаётганига қарамай, давлат ишларига эътибор қаратмай қўйган. 

Шунингдек, 17 декабрда Трамп бир неча маслаҳатчиларига Оқ уйни тарк этмаслигини ва Байденнинг инаугурацияси вақтида ҳам қароргоҳида қолишини айтган. Амалдаги президентнинг ўзини бундай тутишига қарамай, унинг атрофидагилар президент ўз ваколатларини тинч ва ўз муддатида топширишига ишонч билдиришмоқда. 

Мавзуга оид