21:07 / 12.01.2021
7982

Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 60 фоиздан ошди – вазирлик

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева 2020 йилда боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 60,9 фоизга етказилганини маълум қилди.

«2018 йилда боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 38 фоиз, 2019 йилда 52 фоизни ташкил этган бўлса, мактабгача таълимни ривожлантириш борасида бошлаган ислоҳотларимиз натижасида 2020 йили ушбу кўрсаткич 60,9 фоизга етказилди.

Бугунги кунда республикада 18 254та мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда 1 699 566 нафар бола қамраб олинган. Мавжуд боғчаларнинг 6 197таси давлат тасарруфидаги мактабгача таълим муассасасидир. Нодавлат сектордаги 12 057та боғчанинг 788таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 10 244таси оилавий, 1 025таси хусусий мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади», дея Мавлуда Асқархўжаеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирлик вакилининг маълум қилишича, 2020 йилда инвестиция дастури ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республика бўйича жами 32 218та ўрин (қувват), шундан 2 580та ўрин 18та янги қурилиш ҳисобига, 17 790 ўрин бўш турган биноларни реконструкция қилиш ҳисобига ҳамда 12 448та ўрин фаолият кўрсатаётган МТТлар қувватларини кенгайтириш ҳисобига яратилиши белгиланган.

2020 йилда давлат-хусусий шериклик асосида қуввати 46 мингдан ортиқ бўлган 420та нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ҳамда қуввати 50 минг ўрин бўлган 2000та оилавий шаклдаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда ДХШ асосида қуввати 42 мингдан ортиқ 333та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини бошлаган, ҳозирги кунда 115та НМТТларда қурилиш ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга, жами 96 342 ўринга мўлжалланган оилавий боғчаларни ташкил этиш бўйича 3 854та битим имзоланган бўлиб, шулардан 83,7 минг қувватга эга 3 529таси ўз фаолиятини бошлаган.

«Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг олис туманларида истиқомат қилувчи мактабгача ёшдаги болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш учун «Ақлвой» мактабгача таълим мобил гуруҳлари тажриба тариқасида, қайта жиҳозланган ISUZU HC 40 автобуслари негизида ташкил этилган мактабгача таълим гуруҳларига 1920 нафар мактабгача ёшдаги болалар қамраб олинди.

Мазкур мобил гуруҳларининг тажриба-синови ижобий натижа бергани сабабли 2021 йилда уларнинг тармоғини янада кенгайтириш режалаштирилган. Жорий йилда 6 ёшли болаларнинг камида 75 фоизини мактабгача таълимнинг муқобил турлари ва мактабгача таълим муассасалари негизидаги бепул мактабга мажбурий тайёрлов гуруҳлари билан қамраб олиш белгиланган.

Бундан ташқари, бошқа вазирлик ва идоралар балансидаги собиқ мактабгача таълим муассасалари биноларини қайтариб олиш орқали боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичларини кўпайтириш режалаштирилган. 2020 йилда туман ва шаҳар ҳокимликлари, халқ таълими, шунингдек, бошқа давлат идораларининг тасарруфида бўлган собиқ боғчаларнинг 18та биноси мактабгача таълим вазирлиги тасарруфига қайтарилди. Манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ташкилотлар, корхоналар балансида бўлган илгари боғча сифатида фойдаланилган бино-иншоотлар ҳам хатловдан ўтказилди», дейди Мавлуда Асқархўжаева.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил январда парламентга йўллаган мурожаатида 2020 йилдан бошлаб тарихда илк бора 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий қилинишини айтганди.

Аввалроқ мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Олимов 2021 йил охиригача мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 65 фоизга, жумладан, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан қамраб олиш 82 фоизга етказиш режалаштирилганини маълум қилганди.

Top