13:03 / 09.03.2021
2801

Ўзбекистон ва Беларус педагог ходимлар малакасини ошириш бўйича келишувга эришди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Беларус таълим вазири Игор Карпенко билан учрашди, деб хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

Фото: Халқ таълими

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистон ва Беларус ўртасида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Беларус томони янги ўқув дастурлари ва дарсликларни тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, ўқувчилар таътилларини сермазмун ва соғлом ўтказиш бўйича “Зубрёнок” миллий ўқув-соғломлаштириш болалар маркази тўғрисида маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, томонлар таълим йўналишлари, педагог ходимлар ва мутахассислар малакасини ошириш, фан олимпиадаларига биргаликда тайёргарлик кўриш ва қўшма машқлар ўтказиш бўйича келишувга эришган.

«Учрашувда томонлар таълимнинг турли йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқишда ҳамкорликни йўлга қўйиш, педагог ходимлар ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, фан олимпиадаларига биргаликда тайёргарлик кўриш ва қўшма машқлар ўтказишда ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳамда таълимнинг бошқа йўналишлари бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди», дейилади вазирлик хабарида.

Top