19:45 / 19.03.2021
6207

Мусиқа мактабларини бепул қилиш имкониятимиз йўқ – Озодбек Назарбеков

Маданият вазири Озодбек Назарбеков журналист Сардор Раҳмонқуловнинг нима сабабдан мусиқа мактаблари пулли эканлиги ҳақида берган саволига жавоб берди.

Маълум қилинишича, мазкур мактаблар Халқ таълими вазирлиги эмас, Маданият вазирлиги тасарруфига кирганлиги сабабли ота-оналар фарзандларини тўлов асосида ўқитишга мажбур.

«Мусиқа мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчилар ота-оналар тўлаган бадал пулидан ойлик олишади. Бу мактаблар мажбурий эмас, тўгарак сифатида бўлгани учун Халқ таълими вазирлигига қарашли эмас. Фақат мажбурий таълимгина бепул амалга оширилади.

Мусиқа мактаблари азалдан пулли бўлган, чунки унда ўқиш мажбурий эмас, ихтиёрий. Лекин танганинг икки томониниям ҳисобга олишимиз керак. Бепул қилиш учун имкониятимиз йўқ – устозларга ойлик бюджетдан ажратилмайди. Пуллик бўлгани учун шунақа эътирозлар юзага келяпти», деди у.

Озодбек Назарбеков шунинг учун Халқ таълими вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги ҳамкорликда уйда мустақил ўрганиш учун индивидуал қўлланма ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Қўлланма асосида бола уйида миллий чолғу асбобларини чалишни ўрганиши мумкин.

Ҳозирги кунда фақат рубоб чолғу асбоби учун шундай қўлланма яратилган. Бу қўлланма бугун давлат раҳбарига ҳам тақдим қилинди ва маъқулланди. Босқичма-босқич бошқа миллий чолғу асбобларининг ҳам шундай қўлланмаси яратилади. Бу тизим орқали барча ёшдаги қизиқувчилар смартфонда мусиқий таълим олишлари мумкин.

Маданият вазирининг таъкидлашича, барча мусиқа мактабларида кам таъминланган оилалар фарзандлари учун квоталар ажратилган. Бу квоталар ўша мактаб қувватининг 25 фоизидан ошмаслиги керак.

Top