17:24 / 23.03.2021
11378

Болалар учун янги телеканал ишга тушди

2021 йилнинг 22 мартидан Ўзбекистондаги биринчи болалар таълим ва кўнгилочар телеканалининг трансляцияси бошланди.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Мактабгача таълим вазирлиги ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил август ойида қабул қилинган «Ихтисослашган болалар кўнгилочар - маърифий телеканалини ташкил этиш тўғрисида» ги қарори асосида AQLVOY телеканали ўз фаолиятини бошлади.

Каналда Россия, AҚШ, Жанубий Корея, Хитой ва бошқа кўплаб мамлакатларда таниқли жаҳон студиялари томонидан яратилган энг яхши анимацион сериаллар ва дастурлар намойиш этилади. Каналнинг асосий устунлиги мамлакатнинг маданий кодини ҳисобга олган ҳолда хорижий таркибни ўзбек тилига мослаштиради ва юқори сифатли таржима бўлади.

«Aйни пайтда Sony, Disney, Universal каби йирик кинокомпаниялар билан анимация тўпламини харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда», дейди телеканал бош ижрочи директори Вела Фидел.

Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин маълум қилишича, каналда вазирликнинг сўнгги методик ишланмаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган дастурлар ҳам мавжуд.

«Болалар телеканали интерактив технологиялар ва аудиовизуал санъат ва телевидение соҳасидаги сўнгги ютуқлардан фойдаланиш учун кенг имкониятлар яратадиган, Ўзбекистон учун янги замонавий техник базада яратилади. Каналда болаларнинг билим олиш фаоллигини ошириш, интеллектуал ва ижодий кўникмаларини ривожлантириш, болаларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда таълим берувчи, ривожлантирувчи ва ўйин элементларини ўзида мужассам этган телекўрсатувлар ва мультимедиа контентини яратиш, болаларга ватанга муҳаббатни, юртимиз маданияти ва тарихи, қадриятларни сингдириш, уларда соғлом турмуш тарзига оид билимларни шакллантириш каби ғоялар тарғиб қилиниши кўзда тутилган», деган у.

AQLVOY телеканали эрталаб соат 7дан кечки 22гача эфирга узатилади. Келажакда онлайн трансляция ҳам режалаштирилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 7,5 миллиондан ортиқ 10 ёшгача бўлган болалар бор. Мазкур телеканалнинг асосий аудиторияси 3 ёшдан 9 ёшгача бўлган болалар ҳисобланади.

Top