22:51 / 08.04.2023
41658

Мудирага қонун талабларини четлаб ўтиб, болалар уйи очишга ким ёрдам берган?

Kun.uz Хоразмдаги оилавий болалар уйида тарбияланган қизларга нисбатан содир этилган жинсий жиноят тафсилотларини ўрганишда давом этмоқда. Суриштирувларимиз давомида Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи амалдаги қонунчиликка зид равишда очилгани маълум бўлди.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Оилавий болалар уйлари тўғрисида”ги низомга кўра, фақат эр-хотинларгина оилавий болалар уйи ташкил этиш учун ариза бериши, етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбияга олиши мумкин. Бироқ Юлдуз Худойбергановани яқиндан таниганларга кўра, болалар уйи ташкил этаётганда унинг турмуш ўртоғи бўлмаган.

Бундан ташқари, қонунчиликка кўра оилавий болалар уйига тарбиялаш учун кўпи билан 10 нафар бола берилади. Урганчдаги ҳолатда эса қўшмачи аёлга 11 нафар бола бериб юборилган.

Бу ҳолатлар оилавий болалар уйи фаолият юритган ҳудуддаги маҳалла раисининг ҳам, қолаверса, бу ерда тарбияланган болалар таҳсил олган мактаб директорининг ҳам эътиборини тортган.

Шавкат Жуманиёзов, Янги ҳаёт маҳалласи раиси / Фото: Kun.uz

Урганч шаҳридаги Янгиҳаёт маҳалласи раиси Шавкат Жуманиёзов бу ҳақда шундай дейди:

— Тошкентдаги меҳрибонлик уйи раҳбарининг интервьюсини кўриб қолдим, у жуда тўғри гапларни айтган. Яъни оилавий меҳрибонлик уйларини очиш учун тайёргарлик кўриш, раҳбарлик қиладиган одамларни ўқитиш, номзодни ҳар томонлама ўрганиш керак, деди.

Хоразмдаги шов-шувга сабаб бўлган воқеада ўзининг оиласи бўлмаган аёл болаларга тутинган оналик қилган. Юлдуз билан гаплашганимда, унинг нима иш қилгани, тажрибасини сўрадим. Олдин шу тизимда ишлаганман, деб айтди у.

Менимча, ҳужжат ишларида таниш-билишчилик бўлган. Вилоят адлия бошқармаси собиқ бошлиғи ёки бошқа амалдорлар унга бу борада ёрдам берган деб ўйлаяпман. Ҳужжатлардаги тўғри келмайдиган жойларини тўғрилагандир. Турмуш ўртоғи бўлмаса, оиласи бўлмаса, у қандай қилиб болалар уйи очган?

Оилавий меҳрибонлик уйи очмоқчи бўлганларни ҳар томонлама ўрганиш керак. Қўшниларидан сўраш керак, ахлоқини ўрганиш керак. Ўша Юлдуз бошқа жойдан бўлиб туриб, бу ерда меҳрибонлик уйи очмоқчи эканига ҳайрон қолганман мен ҳам. Қандайдир танишлари орқали келган, менимча. Ўзи ҳали ёш, тажрибасиз одам қандай қилиб болаларга қараши мумкин, билмадим.

Фарҳод Раҳмонов, Урганч шаҳридаги 16-мактаб директори / Фото: Kun.uz

Юлдуз Худойберганова томонидан очилган 1-сонли оилавий болалар уйи тарбияланувчилари таҳсил олган 16-мактаб директори Фарҳод Раҳмонов биз билан суҳбатда шундай деди:

— Кимлар оилавий меҳрибонлик уйи очиши мумкин, деган савол қизиқтириб, низом билан танишиб чиқдим. Юлдуз оналик қилиши учун турмуш ўртоғи бўлиши керак экан аслида, лекин унинг эри йўқ экан. Қизларни қандай йўллар билан асраб олгани менга қоронғи. Менимча, қанақадир ўйинлар бўлган бўлса керак. Мен шундай фикрга келдим.

Маҳалла раиси содир бўлган жирканч воқеалардан мактаб директори орқали хабар топгани, директорга буни қизлар айтиб беришганини таъкидлайди. Бу муассаса Нажмиддин Кубро кўчасида жойлашган икки қаватли уйда ташкил этилган бўлиб, Юлдуз Худойберганова бошқа фуқарога тегишли турар жойни ижарага олиб, бу ерда оилавий болалар уйи фаолиятини йўлга қўйган.

Вояга етмаган шахсларга нисбатан жиноят содир этилиши ортидан Урганч шаҳридаги 1-сонли болалар уйи ёпилади. Бу ерда тарбияланган болалар қариндошларига васийликка берилади ёки бошқа оилаларга тарбиялаш учун тақсимланади.

Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи жойлашган, бугунги кунда ҳеч ким яшамаётган икки қаватли иморат / Фото: Kun.uz

“Сукут сақлама” лойиҳаси вояга етмаган қизлар билан мунтазам равишда кўнгилхушлик қилиб келган давлат амалдорлари оилавий болалар уйига ҳомийлик қилиб келгани, қизларга уст-бош ва бошқа нарсалар олиб бергани учун Юлдуз Худойберганова ўз қарамоғида бўлган 3 нафар қизни эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келгани ҳақида ёзганди. Бундан оилавий болалар уйига давлат томонидан ажратилган пул етмаганмикин деган тасаввур ҳосил бўлиши мумкин. Аслида бундай эмас.

Оилавий болалар уйини ташкил этган фуқароларга ҳар ойда бюджетдан пул ажратилиб келган. Бунда тарбияланувчининг яшаш харажатлари учун 7 ёшгача бўлган болаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари, 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган тарбияланувчиларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида маблағ ажратилади.

Бундан ташқари, оилавий болалар уйидаги ҳар бир тарбияланувчини парвариш қилиш учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори 1 баравари миқдорида, ногиронлиги бўлган болалар учун эса 1,5 бараварида пул берилади.

Урганч шаҳридаги Янгиҳаёт маҳалласи раиси Шавкат Жуманиёзовнинг айтишича, саховатпеша одамлар ёрдамини 1-сонли оилавий болалар уйига йўналтириб турган.

Урганч шаҳридаги “Янгиҳаёт” МФЙ идораси / Фото: Kun.uz

“Бошида қувонгандим шу ерда меҳрибонлик уйи бўлаётганидан. Ёрдам беришимизни айтдим. Болалар билан танишдим. Маҳалламиздаги ёрдам берамиз деган одамларни йўналтириб турдим. Одамларимиз ёрдам бериб турди ҳар томонлама. Маҳалладаги тўй-тадбирларда ҳам биринчи навбатда шу болаларга ош ёки бошқа нарсалар чиқариб юборардик. Ҳеч нарсага муҳтож бўлишмаган. Озиқ-овқатдан умуман камчилик бўлмаган, ортиғи билан бўлган. Юлдузнинг ўзи кўпайиб кетди деб айтган. Кийим-кечаклар ҳам, пул ҳам бериб турарди одамларимиз.

Бундай ишлар бўлаётгани ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Бир нарсага ҳайрон қоламан: шунча шароит яратган давлат, одамлар ҳам ёрдам берган, лекин нима етишмаган? Менимча, унинг нияти шундай бузуқ бўлган, нимадир етишмаслигидан, эҳтиёждан бўлмаган бу ишлар. Тадбиркор маҳалладошларимиз нима керак деб доим сўраб турарди. Маҳалланинг обрўйи деб қувонардим. Шу болаларнинг улғайганини кўрсак, дердим, лекин тескариси бўлиб кетди”, дейди Шавкат Жуманиёзов.

Миллий гвардия Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Холмурод Қурбонов жинсий тажовуз қурбони бўлган қизлар ҳимояга олинганини билдириб, уларнинг кейинги тақдири ҳақидаги маълумотларни ҳам очиқлади.

“Ҳар хил ҳолат бўлиши мумкин, ҳеч ким кафолат беролмайди. Шунинг учун ҳам уч нафар қизимизнинг хавфсизлигини таъминлаш учун тўлиқ ҳимоямизга олганмиз.

Қизлардан бири ОТМга қўшимга квота асосида қабул қилинган ва ўқишини давом эттиряпти. Қолган икки нафари яқинларига васийликка берилган”, дейди Миллий гвардия мулозими.

Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи жойлашган икки қаватли иморатнинг ҳовлига қараган айвони / Фото: Kun.uz

“Сукут сақлама” лойиҳасига кўра, Юлдуз Худойберганова томонидан очилган оилавий болалар уйидаги 15, 16 ва 17 яшар қизлар 2021 йил май ойидан 2022 йил февралигача турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган.

Бу воқеалар содир бўла бошлаган 2021 йилнинг май ойида Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи Халқ таълими вазирлиги қарамоғида бўлган. Кейинчалик, 2021 йилнинг август ойидан президентнинг тегишли қарори билан Миллий гвардия қарамоғига ўтказилган.

Шундан сўнг Миллий гвардиянинг ҳарбий хизматчи ва ходимлари ушбу муассасага бириктирилган, улар ҳар ойда камида бир марта болаларнинг турмуши ва тарбияланиш шароитларини кузатиб бориши керак бўлган.

Бироқ жинсий жиноятлар оилавий болалар Миллий гвардия тасарруфига ўтганидан сўнг ҳам давом этганига қараганда, ушбу муассасага бириктирилган ходимлар зиммаларидаги вазифани лозим даражада бажармаганини тушуниш қийин эмас.

Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи жойлашган турар жойнинг асосий кириш эшиги / Фото: Kun.uz

Маълум бўлишича, Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйига бириктирилган, вазифасига совуққонлик билан қарагани ортидан вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган жиноят узоқ вақт давом этишига йўл қўйиб берган Миллий гвардия ходими тегишли тартибда интизомий жазога тортилган. Бироқ масъуллар биз билан суҳбатда унга айнан қандай жазо берилганига аниқлик киритишмади.

Жиноят ишини тергов қилган терговчиларга, судда давлат айбловчиси сифатида қатнашган прокурорга, вояга етмаганлар билан муттасил жинсий алоқа қилиб келган давлат амалдорларига нисбатан ўта юмшоқ жазо тайинлаган судяга нисбатан қатор саволларимиз бор эди. Бироқ Хоразмга хизмат сафаримиз давомида масъуллардан саволларимизга жавоб ололмадик.

Масъуллар бизга ҳар қанча чап беришга, саволларимиздан қочишга уринмасин, қора ҳеч қачон оқ бўлиб қолмайди ёхуд нафсига қул бўлган кимсаларнинг шаҳвоний ҳирси қурбони бўлган вояга етмаган қизлар онадан қайта туғилиб қолишмайди. Шундай экан, бу вазиятда тергов ва суд жараёнида йўл қўйилган хатоларни тан олиш, айбдорларни жазолаш ёки фаолиятдан четлаштириш, бу орқали келгусида адолат қарор топишига тўсиқ бўладиган муаммолар юзага келишининг олдини олиш зарур.

Жамшид Ниёзов, журналист 

Top