Ўзбекистон | 18:52 / 13.07.2021
68403
5 дақиқада ўқилади

Британия “олтин визаси”ни олган ўзбекистонлик миллионерлар сони маълум бўлди

2008–2020 йиллар давомида 12 нафар Ўзбекистон фуқаросига Буюк Британия “олтин визаси” берилган. “Spotlight on Corruption” ташкилоти бу виза турини “ифлос пуллар учун тўшалган қизил гилам” дея таърифлаб, уни олаётган миллионерлар орасида коррупционерлар ҳам кўп бўлиши мумкинлигига эътибор қаратди.

Фото: Spotlight On Corruption

Буюк Британияда коррупцияга қарши курашувчи “Spotlight on Corruption” жамоат ташкилоти хорижлик инвесторларга қиролликда яшаш ҳуқуқини берувчи “олтин виза” (Tier 1 – Investor Visa) мавзусида ўз тадқиқоти натижаларини эълон қилди.

Тадқиқот хулосасида Британия “олтин визаси”ни олаётганлар орасида йирик коррупционерлар ҳам кўп бўлиши мумкинлигига урғу берилган.

Ҳисоботдан маълум бўлишича, 2008–2020 йиллар давомида 12 нафар ўзбекистонлик Буюк Британия “олтин визаси”ни олишга муваффақ бўлган.

Бу 12 нафар ўзбекистонлик ким экани номаълум: Лондон расмийлари бу турдаги инвестор визасини олган бадавлат хорижликлар шахсини очиқламай келади.

Тадқиқот муаллифлари “олтин виза” режими шаффофлигини ошириш кераклигини таъкидлаб, акс ҳолда Tier 1 виза дастури дунё миқёсида коррупционерларга кўрсатилаётган ғамхўрликка айланиб қолаётган бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

“Олтин виза”ни олишни истовчилар Британияда жойлашган компанияга камида 2 млн фунт стерлинг инвестиция киритиши ёки худди шунча қийматда қироллик облигацияларини сотиб олиши талаб этилади.

Бу визани олиш 2 млн фунт сармоя киритган бадавлат шахсларга Британияда оиласи билан 3 йил давомида яшаш, сўнг бу муддатни яна 2 йилга узайтириш, якунда эса Британия фуқаролигини олишга йўл очиб беради.

Агар инвестиция қиймати 2 млн эмас, 5 млн фунт бўлса, даъвогарлар Англияда муддатсиз, доимий яшаш ҳуқуқини олишлари учун 3 йил кифоя. 10 млн фунт инвестиция киритганлар эса 2 йил кутишса бас.

“Spotlight on Corruption”нинг қайд этишича, шу пайтгача берилган “олтин виза”ларнинг 50 фоизи инглиз миллий хавфсизлик органларининг тафтиш доирасига тушган; бу тафтиш бошланганига 3 йил-у 4 ой ўтган бўлса-да, унинг натижалари эълон қилинмай келмоқда.

“Олтин виза” учун берилган аризалар 3 ҳафта, бошпана сўраб берилган аризалар эса 6 ой ичида кўриб чиқилади. “Олтин виза” сўраб ёзилган аризаларнинг 9 фоизи рад этилади, бошпана сўровларида эса бу кўрсаткич – 42 фоиз.

2008–2015 йиллар “кўр-кўрона ишонч” даври эди, бу вақтда аризачилар ўз бойлигини қандай тўплагани ё жуда кам текширилган, ёки умуман текширилмаган. “Кўр-кўрона ишонч” йилларида берилган “олтин виза”ларнинг 85 фоизи Россия фуқароларига берилган”, – дейилади коррупцияга қарши курашувчи инглиз жамоат ташкилоти ҳисоботида.

Ташкилот қатор омиллар сабаб ўз ҳисоботини “Ифлос пуллар учун тўшалган қизил гилам” дея номлаган.

“Spotlight on Corruption” фикрига кўра, Буюк Британия ҳукумати “олтин виза” режими бўйича шошилинч текширувлар ўтказиб, режимни ислоҳ қилиши, хусусан унинг шаффофлигини ошириб, виза беришда талабгорлар ўз бойлигини қайси йўллар билан орттирганига кўпроқ эътибор қаратиши лозим.

Ташкилот британ “олтин визаси”ни олганлар орасида ўз мамлакатида коррупцион ва бошқа жиноятларда айбланган ёки айбланаётган шахслар ҳам етарлича эканига эътибор қаратган. Хусусан, Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг амакиваччаси Иззат Жавадова, Озарбойжон давлат банкининг собиқ раҳбари Замира Ҳожиева, украиналик олигарх Геннадий Боголюбов, Қозоғистон собиқ энергетика вазири Мадиёр Аблязовнинг ўғли санаб ўтилган.

Ҳисоботда, Буюк Британия апелляция суди “олтин виза”га ариза топширган 100дан ортиқ “инвестор” қўллаган инвестицион схемани қонуний деб топгани ҳақида ҳам сўз боради. Бу схемага кўра, визага талабгорлар Россия фуқароларига тегишли фирмалардан қарз олиб, бу пулларни Британияда очилган, лекин бенефициарлари россияликлар бўлган компанияларга гўёки инвестиция сифатида киритишлари, шу орқали Британия “олтин визаси”га даъво қилишлари мумкин.

Суд бу схемани қонуний деб топган бўлса-да, ҳукуматга иммиграция қоидаларини тўлиқ қайта кўриб чиқишни маслаҳат берган.

Расмий маълумотларга кўра, 2008–2020 йиллар давомида 12 649 нафар шахсга Буюк Британия “олтин визаси” берилган, шундан 4621 нафари – инвесторлар, қолгани эса уларнинг яқин қариндошлари.

“Spotlight on Corruption”нинг ёзишича, “олтин виза”ларнинг катта қисми коррупция хавфи юқори бўлган давлатлар фуқароларига берилмоқда. 12 йиллик даврда шу турдаги жами визаларнинг 32 фоизи Хитой (4106 киши), 20 фоизи Россия (2526 киши) фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.

Фуқаролари британ инвестор визасини кўп олаётган мамлакатлар сифатида Покистон (283), Қозоғистон (278), Ҳиндистон (254), Саудия Арабистони (223), Туркия (221), Миср (206) ва Украина (175) ҳам санаб ўтилган.

Мавзуга оид