07:46 / 11.09.2021
46528

2,5 млн долларлик олмос узук ва бошқалар: Zeromax харидлари ва босим остидаги Ernst & Young

Гулнора Каримовага алоқадор экани айтиладиган Zeromax компанияси 2006–2009 йилларда люкс тоифадаги зеб-зийнатларга камида 38 млн доллар сарфлаган. 2005–2007 йилларда компания ҳисоботларига “тоза” дея аудит хулосасини бергани Ernst & Young учун миллиард долларга тушиши мумкин.

Коллаж: Financial Times

Швейцарияда Ernst & Young аудиторлари Zeromax компаниясига “тоза” дея аудит хулосасини бергани бўйича суд жараёнлари кетмоқда. Бу ҳақда Financial Times суриштирувида сўз боради.

Ernst & Young – консалтинг ва аудиторлик хизматлари бўйича дунёдаги энг нуфузли “катта тўртлик” компанияларидан бири. Компаниянинг Швейцариядаги бўлинмаси Zeromax конгломератининг 2005, 2006 ва 2007 йиллардаги молиявий ҳисоботларига “тоза” (clean bill of health) аудит хулосасини берган.

Бироқ, FT қўлга киритган маълумотлар бу хулосаларни шубҳа остига олиш учун асослар борлигини кўрсатади.

Хусусан, миллионлаб долларлик заргарлик буюмлари харидлари ва шубҳали офшор компанияларга ҳайдалган пуллар аудиторлар учун жиддий сигнал бўла олмагани айтилмоқда.

Банкротликка учраган компания кредиторлари суд орқали аудиторлардан етказилган зарарни қоплашни талаб қилмоқда.

Zeromax бизнес империяси

Zeromax 1999 йилда АҚШнинг Делавер штатида рўйхатга олинган. Компания 2005 йилда доимий манзилини Швейцариянинг Цуг кантонига кўчирган ва буни Ўзбекистонга инвестиция киритиш мақсади билан изоҳлаган.

Дарҳақиқат, ўша йилдан бошлаб Zeromax Ўзбекистонда бизнес империяга айлана бошлаган: конгломерат тўқимачиликдан тортиб табиий газ саноатигача бўлган ўндан ортиқ тармоқларда активларни қўлга киритиб, мамлакатдаги энг йирик иш берувчи даражасига чиққан. Муайян даврда Ўзбекистон ЯИМнинг 10 фоизгача бўлган қисми биргина шу Zeromax тизимига тўғри келган.

Бизнес империя 2010 йилда, Ўзбекистондаги олий ҳокимият ичида юз берган ички курашлар фонида фаолиятини тўхтатган, мол-мулки давлат фойдасига мусодара қилинган ва ҳисоб рақамлари музлатилганди. Халқ орасида Одилбой номи билан машҳур бўлган Миродил Жалолов эса ўша йилнинг сентябрь ойида қамоққа олинганди.

Маълумотларга кўра, Zeromax тугатилганида унинг зиммасидаги қарз 6,1 млрд доллардан ортиқ бўлган. 6,1 млрд долларлик қарз билан таназзулга учраш – Швейцария тарихидаги иккинчи энг йирик банкротлик ҳолати демакдир.

1 млрд долларлик даъво

Financial Times ишга алоқадор ўнлаб ҳужжатлар, жумладан полиция хулосалари, корпоратив банк маълумотномалари, хизмат ёзишмалари, квитанциялар ва айни пайтда давом этаётган суд жараёнларидаги даъволар билан танишган. Бу маълумотлардан кўринишича, Ernst & Young'нинг Швейцариядаги бўлинмаси Zeromax'нинг 2005, 2006 ва 2007 йиллардаги молиявий ҳисоботларини “тоза” дея баҳолаган.

EY 2007 йилдан кейин яна уч йил, то Zeromax 2010 йилда банкротликка учрагунга қадар компаниянинг аудитори бўлиб қолган, бироқ сўнгги уч йиллик бўйича аудит хулосаларини чоп этмаган.

Ҳозирда эса Zeromax кредиторларидан бири – АҚШнинг Lion Point Capital ҳедж-фонди 1 млрд доллар зарар етказганликда айблаб EY'ни судга берган.

Сейфдаги қимматбаҳо тақинчоқлар

Фото: Getty Images

Financial Times'га кўра, Zeromax банкротликка учрагунга қадар бўлган бир неча йил давомида қилган кўплаб харажатларини “бизнесга оид чиқимлар” дейиш қийин.

Хусусан, 2006 ва 2007 йилларда компания люкс тоифадаги зеб-зийнатларга 13 млн доллардан ортиқ пул сарфлаган, шундан 2 млн доллари биргина Женевадаги Christian Dior дўконига тўғри келади.

2008 ва 2009 йилларда эса Zeromax қимматбаҳо тақинчоқларга 25 млн доллар сарфлаган, шундан 6 миллиони – Graff Diamonds'даги харидлардир.

Zeromax Гулнора Каримовага тегишли экани айтиб келинади, унинг ўзи эса бу иддаоларни мудом рад этган. Бироқ бу компания томонидан харид қилинган тақинчоқлардан энг камида бир нечтасидан Гулнора Каримова фойдаланганини кўрсатувчи ҳолат бор: 2016 йилда Швейцария полицияси суд ордерига асосан Женевадаги Lombard Odier банкида Каримова томонидан ижарага олинган сейфларни текширади. Сейфлардан ҳашамдор заргарлик буюмлари топилган, улар орасида 2,5 млн доллар турадиган Boucheron олмос узуги ҳам бўлган – бу узук учун тўловни Zeromax компанияси амалга оширган.

Financial Times танишган полиция ҳужжатларига кўра, тақинчоқнинг собиқ эгаси ўз кўрсатмасида тақинчоқларни Гулнора Каримованинг шахсан ўзи сотиб олгани, харид учун пулни эса Zeromax'га алоқадор банк ҳисобрақамидан тўлаб берганини айтган.

Офшорга ҳайдалган пуллар

FT мақоласига кўра, 2004–2007 йилларда Zeromax камида 288 млн доллар маблағни офшор компанияларга йўналтирган. Кўплаб ҳолатларда мазкур харажатлар ҳужжатларда умумий қилиб “консалтинг хизматлари” дея изоҳланган.

Кейслардан бири АҚШ ва Швецияда очилган жиноят ишларида жавобгарлар қаторида бўлган Takilant компаниясига бориб тақалади.

Унга кўра, 2006–2007 йилларда Zeromax Британиянинг Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган, тўлиқ ўзининг эгалигидаги Galat Enterprises шўба-корхонасига 180 млн доллар ўтказган. Galat Enterprises эса Гибралтарда рўйхатга олинган ва Каримова эгалик қилган Takilant компаниясига камида 5 млн доллар йўналтирган.

Zeromax, шунингдек, Merkony ва Belphil Capital номли офшор компанияларга ҳам камида 2 млн доллар пул ўтказган, бу икки компания эса, Швеция суди маълумотларига кўра, Takilant'га 33 млн доллар юборган.

Financial Times'нинг ёзишича, Ernst & Young аудиторлари камида битта ҳолатда Zeromax'нинг офшорга ноодатий пул ўтказмасидан хабардор бўлган. 2008 йилда EY'нинг юқори лавозимдаги вакили Zeromax раҳбариятига йўллаган хатида, Ystral номли компанияга 5,5 млн доллар ўтказилгани бўйича ҳужжатларда камчиликлар борлигини ёзган. Хатда мазкур пул ўтказмаси учун Швейцария солиқ органларини қаноатлантирувчи “бизнесга оид сабаб” бўлиши кераклиги таъкидланган.

“Айрим саволларимиз “нозик масалалар”га дахлдор бўлиши мумкинлигидан хабаримиз бор. Агар юқорида қайд этилган масалаларни муҳокама қилишни истасангиз (юзма-юз ёки телефон орқали), бизга хабар қилинг, биз учрашув ёки телефон қўнғироғини ташкил қиламиз”, – дея ёзган EY расмийси.

Zeromax раҳбарияти жавобида бизнесга оид сабабни “тушунтиришга ҳожат йўқ”лиги айтилади.

FT'нинг қайд этишича, Ernst & Young Zeromax аудитори бўлиб қолган, бироқ аудит хулосасини эълон қилмаган 2008 йилда компаниядаги молиявий ноаниқликлар кўлами ортган.

Нашр Ernst & Young компаниясининг Швейцариядаги бўлинмасига изоҳ сўраб мурожаат қилган.

“Ўзбекистондаги суд 2010 йилда қабул қилган қарорлар амалда Zeromax банкротликка учраши ва активларининг экспроприация қилинишига олиб келди. Бу масала айни пайтда давом этаётган суд жараёнида кўриб чиқилмоқда. EY'нинг Швейцариядаги бўлинмаси кишини ранжитадиган даъволарга қарши ўз позициясини мустаҳкам ҳимоя қилади. Бундан бошқа изоҳ бера олмаймиз”, – дейилади аудиторлик компанияси муносабатида.

Маълумот учун, Zeromax собиқ ижрочи директори Миродил Жалолов 2019 йил январда ДХХ тергов изоляторидан гаров пули эвазига озодликка чиққан эди.

Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримова Ўзбекистондаги иқтисодий жиноятлари учун 2015–2020 йилларда уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йил-у 4 ой қамоқ жазоси тайинланган. Қонунчиликка мувофиқ, жазо муддати 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисобланган.

Top