09:27 / 11.09.2021
7119

Қорақалпоғистон байроғида 12 юлдуз акс этган видео юзасидан расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқда Қорақалпоғистон Республикаси давлат байроғида 12 та юлдуз акс этган видео тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси давлат байроғи тўғрисидаги қонунга кўра, Қорақалпоғистон байроғида 5 та юлдуз бор.

Ушбу ҳолат юзасидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округи расмий маълумот берди. Маълум бўлишича, ҳолат 9 сентябрь куни Қўнғирот туманида содир бўлган. Тумандаги Мудофаа ишлари бўлими биносида 12 та юлдузи бор Қорақалпоғистон байроғи ўрнатилган.

Ҳарбий округи матбуот хизмати раҳбари Темур Нарзиевнинг айтишича, Қорақалпоғистон Республикаси давлат байроғи тўғрисидаги қонуннинг бузилиш ҳолати кузатилган.

Қўшимча қилинишича, айни пайтда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшини қўмондонлиги ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан хизмат суриштируви олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Тўрткўлда ИИБ ходимлари ака-укани калтаклагани айтилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда ёш тадбиркорни ИИБ ходимлари калтаклагани ҳақидаги хабарга изоҳ берилганди.

Top