Ўзбекистон | 18:35 / 24.09.2021
20101
6 дақиқада ўқилади

“Атиги 41 киши суҳбатга чақирилди” – Ўзбекистонликлар Тошкентдаги элчихонани грин-карта масаласида сусткашликда айбламоқда

Бир гуруҳ ўзбекистонликлар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси DV-2021 дастури ғолибларига виза беришда сусткашлик қилаётганидан шикоят қилишди. 16 сентябрдан буён атиги 41 киши суҳбатга чақирилган. Элчихона таҳририятнинг бу борадаги сўровига жавобан дастур ғолибларига виза бериш энг охирги ўриндаги масала эканини маълум қилди.

141 мамлакатдан 24 минг нафардан ортиқ одам, жумладан, 350 нафар ўзбекистонлик “Турли миллат вакиллари учун иммиграциявий виза дастури” (Diversity Immigrant Visa Program – AҚШ резиденти мақомини олиш ҳуқуқини берувчи визалар олиш дастури) ғолибларининг аризаларини кўриб чиқишдан бош тортаётгани сабабли АҚШ ҳукумати билан судлашаётгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди.

Судда даъвогарлар манфаатларини ҳимоя қилаётган америкалик адвокат Кёртис Моррисон ва ўзбекистонликлар ўртасида воситачилик қилаётган Ўткир Раҳматуллаевнинг айтишича, Колумбия округ судининг 9 сентябрдаги қарорида жавобгар [АҚШ Давлат департаменти] зиммасига 2021 йил 30 сентябрга қадар DV-2021 дастури ғолибларининг аризаларини экспресс режимида кўриб чиқиши, бунинг учун ўз вакиллари орқали виждонан ҳаракат қилиши кераклиги таъкидланганди.

Шунингдек, суд қарорида бошқа турдаги, яъни DV бўлмаган визалар бўйича аризаларини кўриб чиқишда 2020 йилнинг ноябрь ойида Давлат департаменти томонидан АҚШнинг хориждаги элчихоналари фаолиятига татбиқ этилган устуворлик сиёсатига таянмаслик ҳақида сўз боради. Яъни юқоридаги устуворлик принципи бўйича грин-карта лотереялари бўйича аризаларни кўриб чиқиш энг охирги ўринга қўйилган бўлиб, суд АҚШнинг хориждаги элчихоналари томонидан бу тамойилга амал қилмасликни, балки бу бўйича аризалар тезкорлик билан кўриб чиқилиши кераклигини ўз қарорида белгилаб қўйган.

Бироқ Kun.uz’га мурожаат қилган ватандошлар АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси суднинг ушбу қарорини ижро этмаётгани, гарчи сайт саволларига жавобан элчихона “Ўзбекистондаги “Турли миллат вакиллари учун иммиграциявий виза дастури”га бўлган қизиқишни эътироф этиши, қадрлаши ҳамда консуллик бўлими айни пайтдаги ва келгуси виза аризаларини кўриб чиқиш учун виждонан ҳаракат қилиши”ни таъкидлаган бўлса-да, амалда бу сўзларга тескари ҳаракат қилаётганини айтишмоқда.

“Суд ўз қарори билан бир виза талабномасидан иккинчисининг устун қўйилишини вақтинча бекор қилган бўлса-да, амалда бу сезилаётгани йўқ. Тўғри, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси 16 сентябрь куни ўзбекистонлик DV-2021 дастури ғолибларини виза суҳбатларига чақиришни бошлаганди. Биздаги маълумотларга кўра, шу куни 20та ариза бўйича жами 41 киши 28 сентябрь кунги суҳбатга чақирилган.

Бироқ негадир кейинги кунларда бу жараён тўхтаб қолган. Яъни 17 сентябрдан бери 41 кишидан бошқа ҳеч ким суҳбатга чақирилмади. Элчихона бу ҳаракати бўйича ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.

Бундан ташқари, 41 киши қандай тартиб асосида суҳбатга чақирилганини ҳам билмаймиз. Агар аризаларнинг тартиб рақами бўйича чақиришаётган бўлса, у ҳолда нима учун 2021EU293, 340, 577, 622, 792 ва 938 кейсларидан олдин 2021EU1029 кейс суҳбатга чақирилган?” – дейди Ўткир Раҳматуллаев.

Kun.uz ўрганишлар давомида юзага келган янги саволлар билан АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига такроран мурожаат қилди.

“АҚШдаги Миллий виза маркази элчихоналардаги DV талабгорлари орасидан виза суҳбатлари учун барча номзодларни танлаб олди. Америка Қўшма Штатларининг Тошкентдаги элчихонаси алоҳида ҳолатлар бўйича изоҳ бера олмайди. Биз яна бир марта таъкидламоқчимизки, консуллик бўлими COVID-19 пандемияси туфайли юзага келган чекловлар ресурслар етишмаётганига қарамасдан, DV дастури бўйича ҳозирги ва келгуси аризаларни кўриб чиқиш учун виждонан ҳаракат қилмоқда.

Элчихона иммиграцион визалар билан боғлиқ ишларни Давлат департаментининг устуворлик жадвалига мувофиқ кўриб чиқишни давом эттирмоқда. Ушбу жадвалга кўра DV визалари устуворлик бўйича энг қуйи ўриндадир”, – дейилади расмий жавобда.

Бироқ элчихона таҳририятнинг ўзбекистонлик DV-2021 дастури ғолиблари қайси тартиб асосида суҳбатга чақирилгани, виза суҳбатлари нима учун 28 сентябрга белгилангани, уларни аввалроқ, масалан, 20 сентябрдан бошлаб суҳбатга чақиришга нима тўсқинлик қилгани, жараён 16 сентябрдан кейин қайси сабабга кўра тўхтаб қолгани, ишлар бу қадар суст олиб борилса, 30 сентябргача яна неча киши суҳбатга чақирилиши мумкинлиги ҳақидаги саволларини “уларга ўтган сафар жавоб берилгани” ҳақидаги иддао билан жавобсиз қолдирди.

Kun.uz мухбири сўзлашган ўзбекистонликларнинг айтишича, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасидан фарқли ўлароқ Ригадаги элчихонаси томонидан виза суҳбатлари 6 кун ичида ташкиллаштирилмоқда. Ватандошларимиз эса бу кунни 12 кун кутишларига тўғри келяпти.

30 сентябргача аризаларни кўриб чиқиш муддати якунига етади. Шундан кейин грин-карта ғолибларининг имконияти куйиб кетади. Бу элчихонанинг Kun.uz’га тақдим этилган жавобида ҳам таъкидланган.

Ишлар бу қадар суст олиб борилса, 30 сентябргача яна неча киши суҳбатга чақирилиши номаълум. Худди шундай шароитда ишлаётган АҚШнинг Тбилисидаги элчихонаси DV-2021 ғолибларини 30 сентябрда ҳам суҳбатга чақирган. “Мана буни виждонан ишлаш деб айтиш мумкин”, демоқда Ўткир Раҳматуллаев.

Эслатиб ўтамиз, Колумбия округи суди томонидан DV-2020 дастури ғолибларига оид иш бўйича якуний қарор эълон қилиниши кутилмоқда. Даъвогарлар суддан АҚШ Давлат департаменти грин-карта визасини 2021 йил 30 сентябргача бермаган тақдирда DV-2021 дастури ғолиблари учун визаларни захиралашга мажбурлайдиган суд буйруғи чиқариб беришни сўрашмоқда. DV-2021 дастурида 2082 нафар ўзбекистонлик ғолиб чиққан.

Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид