23:29 / 04.11.2021
7897

"Олтин Ҳумо" танловига фильмлар танлаб олинди. 13 йўналишда даъвогарлик қилган “Илҳақ” "Энг яхши сценарий" номинациясида йўқ

Фото: "Илҳақ" филмидан кадр

Ўзбекистон Кинаорбоблари ижодий уюшмаси “Олтин Ҳумо” миллий кинотақдимотининг саралаш босқичи якунига етгани ҳақида хабар қилди. Саралаш комиссияси аъзолари томонидан танланган номзодлар номинациялар бўйича ғолиблик учун даъвогарлик қилишади.

Сараланган фильмлар "Олтин Ҳумо" миллий кинотақдимотида 2019 йилнинг 1 январидан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар (икки йил давомида) премьераси бўлиб ўтган киномаҳсулотлар орасидан танлаб олинган.

Маълумотларга кўра, бадиий фильмлар учун ажратилган жами 14 та номинациянинг 13 тасида – "Энг яхши компьютер графикаси", "Энг яхши овоз режиссёри", "Энг яхши грим рассоми", "Энг яхши монтаж иши", "Энг яхши либос бўйича рассом иши", "Энг яхши рассом иши", "Энг яхши кино бастакори", "Энг яхши операторлик иши" , "Энг яхши режиссёрлик иши", "Энг яхши аёл роли", "Энг яхши эркак роли", "Томошабин меҳрини қозонган фильм" номинацияларида “Илҳақ” бадиий фильми ғолибликка даъвогарлик қилган.

Бироқ энг муҳим номинациялардан бири бўлган"Энг яхши сценарий" даъвогарлари орасида "Илҳақ" йўқ.

“Илҳақ” бадиий фильми сценарийси ҳаммуаллифи Ҳасан Тошхўжаев Kun.uz мухбири билан суҳбатда бундай қарордан ҳайратда эканлигини билдирди:

– Биз ўқиган даргоҳларда фильм муваффақияти учун сценарий жуда муҳимлигини уқтиришган. Кино оламида бир гап бор – катта-катта кинотанқидчи ва киноталқинчиларнинг фикрига кўра, ҳар қандай фильмнинг замирида учта фактор – сценарий, сценарий ва яна сценарий ётади. Бироқ 13 та номинацияда 5 та кучлилар қаторида бўлган "Илҳақ" "Энг яхши сценарий"да лоақал бешинчи ўринга ҳам лойиқ кўрилмагани мени таажжубга солди.

Албатта, ҳаммуаллиф бўлганим учунгина хафа бўлаётганим йўқ. Лекин сценарийси бўш бўлган фильм қандай қилиб 13 та номинацияда даъвогарлик қилиши мумкин?

Уюшма раиси Матёқуб Матчоновдан бу масала бўйича изоҳ олдик:

– Бир жиҳатни таъкидлашим керак – уюшмамиз бу танлов ташкилотчиси бўлсада, саралашда иштирок этмаган. Бошқарув кенгашимиз томонидан тузилган комиссия аъзолари мустақил иш олиб борганлар ва ҳеч ким уларнинг ишига аралашмаган. Энди шахсий фикримни айтсам – “Илҳақ” бадиий фильми жуда кўп номинацияларда даъвогар бўлиб турибди. Биттагина номинацияга кирмай қолгани фильм қадрини туширмайди.

Сизга “Илҳақ” фильми бўйича бир янгилик айтишим мумкин. Беларусда ўтказиладиган “Листопад” танлови шорт-листига шу бадиий фильм ҳам киритилган. Бу ҳар фильм ижодкорларига, умуман ўзбек киносига берилган ўзига хос эътироф, дейишимиз мумкин.

Уюшма каналида берилган маълумотларга кўра "Олтин Ҳумо" миллий кинотақдимоти саралаш комиссияси аъзолари таркиби қуйидаги мутахассислардан иборат:

1. Исамат Эргашев – саралаш комиссияси раиси, кинорежиссёр, актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими;

2. Шуҳрат Маҳмудов – кинорежиссёр, Давлат мукофати совриндори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби;

3. Бахтиёр Назаров – рассом, доцент, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби;

4. Ойбек Копадзе – киношунос, санъатшунослик фанлари доктори;

5. Мавзур Маҳмудов – режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими;

6. Бахтиёр Якубов – киношунос, санъатшунослик фанлари доктори (РНD).

Top