17:26 / 17.11.2021
8962

Жиззах нефть базаси мансабдорларига оид жиноят иши судга оширилди

Жиззах нефть базасида аниқланган камомаднинг ўртача қиймати 146 млрд сўмни ташкил этганди.

Иллюстратив фото / Энергетика вазирлиги

«Ўзбекнефтгаз» АЖ аниқлаган ҳолатга кўра, Жиззах нефть базасида АИ-80 автобензиндан 4,2 минг тонна, АИ-91 автобензиндан 61 тонна ва Эко дизел ёнилғисидан 13,1 минг тонна бўлган, ўртача қиймати 146 млрд сўмни ташкил этувчи камомад аниқланган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов берган хабарга кўра, мазкур ҳолат бўйича «Жиззах нефть базаси» МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши 27 сентябрь куни айблов хулосаси билан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Хабарда ишнинг бошқа тафсилотлари, шу жумладан, айбланувчилар сони, уларга нисбатан эълон қилинган айблов мазмуни (ЖК моддалари) танланган эҳтиёт чораси, тергов органи аниқлаган жами зарар суммаси ва унинг ундирилгани каби маълумотлар очиқланмаган.

Аввалроқ, 19 млрд сўмлик бензин маҳсулотлари талон-торож қилинган Андижон нефть базаси иши судга оширилгани хабар берилганди.

Маълумот учун, Жиззах, Бухоро ва Андижон вилоятларида жами 185 миллиард сўм миқдоридаги нефть маҳсулотлари талон-торож қилинган.

Бухоро нефть базасидаги 20,7 млрд сўмлик талон-торожлик ҳолатлари ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.

Top