Ўзбекистон | 22:02 / 20.01.2022
93421
2 дақиқада ўқилади

Расман: Талабалар ҳам онлайн ўқийди

Олий таълим вазирлиги таътилдан кейин дарслар онлайн бўлиши ҳақида расман хабар берди. Чипталар чегирмалар сақланиб қолган ҳолда бошқа муддатларга алмаштириб берилади.

Халқ таълими вазирлиги ортидан Олий таълим вазирлиги ҳам 24 январь кунидан таълим муассасаларида ўқишлар масофадан олиб борилиши ҳақида расман маълум қилди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифига асосан коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиши юқорилигини эътиборга олган ҳолда барча олий (давлат, нодавлат, хусусий ҳамда хорижий филиаллар) ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейларда (барча таълим шакллари ва турлари бўйича) жорий йилнинг 24 январидан бошлаб, бир ой муддат давомида таълим олиш тизими масофавий (онлайн) шаклда олиб борилади.

Бунда тажрибадан келиб чиққан ҳолда онлайн таълим жараёни сифатли тарзда ташкил этилиб, барча зарур ресурслар сафарбар этилади», дейилади вазирлик хабарида. 

Қўшимча қилинишича, темир йўл чипталари учун 50 фоиз чегирмалар сақлаб қолинади ва 24 февралга қадар авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда бошқа муддатга алмаштириб берилади.

Мазкур масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида вазирликда Махсус штаб ташкил этилган бўлиб, 21 январь соат 9:30 дан барча ташкилий масалалар юзасидан қуйидаги ишонч телефонларига (10-06, 71-246-97-45, 71-246-28-63) мурожаат қилиш мумкин.

«Шу ўринда бугунги мураккаб вазиятдан чиқиб кетишнинг ягона йўли бу вакцинация, шу боис сизлардан ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини ҳимоя қилиш учун вакцинация жараёнларида фаол қатнашишингизни сўраб қоламиз.

Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, сиздан йўл чипталарини алмаштиришни бир ойлик муддат давомида қайтиш санаси аниқ бўлгандан кейин шошмасдан амалга оширишингизни сўраймиз!» дея қайд этилган хабарда.

Бундан олдинроқ Халқ таълими вазирлиги 24 январдан бошлаб мактаблар бир ой давомида онлайн шаклда фаолият олиб боришини маълум қилганди.

Мавзуга оид