07:46 / 01.02.2022
10200

Айиқ қафасига ташлаб юборилган қизча ва унинг акасига Тошкент ҳайвонот боғига бир умр бепул кириш имконияти берилди

Тошкент ҳайвонот боғи айиқ қафасига ташлаб юборилган қизча ва унинг акаси учун боғга бир умр бепул кириш имкониятини тақдим этди. Бу ҳақда боғ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

Қайд этилишича, касалхонага олиб келиниши билан қизча Болалар жароҳатлари хирургияси ва нейрохирургияси бўлимига жойланган ва у ерда тинимсиз шифокорлар назорати остида бўлди. У ерда бир кунини ўтказган 3 ёшли қизча интенсив терапия хонасига ўтказилди.

«Айни дамда қизалоқ интенсив терапия хонасида ва унинг ҳолати турғун деб баҳоланмоқда. Динамикада назорат кўриги ўтказилди. Қизалоқ келажакда ушбу ҳодиса асоратларидан азият чекмаслиги учун биз бор имкониятларни ишга соляпмиз», – деди даволовчи шифокор ва тиббиёт фанлари номзоди Собир Насимов.

«Қизалоқнинг кайфияти яхши, у ҳамшираларга шеърлар айтиб, уларнинг кўнглини кўтармоқда, биз эса, ўз навбатида, уни совғалар билан қувонтирдик. Қўшимча равишда, қизалоқ ва унинг акасига Тошкент ҳайвонот боғига бир умр бепул кириш имкониятини таъминлашга қарор қилдик», дейилади Тошкент ҳайвонот боғи хабарида.

Аввалроқ, Тошкент ҳайвонот боғида аёл киши уч ёшли қизчасини айиқ қафасига ташлаб юборгани акс этган видео тарқалганди. Унда бола эҳтиётсизлик оқибатида эмас, чиндан ҳам қасддан йиртқич ҳайвон сақланадиган жойга ташлаб юборилгани, ҳайвонот боғини айланиб юрган одамлар аёлни бу ишдан қайтаришга урингани, аммо улар ёрдамга кеч қолгани кўринади.

Top