Жамият | 20:00 / 09.02.2022
10484
4 дақиқада ўқилади

СамДТИ Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда олис ҳудудларда мунтазам тиббий кўрик ташкил қилмоқда

Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари маҳаллаларда аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида Нуробод, Ургут туманларига боришди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Нуробод ва Ургут туманларининг бир қанча маҳаллаларида аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Бемор ва кексаларнинг уйларига бориб, тиббий кўрик ташкил қилинди. Маҳалла вакиллари малакали шифокорлардан жарроҳ, онколог, акушер-гинеколог, эндокринолог, офтальмолог, терапевт ва невропатологлардан керакли тавсиялар олишди. Мутахассисларнинг тавсияларини сифатли ҳамда тезкор ташкил қилиш мақсадида ҳудудларнинг ўзида лаборатория текширувлари ўтказилди.

Институт ва марказ мутахассислари аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш билан бир вақтда юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш ва чора-тадбирлар тўғрисида суҳбат ўтказдилар. Соғлом овқатланиш қоидалари, шу билан бир қаторда жисмоний фаолликни ошириш борасида керакли тавсиялар берилди.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати
Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Самарқанд давлат тиббиёт институти юқори курс талабалари, магистр ва клиник ординаторлари Ургут туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари билан бирга аҳоли саломатлигини таъминлаш, сифатли тиббий кўрикни маҳаллалар кесимида олиб бориш ҳақида аҳоли билан давра суҳбати ўтказдилар.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

“Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад, давлат раҳбарининг тиббиёт соҳаси вакиллари билан учрашувдаги топшириқлари ва кўрсатмаларини жойларда амалга ошириш ва аҳоли саломатлигини яхшилашдан иборатдир. Шу билан бирга жорий йилнинг 26 январ куни Президент томонидан имзоланган “Эндокринология хизматини янада такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор моҳиятини барча тиббиёт ходимларига етказиш асосий йўналишларимиздан бири ҳисобланади. Уч кун давомида Қўшработ, Пайариқ, Оқдарё, Иштихон, Паст Дарғом туманларидаги тиббиёт муассасалари ходимларидан кўплаб таклифлар олинди”, дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Самарқанд филиали бош врачи Гулзода Негматова.

Фото: Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Ургут туманидаги 69 та оилавий врачлик пунктига бириктирилган аҳолини ҳозирда қийнаётган масалалар юзасидан мурожаатлари ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди. Шунингдек, эндокринология хизматини янада такомиллаштиришга оид қарорда кўзда тутилган вазифа ва топшириқлар, соғлиқни сақлашнинг биринчи бўғинида эндокрин касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва асоратларининг олдини олишда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ишлаб чиқилган алгоритмларни қўллашнинг самарадорлиги ва қулайлиги ҳақида марказ ходимлари тушунтириш ишлари олиб боришди.

Эндиликда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази билан биргаликда туман тиббиёт бирлашмаларидаги “Профилактика мактаблари”да беморлар ва уларнинг оила аъзоларига эндокрин касалликни бошқариш усуллари ҳамда касаллик билан бирга яшаш тарзи ўргатилади. Қандли диабетга чалинган беморларнинг замонавий назорати (онлайн регистр) тизимини жорий этиш орқали ҳар бир бемор ҳолатининг мониторинги юритилади. Патронаж ҳамширалар ва оилавий шифокорлар учун эндокрин касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис ва даволаш бўйича икки ҳафталик, эндокринолог шифокорларни қайта тайёрлаш учун уч ярим ойлик ўқув курслари ташкил этилади. 40 ёшдан ошган аҳоли ҳар йили қандли диабет ва диабетолди ҳолатлари учун мақсадли скринингдан ўтказилади. Бунинг учун тиббиёт бригадалари зарур глюкометр ва бир марталик тест япроқчалари ҳамда игналари билан таъминланмоқда.

Энг муҳими, аҳолига соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш ҳамда жисмоний фаоллик ҳар қандай касаллик, жумладан, эндокрин касалликларнинг олдини олишнинг асосий шарти экани мутахассислар томонидан аҳолига тушунтирилмоқда.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати

Мавзуга оид