Ўзбекистон | 10:21 / 09.02.2022
6157
1 дақиқада ўқилади

ССВ эмланишга чақирмоқда: Зангиотада ўлим ҳолатлари эмланмаганлар орасида қайд этилган

Январь ойида Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига мурожаат қилган беморларнинг 96 фоизи коронавирусга қарши вакцина олмаган.

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзбекистонликларни коронавирусга қарши ўз вақтида эмланишга чақирди ва вакцина олмай, касалликка чалиниб, шифохонага ётган беморлар орасида ўлим ҳолатлари кузатилаётганидан огоҳлантирди. 

«Шу йилнинг январь ойида Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига жами 8601 нафар бемор мурожаат қилган бўлиб, улардан 6856 нафарини катталар, 811 нафарини ҳомиладор аёллар, 934 нафарини эса болалар ташкил этди.

Афсуски, ушбу беморларнинг 8243 нафари коронавирусга қарши вакцина олмаган. Касалланганларнинг бор-йўғи 358 нафари, яъни 4,1 фоизи ковидга қарши эмланган, холос. Уларнинг орасида ўлим ҳолати қайд этилмаган.

Аксинча, вакцина олмаган беморларда касаллик оғир ва ўта оғир даражада кечиб, ҳатто ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор юртдошларимизни ўз саломатлигига эътиборли бўлиб, коронавирусга қарши вакцина олишга ҳамда бустер доза билан эмланишга чақиради», дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид