17:04 / 07.03.2022
52195

Ўзбекистонга қанча миқдорда валюта олиб кириш ва олиб чиқиш мумкин?

Амалдаги қонунчиликка кўра, жисмоний шахсларга божхона назорати қоидаларига риоя қилган ҳолда нақд валюта маблағларини Ўзбекистонга чекланмаган миқдорда олиб киришга, эквивалентда 100 млн сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдор доирасида олиб чиқиб кетишга рухсат берилган.

Фото: Getty Images

Тошкент халқаро аэропортида божхоначилар томонидан 300 минг доллардан зиёд нақд хорижий валютани дафтар варақлари орасига ва кийимларига яшириб, олиб чиқишга уринган 2 нафар шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилди. Аввалроқ эса, 286 минг доллардан ортиқ пулни егуликлар орасига яшириб, божхонадан олиб ўтишга уринган шахслар тўхтатиб қолинганди. Ушбу ҳолатлар кўпчиликда турли саволларни келтириб чиқариши табиий. Сабаби, фуқароларнинг катта қисми валюта олиб чиқишга доир тартиблар ҳақида тўлиқ маълумотларга эга эмас. Хўш, Ўзбекистон ҳудудига қанча миқдорда валюта олиб кириш ва олиб чиқиш кетиш мумкин?

Нақд хорижий валютани Ўзбекистонга олиб кириш қандай тартибда амалга оширилади?

Ҳозирда жисмоний шахслар Ўзбекистон ҳудудига чекланмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб киришлари мумкин. Аммо бу маълум тартибларда амалга оширилади. Агар олиб кирилаётган нақд хорижий валютанинг жами суммаси 70 млн сўм эквивалентидан ошса, буни йўловчи божхона декларациясида кўрсатиши шарт, нақд хорижий валюта 70 млн сўм эквивалентидан кам бўлган ҳолатда эса, оғзаки декларациялаш орқали олиб ўтилиши мумкин.

Мабодо Ўзбекистонга олиб кирилаётган нақд хорижий валюта 70 млн сўмдан кўп бўлса ва декларациялаш тартибидан ўтказилмаган тақдирда, бу ҳолат қонунбузарлик ҳисобланади. Бундай вазиятда жами валюта маблағлари расмийлаштирилиб, олиб қўйилади ва тегишлилигига кўра, маъмурий ёки жиноий иш материаллари юритилади. Нақд валюта маблағларининг кейинги тақдири суд қарори билан ҳал этилади. 

Бугунги кунда Ўзбекистондан қанча миқдорда нақд хорижий валютани олиб чиқиш мумкин?

Жисмоний шахсларга эквивалентда 100 млн сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган нақд валюта маблағларини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетишга рухсат берилган.

Бу ерда эътибор берилиши шарт бўлган айрим жиҳатлар бор:

70 млн сўмга тенг, яъни шу суммадан ошмаган нақд хорижий валютани ёзма божхона декларацияда кўрсатмасдан, оғзаки декларациялаш орқали олиб чиқишга рухсат берилади.

70 млн сўмдан 100 млн сўмгача эквивалентдаги нақд хорижий валютани эса божхона декларациясида кўрсатилган ҳолда олиб чиқиш шарт.

Қуйидаги ҳолатларда 100 млн сўм эквивалентидан кўп бўлган нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат берилади:

  • резидентлар – хорижий давлатларга хизмат сафарига кетаётган ҳукумат делегацияси аъзолари учун Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши асосида;
  • норезидентлар – республикага кириш чоғида расмийлаштирилган йўловчи божхона декларацияси асосида декларация қилинган маблағлар доирасида (мисол учун, хорижий фуқаро Ўзбекистонга кириш чоғида 15 минг АҚШ долларини олиб кирган бўлса, бу ерда қанчадир маблағини сарфлагач, қолган қисми 100 млн сўмдан ортиқ бўлса-да, олиб чиқиб кета олади), шунингдек, республикада белгиланган тартибда ташкил қилинган халқаро мусобақалар (танловлар, олимпиадалар) совриндорлари ёки қатнашчилари томонидан маблағларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида.

Бу ерда яна бир жиҳатга эътибор қаратиш жуда ҳам муҳим: 100 млн сўм эквивалентидан ортиқ нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат фақатгина норезидентларга татбиқ этилади. Резидентларга, яъни Ўзбекистон фуқароларига, қанча миқдорда нақд хорижий валютани олиб кирганларидан қатъи назар ( масалан, 50 минг АҚШ доллари), 100 млн сўмдан ошмаган миқдорда нақд хорижий валютани олиб чиқишга рухсат этилган.

Маълумот учун, юридик шахслар томонидан нақд сўмни ва чет эл нақд валютасини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланади, бундан республикадаги банклар мустасно.

Top